Самвел Бабаян - Баҳрайн, Муҳаммадиев, Жепаров ва Абрамов ҳақида
16 сен 2015 10:00
Янгиликлар
Самвел Бабаян - Баҳрайн, Муҳаммадиев, Жепаров ва Абрамов ҳақида
Дастлабки учрашувда Яман кичик ҳисобда “таслим” этилган бўлса, кейин биз учун бироз хавотирли бўлиб кўринган Филиппин “парчаланиб” ташланди. Айтиш керак, мазкур ғалабадан кейин термамизда кейинги босқичга чиқишга бўлган имконият сақланиб қолди. Куни кеча бош мураббий Самвел Бабаян бир қатор журналистлар билан салкам бир соат давомида суҳбат қурди ва бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Филиппинга қарши ўйин бу даражада осон кечади, деб ўйлаганмидингиз ёки тахмингиз бўйича учрашув қийин кечиши керакмиди? Умуман, тезкор гол қанчалик фойдамизга хизмат қилди?
- Мураббий агар бўлажак ўйинда нималар бўлишини олдиндан билганида ундан бахтли инсон бўлмасди. Умумий маънода биз ўйинга тайёргарлик кўрдик. Рақибни жуда яхши ўргангандик. Айниқса, кучсиз тарафларига аҳамият қаратгандик. Қандай бўлишидан қатъий назар, биз ўйинни бошқардик, назоратни ўз қўлимизда ушлаб турдик. Голга келсак, албатта биринчи дақиқадаёқ ҳисоб очилиши ҳар қандай мутахассисни хурсанд қилади. Бундай голлар мағлубиятга учраётган жамоага руҳий зарба бўлади. Қолаверса, бизда яхши захира бор эди. Аммо ўйинимизни бемалол кучайтириши мумкин бўлган Гейнрихни кутилмаган жароҳати сабаб майдонга тушира олмадик. Агар вазият бошқача бўлганида оғриқни қолдирувчи уколлар билан ҳам уни ўйинни қўярдик. Лекин футболчилар бунга имконият қолдиришмади. Умуман, айтганимдек, ўйинда устунлик қилдик. Футболчилар 90 дақиқа давомида майдонда нима қилишлари кераклиги бўйича режа асосида тўп суришди. Бу мен учун жуда муҳим. Улар мен хоҳлаётган футболни тушуниб боришмоқда.
Менга иккинчи ўйин муҳим эди. Сабаби, Филиппинни мағлубиятга учратиш орқали яна турнирга қайтдик, десам бўлаверади. Терма жамоа қайтадан “туғилди”, яъни майдонга тушади, курашади ва ғалаба қозонади, буни хоҳлайди. Мен учун бу жуда муҳим. Шундай шароитда, тўққиз соат тафовути бор давлатга учиб бориб, ёмғир ёғиб турган ўйинда йигитлар борини бериб ҳаракат қилишди. Тўғри, ҳозир ҳамма ҳам бизни талабларини тўлиқ тушуниб улгургани йўқ. Лекин ўйин ташкил қилиш, хусусан, қанотлардан ҳужум, прессинг, ҳужумга ўтиш ва ҳимояланиш ҳақидаги қарашларимизни аксар йигитлар тушуниб улгурди.
- Тан олиш керак, Яман ва Филиппин нисбатан кучсиз рақиб. Кейинги турда жиддий рақиб билан тўқнаш келамиз. Баҳрайн қанчалик ўрганилмоқда? Илгари бизни асосий муаммоларимиздан бири бўлган Баҳрайн ҳозир ҳам ўша кучга эгами? Ўзи умуман бугун Баҳрайн ҳақида қандай тасаввурга эгасиз?
