Таҳлил. Бугун Фарғонада "Нефтчи" эмас Левченко ютқазди, Зейтуллаевга 5 баҳо
02 авг 21:43
Янгиликлар


Таҳлил. Бугун Фарғонада "Нефтчи" эмас Левченко ютқазди, Зейтуллаевга 5 баҳо
Стадионга борганлар икки ҳисса завқлангани аниқ. Айниқса нейтрал мухлислар учун кўришли тўқнашув гувоҳига айландик.
Ўйиндан олдинги ўйлар
"Нефтчи"нинг ёзда таркибини кучайтиргани-ю, "Бунёдкор" ярим ҳимоясининг Ҳамробеков ҳисобига кучсизлангани каби ўйлар мезбонларнинг устунлигига шама қилаётгандек эди. Тўғри-да, қўл остингизда Нимели, Кожо, Марушич, Одилов каби ижрочилар бўлади-ю, сиз нимани ўйлайсиз? "Бунёдкор"да барчаси жойида эканлиги, ўйини бир маромида, шаклланганлиги сир эмасди. Ҳамма гап икки мураббийнинг қўл остидаги шогирдларидан қай тариқа фойдалана олишида эди.
Биринчи бўлим таассуротлари
Виталий Левченкодан бугун ўзига ҳос бўлмаган тактик юриш кўрдик. "Нефтчи" устози бир йўла 3 та ҳужумчини асосий таркибда майдонга ташлади. Одатда Левченко 5-3-2 ёки 5-2-2-1 тактик схемасидан фойдаланади. Бугун эса ҳужумкорликка урғу қаратилди, 4-3-3. Одилов ва Кожо қанотлардан ўрин олди, Нимели соф ҳужумчи вазифасини бажарди. Лекин бу фақат биринчи бўлим учун танланган режа эди. Иккинчи бўлимда ҳам шу темп ва тактик юришни давом эттириш талаб этиларди. "Нефтчи"да эса акси кузатилди, 60-70 дақиқалардан сўнг навбатдаги режага ўтиш ўхшагани йўқ.
1. Ботирали Эргашев, 21. Муҳсинжон Убайдуллаев, 23. Йован Жокич, 4. Боян Цигер, 6. Иброҳимҳалил Йўлдошев, 7. Аброр Исмоилов, 5. Икром Алибоев, 10. Жамшид Искандеров, 22. Алишер Одилов, 70. Сильванус Нимели, 9. Жоэль Кожо
Илёс Зейтуллаев Ҳамробековнинг ўрнини Асад Раҳимжонов билан тўлдирди. Захирадан Раҳимжонов ўрнига Тўлқинбеков тушди ва бурилиш ясади. Таркиб рақиб ва меҳмондан келиб чиқиб бироз ҳимояга мослашди. Носир Абдусаломов ёзги йиғинни клуб билан эмас терма жамоа билан ўтказди. У кейинги ўйинларда ўз жойига қайтади. Бугун захирадан ўйинни кучайтиришга эришди.
Темур Тўхтасинов ҳақ эдими?
Устунлик тўлиқ "Нефтчи" томонида. Фарғоналиклар "Бунёдкор" дарвозасига 18 та зарба йўллашди, шундан 6 таси аниқ борди. Тўп назоратида 67 фоиз эгалик. Бурчак зарбалари 7 тани ташкил қилди. Узатмалар майдон эгаларида 189 (156 аниқ), меҳмонларда 160 (133 аниқ) лекин аниқлик фоизи жиҳатдан икки жамоа ҳам тенг ҳаракат қилди, 83 фоиз. "Қалдирғочлар" 12 маротаба рақибидан тўпни олиб қўйишга эришди. Биринчи бўлим қаҳрамони "Бунёдкор" посбони Абдумавлон Абдужалилов бўлди. Қолаверса, ҳимоячилар ҳам ҳақиқий қалқон вазифасини бажарди. Ҳужумларга туриб бера олишди. Фақат бу яна қанча вақт давом этиши қизиқ эди. Жисмоний томондан муаммо йўқ. Бу йил "Бунёдкор" биргина "Қўқон-1912"дан ташқари бошқа ўйинларда жисмоний томонлама ютқазмади.
