UZ

Сўнгги янгиликлар

17:11Суперлига. "Олимпик" - "Навбаҳор" 1:2  0 17:10Суперлига. "Қизилқум" — "Динамо" 0:0 (матнли трансляция)  1 16:54Суперлига. Жамшид Болтабоевнинг дубли "Навбаҳор"га "Олимпик" устидан ғалаба келтирди  11 16:35"Ньюкасл" - "Арсенал". Кимлар асосий таркибда?  0 16:33Эшитдик-да! "Истиқлол" - "Пахтакор" ўйини нейтрал давлатда эмас Эронда бўлади  3 16:26"Қизилқум" - "Динамо". Асосий таркиблар билан танишинг  0 16:04Акмал Мозговой: "Чемпион бўлишимизга ишонмаганларга: биз буни уддаладик ва қолгани муҳим эмас"  7 16:03Лионель Месси келажакда мураббий бўладими?  1 14:56МЮ 7та сабаб туфайли Аморимни танлаган экан  6 14:06Эшитдик-да! Бекободдан совуқ шамол эсмоқда ёхуд "Металлург"нинг кейинги тақдири қандай кечади?   3 14:05U19 чемпионати. Бронза учун курашда "Олимпик"нинг қўли баланд келди  0 13:57Эшитдик-да! "Навбаҳор" футболчисига Суперлиганинг 4 клуби қизиқмоқда  4 13:42Рўзиқул Бердиевнинг "Насаф" бошқарувига келганидан бери ҳаётимизда нималар ўзгарди?  4 13:15"Реал" футболчисига тарихдаги энг катта маошни таклиф қилишди  0 12:53Рогачнинг қизил карточкаси, Мозговойдан супергол, "Насаф" чемпион бўлган ўйиндан бир талай расм   2

Про лига. Рамзий жамоа, энг гўзал ва "касал" голлар, мураббийлардан иқтибос ва бошқалар Янгиликлар

Про лига. Рамзий жамоа, энг гўзал ва "касал" голлар, мураббийлардан иқтибос ва бошқалар

Теглар :  Про лига
Про лиганинг якунланган мавсумини сарҳисоб қиламиз.

Чемпион: "Локомотив"

Денис Коростиченко шогирдлари мавсум давомида пешқадамликка лойиқ эканлигини исботлаб, муддатидан аввал Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Бир йиллик танаффусдан сўнг "темирйўлчилар"ни яна юқори дивизионда кўрамиз.

Суперлига иштирокчилари: "Локомотив" ва "Динамо"

Тошкентликлар ортидан навқирон шаҳар жамоаси ҳам қадрдон элитага қайтди. Умуман олганда, ўтган мавсум Суперлиганинг қуйи уч поғонасини эгаллаган клублар жорий мавсум Про лиганинг юқори учлигини забт этишди. Фақатгина "Қўқон-1912" плей-офф баҳсларида иштирок этишига тўғри келади.

Плей-офф иштирокчилари: "Қўқон-1912", "Машъал", "Шўртан"

Плей-оффнинг дастлабки босқичида турнир жадвалида 4 ва 5-ўринларни эгаллаган Қашқадарёнинг икки жамоаси куч синашади. Мазкур баҳс ғолиби водийликларга қарши майдонга тушади. Ушбу тўқнашувда ҳам қўли баланд келган жамоа Суперлигада 12-ўринни эгаллаган жамоа билан ўтиш ўйинида иштирок этади.

Биринчи лигага тушиб кетган жамоа: "Андижон-SGS"

Андижонликлар мавсумнинг дастлабки қисмида ёмон таассурот қолдирмаганди, бироқ кейинчалик уларнинг  ишлари ортга қараб кета бошлади ва кўпгина ўйинларда йирик ҳисобларда ютқазиб, лига билан хайрлашди.

Мавсум кашфиёти: "Арал"

Қорақалпоғистон жамоаси майдонида "Барселона" ҳам қийинчиликка дуч келади, десак муболаға қилмаймиз. Биринчидан, клуб сунъий қопламали майдонда тўп тепади ва бу кўпгина жамоалар учун ноқулайлик туғдиради. Мезбонлар эса бунга мослашиб улгурган. Иккинчидан, ўз ҳудудида ва мухлислари қаршисида бошқа жамоалар сингари "Арал" ҳам ҳеч кимга "улоқ"ни бериб юборгиси келмайди ва жон-жаҳди билан курашади. Нукусликлар ўз майдонида фақатгина "Динамо"га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Бироқ мезбон сифатида Про лига чемпиони "Локомотив" ва етакчилардан ҳисобланган "Машъал"ни мағлуб этишни уддалади. Бундан ташқари, Неъматилло Қуттибоев шогирдлари Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичида Суперлиганинг амалдаги чемпиони "Пахтакор"ни мағлуб этди, яна бир юқори элита вакили "Сўғдиёна" билан сафарда дуранг ўйнади ҳамда Биринчи лига жамоаси "Дўстлик"ни йирик ҳисобда енгиб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Афсуски, нукусликлар кейинги мавсум ҳам яна Про лигада иштирок этишига тўғри келади.