- Яман, Филиппин кучсиз рақиблар деган фикрингизга қўшилмайман. Яман бизга қарши ўйинда шундай ўйин кўрсатдики, майдонда ҳамма ўз вазифасини аниқ бажарди. Ўша Баҳрайнга қарши баҳсда ҳам дастлабки иккита 100 фоизлик имкониятга яманликлар эга бўлишди. Бизга қарши ўйиндан фарқли равишда Баҳрайнга нисбатан очиқ футбол кўрсатилди. Тошкентда улар рақиб барча зоналарни “ёпишга” ҳаракат қилишганди. Филиппин борасида ҳам фикрингизга қўшилмайман. Сабаби, таркибида яхши ижрочилар бор. Мураббийнинг “қўли” жамоанинг ўйинида кўриниб турибди. Баҳрайн ҳақиқий араб жамоаси. Таркибига маҳоратли ўйинчилар жамланган. Уларни Филиппинга қарши ўйинини кўриб чиқдим. Етарлича маълумотим бор. Қолаверса, Яман билан баҳсни ҳам томоша қилдим. Албатта рақибни янада ўрганиб чиқамиз. Уларнинг ҳам кучли ва кучсиз тарафларига аҳамият қаратамиз. Барибир ҳимоясида муаммолар топилади. Биз ўз вазифаларимизни бажарамиз. Баҳрайн жиддий рақиб, ҳозир ўйнаган жамоаларимиз орасида энг кучлиси. Бу борада фикрингизга қўшиламан. Аслида биз учун ҳар бир кейинги ўйин жиддий ҳисобланади.
- Яман билан ўйинда “кўринмаган” ҳимоямизнинг асл ҳолати Филиппинга қарши баҳсда “кўрингандек” бўлди. Сабаби, Филиппин тезкор қарши ҳужумга ўтса, ҳимоямизда пала-партишлик кузатилди. Марказий ҳимояда бир қатор хатолар юз берди. Бир вазиятда Лобанов жамоани голдан қутқариб қолган бўлса, яна бир вазиятда мезбонлар аъзосининг бош билан йўллаган зарбасига аниқлик етишамади. Акс ҳолда дарвозабонимиз ҳам бизни голдан қутқара олмасди.
- Ўша вазиятларда ҳақиқатдан ҳам хатолар кузатилди. Чунки йигитлар эндигина йиғилиб, икки ҳафтагина бирга бўлишди. Хурсанд бўладиган жиҳати шуки, улар биз талаб қилаётган услубга мослашиб боришмоқда ва бундан ўзлари ҳам роҳатланишяпти. Ишлашда давом этар эканмиз, хатоларни ҳам тузатишдан тўхтамаймиз. Хатолар бўйича катта ҳажмда иш олиб борилади. Видеода, майдонда хатоларни кўрсатамиз. Аммо очиғи, тўлиқ шаклланишимиз учун ҳали вақт бор.
- Рақиб ҳимояда “автобус” қўйиб олса, уни “бузиш”нинг иложи борми? Айтмоқчиманки, Яманга қарши ўйинда стандарт вазиятларни инобатга олмаса, дарвозага яқинлашиш жуда қийин бўлди.
- Нега унақа дейсиз, ўша куни бизда имкониятлар бўлди. Шунчаки, Яман ҳимояда аъло даражада тўп сурди. Мен ўйинни қайта-қайта кўриб чиқдим, таҳлил қилдим. Ҳамкасбимнинг ҳаракатларини кузатдим. Кучли мутахассис, ўйинга яхши тайёргарлик кўришган ва ажойиб равишда ҳимояланишди. Албатта “автобус”ни “бузиш” бўйича қўлланмалар бор ва буни терма жамоага сингдиришга ҳаракат қиламиз.
- Нима деб ўйлайсиз, ўша куни стандартдан гол урмаганимизда ўйиннинг қолган қисмида рақиб дарвозасини ишғол қила олармидик?
- Ўйлашимча, гол урардик. Бизда Гейнрих ҳисобни очгунига қадар ҳам, ундан кейин ҳам гол уриш учун имкониятлар бўлди. Ҳимоядан ташқари, дарвозабон ҳам ажойиб ўйин кўрсатди.
