Самвел Бабаян: "Ўтган ой тиғиз тақвим пайти фақат Суперлигада очко йўқотдик. "Пахтакор" эса бу даврда Суперкубокни бой берди, Про лига жамоасидан мағлуб бўлиб, кубокдан чиқиб кетди"
03 сен 2023 23:47
Янгиликлар
Самвел Бабаян: "Ўтган ой тиғиз тақвим пайти фақат Суперлигада очко йўқотдик. "Пахтакор" эса бу даврда Суперкубокни бой берди, Про лига жамоасидан мағлуб бўлиб, кубокдан чиқиб кетди"
- Ўйин ҳақида
- Ҳаммани ғалаба билан табриклайман. Йигитлар анча меҳнат қилишди. Натижа ҳам адолатли бўлди.
- Майдонни бошқа чиқишдан тарк этганингиз мухлисларда Самвел Бабаян жамоадан кетди, деган фикрни уйғотмоқда...
- Шунчаки кийимларимни алмаштирдим. Жуда кўп миш-мишлар бўляпти, аммо "Навбаҳор"да шартномам бор. Бу ерда ишлаётганимдан фахрланаман. Шунча ишлаб, ҳозирги натижага келдик. Ҳозир бутун Осиё "Навбаҳор"ни танийди. Нима учун кетишим керак? Ҳали анча ишларимиз бор. Барча йўналишда ривожланишда давом этамиз. Биз шундай ҳолатга тушдикки, бир ой-у уч кун ичида саккизта ўйинда майдонга тушишимизга тўғри келди. Бунақаси ўзбек футболида биринчи марта. Шунча йилдан бери ишлаб, бунақасини эслай олмадим. ПФЛдан тақвимни бизга бироз енгиллаштирини сўрадик. Мен нолимоқчи эмасман. Бироқ, биз охирги ойлардаги ғалаба қозонолмаган ўйинларимизнинг барчасида, яъни чемпионат ўйинларида адолатсиз тарзда очко йўқотдик. Бекободда 97-дақиқада гол ўтказдик. Ғалаба қозонаётгандик, жуда кўп вазиятлардан фойдалана олмадик. Ҳакам тушунарсиз тарзда ўйинчимизни четлатди. Жиззахда ҳам омадсиз ўйин бўлди. Бугун ғалаба қозонмаганимизда ҳам Жиззахдагидек ҳодиса рўй бериши мумкин эди. "Пахтакор"га қарши ўйинда биринчи таймни бой бердик, иккинчи таймда эса рақибдан устун келдик – дуранг адолатли бўларди. ОКМК билан ўйиннинг охирида гол уриш учун етарлича имкониятга эга бўлдик. Хуллас, ҳар бир ўйинда чарчоқ ёки психологик томондан мағлуб бўлмадик. Тўғриси, менга шундай шароитда ишлаш ёқади. Стратегия, характер кўрсатиш керак бундай вазиятда. Энди эса шунчаки статистика ҳақида гапирсам. "Пахтакор" ҳам шу давр мобайнида саккизта ўйин ўтказди. Учта ўйинда мағлуб бўлди ва битта дуранг қайд этди. Биз эса иккита ўйинда ютқаздик, иккита ўйинда дуранг ўйнадик. Нима демоқчи бўлаётганимни тушуняпсизлар-а? Биз бу вақт доирасида фақат чемпионатда очко йўқотдик. "Пахтакор" эса бу даврда Суперкубокни бой берди, Про Лига жамоасидан мағлуб бўлиб, кубокдан чиқиб кетди. Бундай тиғиз графикда жамоа ҳар қанақасига йўқотишларга учрайди. Психология, чарчоқ барибир ўз сўзини айтади. Кимга дардингни айтасан? Иложи йўқ. Орамизда етти очко фарқ бор, курашишда давом этамиз. Биз ярим финалдамиз, ОЧЛ гуруҳ босқичида ўйнаймиз. Клуб, шаҳар ва мамлакат шарафини ОЧЛда ҳимоя қиламиз. Жамоа обрўсини халқаро даражага олиб чиқамиз. Шундай ҳолатда мен қанақасига кетиш ҳақида ўйлашим мумкин? Бугунги кунда "Навбаҳор"ни иккинчи ўрин қониқтирмайди, чунки амбицияларимиз бор. Бироқ, курашишда давом этамиз. Энди босим ҳақида гапирсак. Хатто терма жамоа футболчилари ҳам бугун ўзларини кўрсата олишмаяпти, сабаби "Навбаҳор"да ўйнаш жуда қийин. Мен бу ерга инсонларни бахтли қилиш учун келганман. "Навбаҳор"да из қолдирмоқчиман, мақсадларга эришмоқчиман. Бу ерда янги тарих яратишни мақсад қилганман. Бу иш секин-аста амалга ошмоқда. Бу ерда иш бошламаган пайтим "Навбаҳор" қандай ҳолатда эди? Клуб 10-ўринда эди ва лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётганди. Ҳозир эса "Навбаҳор" мамлакатдаги энг оммабоп клуб. Клуб раҳбарияти ҳам бизни қўллаб-қувватламоқда, жамоа ўсиши учун барча шароитни яратмоқда. Атрофдаги бошқа персонажлар эса муҳим эмас. Мен учун бахт – бу биз Қатардалик пайтимиз "Навбаҳор" стадионига 10 минг одам тўплангани. Мана шу ҳақиқий бахт. Футбол очко йўқотишларсиз бўлмайди. Ким кам хато қилса, ўша ғалаба қозонади. Мен Наманганда натижага эришиш ва инсонларни бахтли қилиш учун ишламоқдаман.
- Стандарда вазиятларда жуда кўп имкониятлар бўлди, аммо жамоа бу вазиятларни гол билан якунлай олмади. Балки, стандард вазиятлар устида ишлаш керакдир?
- "Сурхон" бизга қарши умуман бошқача ўйин кўрсатмоқда. "Бунёдкор"га қарши ўйинда "Сурхон" ҳужумлар уюштирмоқда ва рақиб футболчиси бирга бир вазиятга чиқмоқда. Бизга қарши эса ундай эмас. Ҳар бир жамоа "Навбаҳор"га қарши бошқача концентрация билан майдонга чиқади. Бизда потенциал юқори. Чемпионатнинг охирги ўйинида 12 та бурчак тўпи, "Сўғдиёна"га қарши 13 та бурчак. Бироқ, биз булардан фойдалана олмаяпмиз. Биринчи таймдаёқ ўйин тақдирини ҳал қилишимиз мумкин. Вазиятларни кўп яратяпмиз. Бироқ, тўп дарвозага кирмаяпти. Менимча, сентябрь ойидан тўп дарвозага киришни бошласа керак.