Танаффусдан кейин: А Серия 9-тур превьюси

Omonjon To`xtamirzayev
21 окт 2023
Бугун терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келган танаффусдан кейин Италия чемпионатининг 9-тур учрашувлари старт олади.

Турни амалдаги чемпион "Наполи"нинг сафарда "Верона"га қарши беллашуви очиб беради. Эътиборингизга турнинг энг қизиқарли бўлиши кутилаётган ўйинларига тайёрланган превьюни тақдим этамиз.


"Верона" - "Наполи"

Ҳамон ўйинда Хейн ва Дойгнинг иштироки сўроқ остида қолмоқда, Хрустич, Кабаль, Браф ва Давидович эса жамоага ёрдам бера олмаслиги аниқ. Ҳужумда Марко Барони Журич ва Бонаццолидан бирини танлаши зарур. 

Руди Гарсия учун Осимхен ва Ангуссанинг жароҳати жиддий бош оғриқ бўлиши аниқ. Шундай экан ҳужумда Симеоне ва орқароқдан Политано ҳамда Кварацхелия ҳаракат қилади. Лекин Ррахмани сафга қайтган ва у ҳимоя марказида Натан билан тандемда ҳаракат қилади.

Ушбу жамоаларнинг охирги тўқнашувида жамоалар ҳисобни оча олишмаганди. Ҳозир фаворит яна "Наполи". Жароҳатлар ва бошқа муаммоларга ҳамда "Верона"нинг қаршилигига қарамай, "Наполи" ғалабали йўлга қайтиб олади деб ўйлаймиз.


"Торино" - "Интер"

Сапатанинг жароҳати Юрич учун ўта ёқимсиз янгилик бўлгани турган гап, шундай экан ҳужумда Санабрия майдонга тушади. Унга Пеллегри ёрдамлашади. Яхши янгиликлардан Сазонов ва Беллановани айтиб ўтиш мумкин. Шунинг учун Тамез марказга қайтади. 

Куадрадо ҳали ҳам жароҳати билан банд. Арнаутович ҳам лазаретда. Шунингдек, Барелланинг ўрнини Фраттези эгаллайди. Ҳужумда эса Лаутаро-Тюрам жуфтлигидан бошқа вариант йўқдек.

"Интер" ўтган сафар 1-0 ҳисобида зафар қучган. Ҳозир ҳам айнан "нерадзурри" фаворит сифатида кўрилмоқда. Жамоалар даражаси ўртасида сезиларли фарқ бор, юзага келган танаффусда эса Инзаги камчиликлар устида ишлаши мумкин эди ва "Интер" "буқалар" қаршилигини енга олади.


"Салернитана" - "Кальяри"

Табиийки, янги мураббий Филиппо Инзаги маълум ўзгаришларга қўл уради. Қўшимчасига, таркибнинг деярли барча аъзоси соғлом ва сафда. Бу борада фақатгина Фацио ва Фьорилонинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Ҳужумда Диа ва Кабралга ишонч билдирилади. Рог, Лападулла ва Манкозу ҳали ҳам жароҳатини даволаш билан банд. Лувумба ва Доссена сафга қайтган, бироқ уларни асосий таркибда кўрмасак керак. Ҳужумда катта эҳтимол билан Ористанони кўрамиз, унга Петанья ёки Шомуродов ёрдамлашади.

Жамоаларнинг аввалги баҳси 1-1 ҳисобидаги дуранг билан якунланган. Ҳозирча, қоғозда, фаворит — "Салернитана". Барча факторлардан ташқари, Филиппо Инзаги ғалаба билан дебют қилишга уриниши турган гап. Мураббий алмашгани футболчиларга ҳам таъсир кўрсатиши турган гап. Аммо "Кальяри" осонликча таслим бўлмайди ва мезбонлар уч очкони қўлга киритиш учун анча тер тўкишларига тўғри келади.


"Милан" - "Ювентус"

Пиоли таркиб борасида жиддий муаммоларга дуч келган. Крунич, Тео, Меньян, Бенассер ва Чуквуезе ушбу баҳсда иштирок эта олмаслиги аниқ бўлиб улгурган. Калулу ва Лофтус-Чик ҳам жамоадошларига ёрдам бера олмаслиги мумкин. Миланликлар бахтига ҳужумда Леао ва Жиру жуфтлиги бор. 

Ҳа, Аллегрида ҳам муаммолар етарли. Қўшимчасига Данило жароҳатланган ва унинг ўрнини ким эгаллашини ёки тактикани алиштириш борасида бош қотириш зарур. Яхши янгиликлардан Влахович сафга қайтди. Агарда Аллегри 4-4-2 схемасидан фойдаланишга қарор қилса, ҳужумда айнан сербиялик футболчи Милик билан жуфтликда ҳаракат қилади.

Жамоаларнинг аввалги тўқнашувида 2-2 ҳисоби қайд этилганди, аммо у ўйин ўртоқлик мақомида кечганди. Ҳозир эса ўртада уч очко турибди. "Милан" имкониятлари бироз яхшироқ деб баҳоланмоқда, лекин назаримизда, "Ювентус" "россонери"нинг муаммоларидан унумли фойдалана олиши ҳеч гап эмас. Қатор етакчиларисиз "Милан"га осон бўлмаслиги аниқ.


Сергей Румянцев 

Нозима Тўхтамирзаева таржимаси


Omonjon To`xtamirzayevМуаллиф
Манба: championat.asia