- Хоҳлайсизми-йўқми, миллий терма жамоа расмий ўйиндан уч-тўрт кун олдин тўлиқ йиғилади. Табиийки, бу вақт ҳар қандай мураббийга камлик қилади. Сўрамоқчи бўлганим, фалсафангизни қисқа вақт ичида қандай қилиб терма жамоа аъзоларига сингдирмоқчисиз? Яна ҳам аниқроғи, бу муаммодан чиқиб кетмоқчисиз?
- Миллий терма жамоада ишлашнинг яхши жиҳатларидан бири, бу ерда юқори савиядаги футболчилар ўйнайди. Терма жамоага ўйинчи таклиф қилганда фалсафангга тўғри келадими-йўқми, ўйин услубингиз мос тушадими, шу жиҳатларга аҳамият қаратасан. Бугун Ҳайдаров ва Аҳмедов сингари таянч ярим ҳимоячиларига эга бўлиш – фантастика! Иккаласи энг кучли таянч ярим ҳимоячиларидир. Улар билан Жепаров ўйнаяпти. Сервер барча чизиқларни боғлай олади. Икки нафар марказий ҳимоячи. Рақибнинг барча стандарт вазиятларини йўққа чиқаради. Тўғри, менга вақт камлик қилади, лекин бу савиядаги ўйинчилар билан ишлаш орқали ишим бироз енгиллашади. Ярим сўз билан бир-биримизни тушунамиз. Бироқ барибир энг оптимал ҳолатга чиқишимиз учун бир ой вақт керак. Яъни, ким қаерда қандай ўйнашини тўлиқ тушуниб олиши учун биз бир ой машғулот ўтказишимиз лозим. Шундай бўлса-да, ўтказган икки ўйинимиз анчагина ёрдам берди. Айниқса, Филиппинга қарши иккинчи баҳс. Мен биринчи ўйиндан кейинги матбуот анжуманида сафар ўйинларида осон бўлишини айтгандим. Чунки ўйинимиз сезиларли даражада чиқишни бошлаганди. Ўша Рашидов, Жепаров, Аҳмедов, Сергеев ҳужумларда рақиб ўйинини “бузаётган”ди.
- Самвел Вячеславович, яхши футболчи кучли чемпионатдан етишиб чиқади. Хоҳлайсизми-йўқми, бугун термамизнинг асосини ташкил қилиб турган легионерлар бир кун фаолиятини якунлайди. Олий лигадан кучли чемпионатга футболчиларимиз кетмаяпти. Табиийки, уларнинг хизматига ҳам муҳтож бўласиз. Олий лиганинг бугунги аҳволи ҳеч кимга сир эмас. Миллий терма жамоанинг бош мураббийи, натижага жавобгар шахс сифатида олий лига мураббийларига қандайдир талаблар қўя оласизми? Хусусан, келишилган ўйинлардан бутунлай воз кечишни тўғрисида. Керак бўлса, ЎФФ президенти Мираброр Усмоновга мурожаат қилиш орқали.
