

– Бугунги ўйин ҳақида фикрингиз қандай?
– Бугунги ўйин ҳақида фикримни айтадиган бўлсам, менимча, жуда чиройли ўйин бўлди. Мағлуб бўлганимизга қарамасдан, кўпчилик мухлислар ўйинимиздан мамнун бўлди. Аммо ўйиндан олдин кўпчилик бизни бундай ўйин кўрсатади, деб ўйламаган эди. Рақибимиз – Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган жамоа. Шунингдек, уларга етарлича ташвиш туғдирдик. Ўйин биз кутгандан ҳам яхши бўлди.
– Ҳисоб ўйинга мос келмади, деб ўйлайсизми?
– Барибир тажриба ўз сўзини айтди. Ҳеч бўлмаганда, дуранг адолатли бўларди. Ўйиндан келиб чиқиб қарасак, дуранг уларни ҳам қониқтирмас эди. Нима бўлган тақдирда ҳам жамоамиз ғалаба учун майдонга чиқди.
– Маълумотларга кўра, мавсум аввалида жамоа қийинчиликларга учраган, жумладан, майдон масаласида. Шу ҳақда фикрингиз?
– Ҳозирда майдон масаласи фақатгина бизда эмас, кўп жамоаларда кузатилмоқда. Стадионлар янги мавсумга тайёрланмоқда. Шу сабабли машғулотларимизни бошқа майдонда олиб боряпмиз. Худо хоҳласа, 4-турни ўз майдонимизда ўйнашни режалаштиряпмиз.
– Сизнингча, ўзгаришлар ўзини оқладими?
– Биз бошқа футболчини алмаштирмоқчи эдик, аммо Акбархон Иброҳимхонов ўзини алмаштиришни сўрагани учун уни алмаштиришга мажбур бўлдик.
– Қўқондаги "Марказий" стадион майдони ҳақида қандай фикрдасиз?
– 10 баллик тизимда 10 балл бераман. Жуда аъло ҳолатда. Бундай майдонда футболчилар роҳатланиб тўп суради.



