Шри-Ланка бош мураббийи: "Муаммоларимиз етарлича, бироқ буларни баҳона қилмоқчи эмасман"

Sherzod Nurmatov
14 июн 2022
Осиё Кубоги-2023 ҳал қилувчи саралаш босқичининг 3-туридан ўрин олган Мальдив ороллари – Шри-Ланка (1:0) учрашувидан сўнг Шри-Ланка бош мураббийи Ҳассан Руми фикрлари билан ўртоқлашди.

"Учрашув қийин руҳда ўтди. Жамоа сардори, энг яхши дарвозабонимиздан айрилганмиз ёмон бўлди. У дисквалификацияга учради. Мальдив ороллари жамоасида легионер футболчилар кўпчиликни ташкил этади, бизда эса атиги бир нафар хориждан тўп тепадиган ўйинчи мавжуд. Қолаверса, мамлакатда кузатилаётган иқтисодий муаммолар ҳам мағлубиятимизга сабаблардан бири бўлди. Бироқ буларни баҳона қилмоқчи эмасман", – деди мураббий.

- Муваффақиятсиз натижалардан сўнг мураббийлик ишингизни қандай баҳолайсиз?

- Албатта, бундан қониқмайман. Таркибни тўлиқ шакллантиришда муаммолар юзага келди. Эндиликда жароҳатланган футболчиларларни сафга қайтариб, ўз ишимизда давом этамиз. 

- Турнир давомида қайси жамоа сизда яхши таассурот қолдирди?

- Албатта, Ўзбекистоннинг ўйинини юқори баҳолайман. Улар кучли таркибга эга.

- Ташкилотчилик ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ўзбекистонда бизга ёрдамини аямаган барча-барчага раҳмат айтаман. Барча ишлар яхши даражада ташкиллаштирилди. Қолаверса, ОАВ ҳам мусобақани фаол тарзда ёритиб борди.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: championat.asia