- Ҳақиқатдан ҳам чемпионат кучли бўлса, у ердан кучли ижрочилар етишиб чиқади. Футболчиларнинг савияси ошади, табиийки, рақобат ҳам кучаяди. Сиз таъкидлаган ҳолатлар бўйича кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Узоққа бормайлик бу йил чемпионатимиз анча мазмунли ва қизиқарли ўтяпти. Учрашувларда ҳисобларни олдиндан айтиб бўлмаяпти. Кутилмаган натижалар қайд этилмоқда. Хабарингиз бор, терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланганимдан сўнг ОАВ ходимлари, мухлислар ва мураббийлар билан ҳам учрашдим. Учрашувда терма жамоага номзодлар, мен тасаввур қилаётган ўйин услуби ҳақида суҳбатлашдик. Мен ўша йиғилишда ҳамкасбларимдан рамзий терма жамоасини ёзиб беришларини сўрадим. Бунга кимдир ҳазил тариқасида, кимдир жиддий ёндошди. Асосийси, бу менга керак эди. Менга улар билан суҳбатлашиш зарур, боиси, мураббийлар ўз қўл остидаги футболчиларнинг ҳар қандай ҳолатини жуда яхши билади. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, мен барча мураббийлар билан суҳбатлашиб тураман. Гарчи унинг шогирди йиғинларда иштирок этиб, терма жамоа таркибидан жой олмасада, барибир муносабатимиз ўша-ўшалигича қолади. Қолаверса, таркибга кира олмаган ўйинчиси мен бу ерда қўллаб-қувватлайман. Унга ҳаммаси яхши бўлишини, ҳали терма жамоадан жой олишини таъкидлайман. Бундан ташқари, клубдаги устози ҳам унга далда бўлади. Узоққа бормайлик, “Насаф” футболчилари билан ҳозир шундай вазият. Бош мураббий Рўзиқул Бердиев билан доимо алоқадаман. Куни кеча ҳамкасбим билан яна бир марта суҳбатлашдим. Бугун таркибдан жой олмаган футболчиларга эшик ёпилди, дегани эмас. Уларга доимо эшик очиқ. Шунчаки, миллий терма жамоага футболчи бугунги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда чақирилади. Яна, унинг терма жамоада ўйнашга бўлган хоҳиши, яъни, ватанпарварлик хислати ва мураббийлар штаби хоҳлаётган ўйин услубига мос келиш-келмаслиги инобатга олинади. Шунинг учун Рўзиқул Бердиевга ҳам буни тушунтирдим. Бир-биримизни тушундик, деб ўйлайман. Бугун таркибдан жой ололмаяпсанми, бу – ҳаёт! Ҳеч ким бундай ҳолатлардан кафолатланмаган.
- Тажрибали мутахассис, қолаверса, хорижлик мураббий Деян Журжевич рақибларни бевосита уларнинг стадионида кузатмоқда. Муҳим ўйинлар вақтида бу ёрдамчингиз сиз билан бўлгани маъқул эмасми?
- Мураббийлар штабида фаолият кўрсатаётган ҳар бир мутахассиснинг ўз вазифаси бор. Мен Журжевичга рақибларни кузатишни топширдим. Расмий ўйинлар вақтида ёнимда менга ёрдам берадиган кучли мутахассислар бор. Нега Виктор Жалилов олимпия терма жамоаси билан Словакияга бормади, деган савол туғилди. Агар билсангиз буни мен ЎФФ раҳбариятидан шахсан илтимос қилдим. Чунки Виктор Романович “Пахтакор”да ишлаш орқали аниқ бир услубга эга бўлганди. Миллий терманинг олимпиячиларга қарши ўртоқлик ўйинида ўша услуб бизга яққол етишмади. Натижада гол ўтказиб юбордик. Боиси, захирадагилар мени ҳали тўлиқ тушунмаганди. Жалиловнинг аниқ бир вазифаси бор. Виктор Романович захирани кўриб чиқади, кузатади ва ишлайди. Бир нарса бор: вазият ҳар дақиқада ўзгариб кетиши мумкин. Айтганимдек, уни ўз вазифаси бор. Шунинг учун ҳам ЎФФ раҳбариятидан Жалилов миллий терма жамоада бўлишини сўрадим. Сабаби, айни вақтда миллий терма жамоанинг ўйинлари олимпия термасиникидан муҳимроқ. Шунинг учун ҳам Журжевични рақибларни кузатиш учун жўнатиб, Жалиловни олиб қолдик. Деян Филиппинга борганимизда бизга рақиб ҳақида етарлича маълумот берди.
- Лекин барибир Виктор Романович кўпроқ вақтини олимпия термаси билан ҳам ўтказиши керакку?! Ҳар ҳолда термамиз январь ойида Осиё чемпионатида иштирок этади. Вақт оз қолмоқда.
- Тўғри бўлиши керак, лекин вақт етарлича. 13 октябрда олимпия термасини яна бир марта йиғиб, ўртоқлик учрашуви ўтказамиз. Олимпия термаси Виктор Романовични ҳам ўйлантирмоқда. Словакияда ўтказилган ўйинларнинг барчасини видео ёзуви бор. Дилшод Нуралиев Жалилов билан маслаҳатлашган ҳолда таркибни аниқлади, ўйин услубини шакллантирди. Қисқаси, Жалилов бу ерда менга керак эди, шунинг учун қолди.