Иброҳимҳалил Йўлдошевнинг тезкорлиги ва техникаси ҳисобига ҳужумлар унинг қанотидан бўлди. Бунинг фонида Кожо позициясида ёлғизланиб қолди, агарда нариги қанотда ҳам Иброҳимҳалилга ўхшаган футболчи бўлганида ранг-баранглик ортарди.
Темур Тўхтасинов биринчи давранинг энг яхши ҳаками деб топилганди. Убайдуллаев бу ерда "Бунёдкор" футболчисига қарши яққол қўполлик билан тўхтатиб қолмоқчи бўлди. Бутсанинг тиши билан оёқнинг таянч нуқтасига зарба берилди. Бунда футболчи табиийки мувозанатни йўқотди. "Бунёдкор" қарши ҳужумда яхши вазиятга чиқиб бораётганди. Ҳакам ВАР мониторида ҳам вазиятни такрор кўргач қарорини ўзгартирмади. Экспертлар нима дейди кўрамиз.
Иккинчи бўлимда нималар бўлди?
"Бунёдкор" қарши ҳужумга ўтиб кетаётган "Нефтчи"ни марказда тўхтата олди. Бу вазиятда 20 ёшли Наримонжон Аҳмаджонов фаоллик билан Шролерга тўпни етказиб берди. Унинг зарбаси қийшиқ йўналиш ҳосил қилиб Ботирали Эргашев дарвозасидан жой олди. Шролерда олдин ҳам шундай ностандарт қарорлар кўрганман. Ҳаракатлари ўтган йилги Филиповични эслатиб юборяпти. Орадан кўп ўтмай "Нефтчи" ҳимоячиси Цигер Кожонинг юқоридан узатмасини боши билан голга айлантирди. "Нефтчи"нинг ҳаракатлари самара келтирмаётган, Левченко вазиятдан қандай чиқиб кетиши қизиқ эди. Фарғоналиклар устози Нимелини олгач "Бунёдкор" жарима майдончаси ичидаги шовқин камайди, Кожонинг олиниши эса "Бунёдкор" футболчиларига енгил нафас олиш имконини берди, чунки орқада хавф анча камайганди. Зоран Марушичда деярли вазият бўлмади. Тошмирзаевга эса имконият қолдирилмади. Иброҳимҳалил охирида чарчаб қолди. Илёс Зейтуллаев охирги дақиқаларда Темурхўжа Абдухолиқовни ҳам алмаштириб ташлади. Афтидан "Бунёдкор" дурангни ўйлаётгандек таассурот қолдирганди. Лекин захирадан тушганлар бурилиш ясай олди. Тўлқинбеков, Абдусаломов, Абдунабиев якун 2:1 "қалдирғочлар" ғалабаси.
Бугун тактик курашда, ўйинни ўқий олишда Зейтуллаев Левченкони мағлуб этди. Бу Зейтуллаевнинг ғалабаси, бу Левченконинг мағлубияти. Ҳа, айнан бугун "Нефтчи" устози ютқазди.
Фактлар
"Нефтчи" бу йил ҳисобидан иккинчи мағлубиятини яна Фарғонада қабул қилиб олди. Иккисида ҳам Тошкент жамоалари "Пахтакор" ва "Бунёдкор" "Истиқлол" стадиондан 3 очко билан қайтишни уддасидан чиқди.
"Бунёдкор" жорий мавсумда меҳмонда мағлубиятга учраётгани йўқ. Илёс Зейтуллаев шогирдлари меҳмон мақомида ўтказган 8 та учрашувда 5 ғалаба, 3 дуранг қайд этган.
Фарғоналиклар иккита даврада ҳам "Бунёдкор"ни енга олмади. Мавсумнинг дастлабки қисмида Тошкентда жамоалар 2:2 ҳисобидаги дурангга имзоч чеккан бўлса, бугун "қалдирғочлар" навбатдаги 3 очкони ўзиники қилди.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар