Рўзиқул Бердиев: "Ўша вазиятда рақиб футболчисига қизил карточка кўрсатилиши керак эди"
13 мар 01:45
Янгиликлар
Рўзиқул Бердиев: "Ўша вазиятда рақиб футболчисига қизил карточка кўрсатилиши керак эди"
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Дарҳол ўша баҳсли вазиятга тўхталмоқчиман. Ўша вазиятда рақиб футболчисига қизил карточка кўрсатилиши керак эди. Ҳозир бўлган ҳолатни ўзимга ҳам кўрсатишди, қолаверса кўп муҳокама қилишяпти. Қизил бермасликдан бошқа йўл йўқ эди. Иккинчи эсда қоларли ҳолат Бобир Абдихолиқовнинг вазияти билан боғлиқ бўлди. Юз фоизли имкониятдан Бобир фойдалана олмади. Жуда қўпол хато туфайли ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимдаги ўзгаришлар, тактик бошқача ҳаракат дуранг қайд этишимизга сабаб бўлди деб ўйлайман. "Динамо"нинг аввалги иккита баҳсини кўриб чиққандик. 60-70 дақиқадан кейин рақиб ўйинида пасайиш юзага келишини билардик. Бугун ҳам шундай бўлди. Жамоамиз эса бундан унумли фойдаланди.
- Бугун жамоангиз дуранг қайд этган бўлса ҳам, урилган голни худди ғалаба голидек нишонладингиз?
- Бунинг боиси жуда қийин учрашув ўтказдик. Бизга гол ва очко ниҳоятда зарур эди. Ёшларимизнинг голга ҳисса қўшгани ва ўйинга тез киришиб кетгани мени икки баробар хурсанд қилди. Натижада голни улар билан нишонладим.
- Мутахассис сифатида "Динамо" таклиф этган легионерлар борасида нима дея оласиз? Гана, Уругвай, Аргентинадан футболчилар келди. Уларнинг сифат даражаси юқорими? Холис фикрингизни айтиб ўтсангиз.
- Биз ҳозирча рақибнинг иккита ўйинини таҳлил қилиб кўрдик, сиз айтган футболчилар яққол нимадир жиҳат билан ажралиб турмади. Бугунги учрашувда ҳам ажралиб туришмади. Аммо бу иккита ўйин билан баҳо бериб бўлмайди. Футболчининг қандайлигини бутун мавсум кўрсатади. Ўйлашимча, мураббийлар штаби легионерларни яхшилаб кўриб шундан сўнг жамоага таклиф этишган.
- Рўзиқул ака, кўп клублар қишки трансфер пайтида яхши трансферларни амалга оширди. Лекин "Насаф" бундай қила олмади. Клуб бош ҳомийсининг "Насаф"га пул ажратмаётгани ҳақидаги хабарлар мухлисларни шокка тушириб қўйди. Молиявий қийинчилик жамоага қанчалик таъсир қилгани ҳақида айтиб ўтсангиз.
- "Насаф" клуб сифатида шу пайтгача нимага эришган бўлса, барчаси клубимиз бош ҳомийсининг қўллаб-қувватлаши билан рўй берган. Буни биринчи навбатда айтиб ўтишимиз керак. Шу боис ҳомийларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. "Нефтегаз" бизга ҳомийлик қилишни тўхтатди дейлик, лекин олдинги ўйиндан кейин ҳам айтдим: Қашқадарёнинг имкониятлари жуда кенг. Вилоятимиз раҳбари футболга умуман бефарқ эмас, шу боис бу борада кўнглимиз тўқ дея оламан.

- Дастлабки уч турдан сўнг Суперлига фаворитлари ҳақида қандайдир хулосангиз борми?
- Қайсидир жамоаларда иккита яхши таркиб, маҳоратли футболчилар бор, лекин бошқалар ҳам қараб турмайди. Ҳеч ким осонликча ўйинни бой бермайди, жуда қизиқ чемпионат бўлишини ва охиригача кураш кечишини тахмин қиляпман.
- 15 март куни "Пахтакор" ва "Нефтчи" ўртасида Ўзбекистон Суперкубоги бўлиб ўтади. Сиз кимни фаворит сифатида кўряпсиз?
- Шуни айтишим мумкин, ҳар икки жамоа ўзига яраша кучга эга. Тенг кучли жамоалар тўқнашуви деса бўлади. Лекин мавсум боши бўлгани учун ҳеч ким тўлиқ оптимал кучга эга эмас. Менимча, кимга омад кулиб боқса, шу жамоа ғалаба қозонади. Иккала жамоага тенг баҳо бера оламан.
- Кўп жойларда майдон бўйича муаммолар бор. Масалан, "Насаф" ҳам ўзида ўйнамаяпти. Ғузордаги майдон ҳолатини кўрдик. Сиз майдонлар бўйича нима дея оласиз? ПФЛ талабни ҳаддан ташқари юқори қўйиб юбормаятими?
- Талаб бўлгани жуда яхши. Чунки сифатли футбол кўриш учун сифатли майдонлар керак. Шу боис талаб жуда тўғри қўйиляпти деб ўйлайман. Тўғри, иқлимдан ҳам келиб чиқиш керак. Чунки бизда иқлим осон эмас. Майдонлар ҳолатини яхши кўринишга олиб келиш учун иқлим инжиқлик қилиши мумкин, лекин барибир клублар бу борада ишлаши керак. Чунки футболимиз жаҳон даражасига чиқиб боряпти, бизни кўпчилик кузатяпти ва сифатли майдонда футбол кўриш бошқа таассурот беради. Трансляция сифати ҳам зўр чиқади. Шунинг учун ПФЛ қўяётган талабларни тўғри деб биламан.
- Акром Комилов кўп ўйинларда захирада қолиб кетяпти. Унинг нима муаммоси бор?
- Ўтган йил жароҳат сабаб Акром операция қилинди. Тикланиб бўлгач машғулотларга қайтди. Ҳозир жамоа билан шуғулланяпти ва секин-аста унга ҳам имкон берамиз. Учта ҳимоячи билан ўйнаётганимиз учун Шароф Муҳитдинов чап вингер сифатида ҳаракат қилмоқда.

- Ғолиб Ғайбуллаевнинг жароҳати жиддиймасми?
- "Шўртан" майдонида "Хоразм" билан кечган баҳсда майдон ҳолати сабаб кўп ўйинчиларимизда оғриқ кузатилди. Майдон ўйинчиларнинг мускулларига таъсир қилди. Алибек Давроновда ҳам шу нарса сезилди.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
Суперлига. "Навбаҳор" сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди
Суперлига. "Нефтчи" "Андижон"ни йирик ҳисобда мағлуб этди, Искандеров ўйинни ҳал қилди
ЕЧЛ. "Барселона" меҳмонда "Ньюкасл" билан дуранг ўйнади
Фикрлар