- Терма жамоада барча қарорларни ўзингиз қабул қиласизми ёки ёрдамчиларингиз билан тўлиқ маслаҳатлашасизми?
- Қўл остимда кучли мутахассислардан иборат мураббийлар штаби йиғилган. Юқорида таъкидлаганимдек, ҳамманинг ўз вазифаси бор. Ўша вазифани мен бераман. Мен ёнимда шунчаки юрадиган эмас, балки ўз фикрига эга мутахассис бўлишини хоҳлайман. Ўйин пайтида бош мураббийда вақт кам бўлади. Қолаверса, вазият дақиқа сари ўзгариб бориши мумкин. Менга шундай пайтларда ўз фикрини тушунтира оладиган ёрдамчи керак. Уни фикрини қабул қилиш-қилмаслик кейинги масала, асосийси, фикр. Ҳамма ёрдамчиларимдан ўз фикрларини айтишларини сўрайман. Қўл остимдаги мураббийларга ишонаман. Уларни четдан кузатганимда ҳам талаб қилинадиган ишларни олиб боришларини биламан. Айтганимдек, футболда вазиятлар тез ўзгаради. Ҳамма ўз фикрини айтади, лекин сўнгги қарорни мен қабул қиламан.
- Ўнг қанотга мажбурликдан аслида марказий ҳимояда тўп сурадиган Ислом Тўхтахўжаевни қўйдингиз. Олий лигада 16та жамоа бор. Қанот ҳимоясига “Насаф”дан икки нафар номзод бор экан. Қолган клубларимиз нима иш қиляпти? Битта чизиққа бир нафар футболчи етиштириб бера олмаса?!
- Ҳамма жамоа ўйинчиларини кўриб чиқдик. Оддий мисол, Лобанов терма жамоага қадар клубда қанча ўйнади, чемпионликни қўлга киритди. Осиё Чемпионлар лигасида тобланди. Терма жамоада тўп суриш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Чунки бу либосни кийишнинг ўзига яраша масъулияти ва “оғирлиги” бор. Ҳа, клублар сафида яхши ўйинчилар бор, аммо терма жамоада тўп суриш ҳаммага эмас. Буни аввало Худо тақдирига битган бўлиши керак, яна ҳам аниқроғи, танланганларгагина термада тўп суриш насиб қилади. Лобанов оддий вазиятда қўпол хатога йўл қўйди. Билардим, барибир бир кун у хато қиларди. Қилган хатоси учун қанчалик куюнганини кўрдим. Исломга келсак, у юқори савиядаги ҳимоячи. Шундай бўлса-да, унда ҳам хатолар кузатилди. Аниқроғи, марказга кўпроқ тортиб кетяпти. Навбатдаги йиғинда у билан алоҳида гаплашиб оламиз.
Қанот масаласи ҳақида тўхталсам, айтганимдек, ҳимоячилар бор. Лекин савия бошқа. “Пахтакор”да Ҳошимов бор. У ўз қанотининг ҳақиқий “эгаси”. Аммо миллий терма жамоада футболчининг савияси бироз баландроқ бўлиши шарт.
КХДР билан бўлган учрашувни кўрган бўлсаларинг керак. Ўша беллашувда ҳимоямиз “бардак” бўлди. Муҳаммадиев ҳурмат қилган ҳолда айтишим мумкин: у ҳимоячи эмас. Шуҳрат ҳимоядаги асл вазифани бажариши қийин. Мен уни ҳужумкор ҳимоячи сифатида кўраман. Бугунги кун футболида рақибдан тўпни олиб қўйган ва яхши ҳимояланган тараф муваффақиятли эришади. Агар мен холис бўлмаганимда бу чизиққа “Пахтакор”дан Ҳошимовни жалб қилардим, лекин унинг ҳам ҳозирги ҳолати терма жамоага мос эмас! Унда ҳам ҳужум бор, ҳимояланишда муаммолари етарлича.
