Сергей Арсланов: "Наманганда ўйнаш жуда қийин, чунки мухлислар босимини ҳис этасиз"
15 май 2023 00:28
Янгиликлар
Сергей Арсланов: "Наманганда ўйнаш жуда қийин, чунки мухлислар босимини ҳис этасиз"
- Ўйин ҳақида
- Ҳаммага хайрли кеч. Қисқача айтадиган бўлсак, ҳаммаси яхши ва шу билан бирга, ёмон бўлди. Яхши деганда, йигитларимиз охиригача курашишганини ажратиб кўрсатмоқчиман. "Навбаҳор" яхши шаклланган жамоа эканлигини барчамиз биламиз. Бундан ташқари, бу ерда футболни севишади, мухлислар астойдил жамоани қўллаб-қувватлаб туришади. Футболчиларимиз ҳаракат қилишди, шунга қарамай, пенальтидан урилган гол бутун ўйин тақдирини ҳал этди. Ёмон, яъни салбий жиҳат деганда, қониқарсиз натижани назарда тутяпман. Биз доим ўз олдимизга юқори мақсадларни қўямиз. Афсуски, бугун қимматли очколарни қўлга киритиш насиб қилмади. "Навбаҳор" жамоаси ва унинг мухлисларини ғалаба билан табриклайман.
- "Навбаҳор"нинг ўйинлари борасида қандай фикрдасиз?
- Биз "Навбаҳор" тарихини яхши биламиз. 1996-йил чемпион бўлганида юлдузли таркибга эга эди. Ҳозир раҳбарият ва мураббийлар штаби шу чемпионликни қайтаришга уринишмоқда. "Навбаҳор" кучли мураббийлар штабига эга, Самвел Бабаянни яхши менежер сифатида биламиз. Жамоада кўплаб тажрибали ва индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар йиғилган. Жамоа ўйинини тўлиқ ўрганиб чиққандик, ўйинни қанот орқали қуришини, тезкор футболчиларга эгалигини инобатга олгандик. Бугун қаршилик кўрсатиш қийин бўлди. Биринчи бўлимда жуда қийналдик, иккинчи таймда эса ўйинда бурилиш ҳосил қилдик. "Сурхон" футболчиларига ҳеч қандай эътироз йўқ. Мухлисларимизга ҳам катта раҳмат, уларга самимий миннатдорлик билдираман.
- "Навбаҳор"нинг чемпионлик имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Сал олдин айтганимдек, жамоада кучли мураббийлар ва футболчилар жамланган. Самвел Бабаян ҳар бир деталларга эътибор қаратади. Ҳимоя ёки ҳимоядан ҳужумга чиқиш, умуман, ҳаммасига эътибор қаратади. 1996 йилги чемпионликни қайтариш учун ҳаммаси етарли.
- Ортда қолган турларни инобага олиб, "Сурхон" учун энг оғир ўтган ўйин қайси бўлди деб ўйлайсиз?
- Мен қайсидир ўйинни ажратиб кўрсатолмайман. Ҳар бир ўйин қийин кечмоқда. Ишонинг, ҳар бир ўйин жуда қийин ўтади. Айниқса, Наманганда жуда қийин, чунки мухлислар босимини ҳам ҳис этасиз.
- "Сурхон" асосан ёш футболчилардан иборат. Яхши ўйнаётган футболчиларга гранд жамоалардан таклифлар бўлиши мумкин. Шу ҳолатда қандай йўл тутасиз? Уларни қўйиб юборасизми?
- Биз жамоамиз аъзолари футболчи сифатида ўсиши тарафдоримиз. Агар кучлироқ клубдан таклиф тушса, бунга қаршилик қилмаймиз. Бу клубимиз фалсафаси десак ҳам бўлади. Клубимиз футболчилар учун ўзига хос "трамплин" бўлиб берса, бундан фақат хурсанд бўламиз.
Фикрлар