Битта нарсани тўғри тушунинглар. Клуб учун ҳиссиётлар бугун иккинчи даражага тушиши керак. Чунки вақтида биз шу масала бўйича куйиб қолганмиз. Терма жамоада ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Чемпионатда терма жамоага номзод футболчининг ўйинида пасайиш кузатилсин, уни таркибдан чиқарилади. Қайси клуб шарафини ҳимоя қилишининг аҳамияти йўқ. Мен сизларга холис айтаман: терма жамоа сафида кучли ўйинчилар тўп тепиши керак. Унинг паспортига ҳам, клубига ҳам қаралмайди. Менга терма жамоани бошқаришни ишониб топширишдими, аввало ўзимга нисбатан талабчан бўлишим шарт! Кейин бошқалардан талаб қиламан. Бу ерда ҳаммасига объектив тарзда ёндошилмоқда.
- “Локомотив” бош мураббийи Вадим Абрамов “Пахтакор”дан қабул қилиб олинган мағлубиятни ўз бўйнига олди-ю, лекин сабаб сифатида миллий терма жамоага чақирилган ўйинчиларни сафарга туристдек бориб келганини кўрсатди. Худди терма жамоа “Пахтакор” манфаати учун хизмат қилаётгандек?!
- Келинг, вазиятга оддий ёндошамиз. Миллий терма жамоада “Пахтакор”нинг ҳам майдонга тушмаган ўйинчилари бўлдику?! Фикримча, у вазиятга объектив тарзда ёндошмаяпти. У учун ҳар доим кимдир айбдор, ҳеч қачон айбни ўз бўйнига олмайди. Доим тарих қайтарилади, шунинг учун бу мавзуга тўхталишни истамайман. Қайтараман: терма жамоада кучлилар ўйнайди, клуб бўйича ажратилиш йўқ.
- Агар “Пахтакор”га боғлиқ инсон бўлмаганингизда бундай гап-сўзлар бўлмасди? Муаммо шунда!?
- Мен “Пахтакор”да ўзимни кўрсатмаганимда миллий терма жамоага бош мураббий этиб тайинлашмасди ҳам! Битта нарса: мен айни вақтида “Пахтакор”дан расман кетганман! Клубга расмий маънода умуман алоқам йўқ. Муаммони инсон аввало ўзидан излаши керак, терма жамоадан эмас. Бу эски қўшиқни олдин ҳам эшитганмиз. Шунинг учун муҳокамани хоҳламайман. Ўтган йили ҳам “Пахтакор” “Локомотив”ни ютганида айбдор миллий терма жамоа бўлганди, бу йил ҳам! Нима миллий терма жамоа аъзолари сафарга чиқиб, бозорда “беляши” сотадими? Биз профессионал тарзда ишлаймиз. Керак бўлса, ўша машғулотлар видео тасмага туширилади. Хоҳласа жаноб Абрамовга ўша видео тасмаларни берамиз. Кўрсин, ўзи шундай ишлармикан, бу савол?! Терма жамоадаги футболчилар катта ҳажмдаги ишларни бажармоқда. Фунционал, тактик томондан профессионал тарзда ишлаймиз. Клуб раҳбарияти олдига қўйилган вазифани бажара олмаса, айбни терма жамоага тўнкаши бу унинг виждонига ҳавола.
- Жепаров миллий терма жамоада асосий таркибда майдонга тушаётган экан, ҳурмат юзасидан сардор бўлиб қолаверса бўлмасмиди? Албатта Одил Аҳмедов ҳам сардорликка муносиб, бироқ ҳали Сервер бошланғич таркибда майдонга тушяпти. Жепаровда майдонда ўйинни, футболчиларни бошқариш хислати бор.
- Ҳар қандай даврнинг етакчилари бўлади. Етакчилар уч тоифага бўлинади. Ечиниш хонасида, майдонда ва майдон ташқарисидаги ҳаётда. Жепаров “Пахтакор”да сардор бўлгунига қадар Алиқулов боғични тақиб юрарди. Қувайтда Чемпионлар лигаси ўйинида мезбонларни ютиб турган ҳолатимизда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб юбориб, ютқазгандик. Ўшанда майдондаги етакчини алмаштиришга мажбур бўлганмиз. Ўшанда Сервер ҳам қаерга тушиб қолганини, майдондаги етакчи нималар қилиши лозимлигини тушунмаган. Унга бир хона ўтириб, видео қўйиб, майдондаги етакчи қандай хислатларга эга бўлиши лозимлигини уқтиргандим.
Айтганимдек, ҳамма даврнинг ўз етакчилари бўлади. Бизнинг вазиятда бу менинг қарорим эмас. Футболчилар аноним овоз бериш жараёнида сардорни аниқлашди. Овоз бериш жараёнида Одил биринчи, Сервер иккинчи, Ҳайдаров учинчи бўлди. Аслида уларнинг барчаси етакчи. Аҳмедов майдоннинг ўзининг тажрибали, қобилияти, майдонни кўра олиши билан жамоадошларини ортидан етаклайди, ўйинни бошқаради. Жепаров ечиниш хонасида етакчи. Ҳайдаров эса, ҳам ечиниш хонасида ва майдон ташқарисида етакчи. Бундан хафа бўлмаслик керак. Майдондаги етакчи терманинг кучини, ўйин услуби кўрсатиб беради. Сервер биздан хафа бўлгани йўқ. У ҳали ҳам ечиниш хонаси ва майдон ташқарисида етакчи. Биз шундай терма жамоа тузяпмизки, ягона бир оиламиз. Ҳеч ким бир-биридан хафа бўлмайди. Қандайдир саволлар туғилса йигитлар бир-бирини кўзига бемалол қарамоқда. Энг кераклиси аҳил. Футболчи фақат ўзининг клубдошлари билан бирга юрмаслигига ҳам эътибор қаратяпмиз. Керак бўлса, ўзбек миллатига мансуб ўйинчини рус бола билан бир хонага жойлаштиряпмиз. Нега? Чунки бир-бири ҳақида маълумот бўлсин, дўст бўлишсин. Биз кўп миллатли терма жамоамиз. Уларни алоҳида-алоҳида бўлиб юришларини хоҳламаймиз. Хуллас, биз фойдамизга хизмат қиладиган барча кичик ҳолатларга ҳам эътибор беришни унутмаяпмиз. Қисқаси, терма жамоада оилавий муҳит ташкил қилишни қайсидир маънода уддаладим, деб ўйлайман.
- Терма жамоа бош мураббийи сифатида ишингизга кўникиб улгурдингизми? Ёки ҳали ҳам қандайдир ҳаяжон борми?
- Миллий терма жамоа бош мураббийи бўлиш мен учун катта бахт! Бу йўлда узоқ “масофани” босиб ўтдим. Агар мен ўзимнинг кучимга ишонмасам қўл остимдаги футболчилар ишончли тўп суришмайди. Мен йигитларга ҳар бир йиғилишда “сизлар бу вазифани уддалашга қодирсизлар”, деб айтаман. Мабодо ўзимда қандайдир иккаланиш бўлса, ўз-ўзидан бу йигитларнинг руҳиятига салбий таъсир қилади. Психология, педагогика ҳаммаси мени ишим, аммо биринчи навбатда ўзим ишонишим керак. Албатта миллий терма жамоа бош мураббийи бўлиш катта масъулиятни талаб қилади. Ҳозир футбол билан волейболни фарқига борадиган инсон мени қандай натижа кўрсатишимни кутмоқда. Лекин бу мени ўйлайтирмайди, қийнамайди, ўзимга бўлган ишончни сусайтирмайди. Қандайдир жиддий қарорлар қабул қилишимга тўсқинлик қилмайди. Қўл остимдаги терма жамоа ўзбек футболи тарихида из қолдириши мумкин.
Фурқатбек НИШОНОВ ёзиб олди.
"Футбол Экспресс" газетаси
Фикрлар