Энг кўп томошабин ташриф буюрган ўйин

16-тур

"Динамо" 0:0 "Локомотив" (6800 нафар томошабин)

Энг кам томошабин ташриф буюрган ўйин

6-тур 

"Ғиждувон" 3:1 "Андижон-SGS" (89 нафар томошабин)

Тўпурарлар жадвали

Рамзий жамоа

Дарвозабон

Абдумавлон Абдужалилов — "Локомотив"

"Темирйўлчилар" посбони мавсум давомидаги ишончли хатти-ҳаракатлари билан жамоасининг чемпионлигига муносиб ҳисса қўшди. 29 ёшли голкипер 19 ўйинда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан атиги 11 маротаба тўп ўтказиб юборди. Шу билан бирга, икки маротаба рақиб жамоанинг 11 метрли жарима зарбасини голга айлантиришига тўсқинлик қилди. Абдужалилов турнир давомида 2та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Ҳимоячилар

Олег Зотеев — "Локомотив"

Чап қанот футболчисининг ёши ўтиб бораётганига қарамай, муҳим ўйинларда тажрибаси қўл келмоқда. 34 ёшли ўйинчи 17 учрашувда "қизиллар" шарафини ҳимоя қилиб, мудофаа қўрғонини мустаҳкамлаш билан бирга битта гол урди ва 4та голли узатмани амалга оширди. Зотеев турнир давомида 2та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Андро Гиоргадзе — "Машъал"

Грузиялик ўйинчи муборакликларга тезда мослашиб кетди. 15 учрашувда ҳаракат қилган 27 ёшли футболчи рақиб голини олдини олиш билан бир қаторда уларга 4 та гол совға қилди. Гиоргадзе турнир давомида 3та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Хуршид Убайдуллаев — "Динамо"

Самарқанд клубининг йил давомида бор-йўғи 11та гол ўтказиб юборишида мудофаа вакили Убайдуллаевнинг ҳиссаси катта. Бундан ташқари, Хуршид бир маротаба гол нишонлаш бахтига муяссар бўлиб, икки маротаба шерикларини шундай шарафга етишиши учун ҳисса қўшди. Шу билан бирга, 1 ўйинда энг яхшиси деб топилди.

Ислом Шарипов — "Юниред"

Самарқандликлар яна бир футболчи мудофаа билан бир қаторда голеадорлик қобилиятини ҳам намойиш эта олди. Гарчанд унинг жамоаси юқори поғоналарни эгалламаган бўлса-да, 28 ёшли футболчи 6 гол ва 1 та голли пас билан "Юниред"нинг лигада жон сақлаб қолишида муносиб рол ўйнади. Шарипов турнир давомида 2та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.  

Ярим ҳимоячилар

Саламат Қуттибоев — "Арал"

Ўз вақтида Суперлиаганинг бир қатор клубларида тўп тепган, қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилган 37 ёшли футболчи жамоасининг Про лига ва Ўзбекистон кубогидаги иштирокида анча тер тўкди. Рақиб дарвозасига бир маротаба йўл топишни уддалаган таянч футболчиси йил давомида 3та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.  

Дилшод Раҳматуллаев — "Динамо"

Марказий ярим ҳимоячи бой тажрибага эга эканлигини футбол мухлислари яхши билишади. 34 ёшли ўйинчи жорий мавсум ҳам 4та гол ва 5 та ассист қайд этиб, 2та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Дониёр Исмоилов — "Қўқон-1912"

Ўнг қанот вингери жорий мавсум жами 19 учрашувда майдонга қадам ранжида қилиб, 6 марта рақиб дарвозасини ишғол қилди ва 2та голда шерикларига узатма амалга оширди. Футболчи иккинчи даврада кўпроқ захирадан майдонга туширилди, бироқ бу унинг кўрсаткчиларига унчалик таъсир ўтказгани йўқ. Исмоилов турнир давомида 2та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.  

Анвар Ҳожимирзаев — "Қўқон-1912"

Про лига тўпурари жорий мавсум ҳар томонлама ўз иқтидорини намоён эта олди. Айниқса, унинг узоқ масофадан йўллаган ажойиб зарбаларига кўп маротаба гувоҳ бўлдик. Майдонда Де Брйюне вазифасини бажарадиган футболчининг ўйини билан бирга ташқи кўриниши ҳам бельгиялик юлдузни ёдга солади. Мавсумда 16та гол урган 29 ёшли ҳужумкор футболчи 6та ассист билан бу борада ҳам энг яхшиси бўлди. Ҳожимирзаев турнир давомида 4та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Ҳужумчилар

Сергей Петров — "Машъал"

Ҳужум чизиғида танлашда номзодлар кўп эди. Деярли ҳар бир клубнинг олдинги чизиқ вакили бу борада марди майдонга чиқа оларди. Биз эса нисбатан кўпроқ маҳорат кўрсата олган футболчиларни ташладик. Украиналик ҳужумчи мавсум давомида муборакликлар томонидан киритилган тўпларнинг салкам ярмига муаллифлик қилди. Лигада 10та голни ҳисобига ёздириб қўйган ҳужумчи жамоадошларига 2та голли узатмаси берди. Петров турнир давомида 3та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Жоэл Кожо — "Динамо"

Қирғиз Республикаси шарафини ҳимоя қилаётган келиб чиқиши ганалик бўлган ёш футболчи Ўзбекистонда ҳам ўз иқтидорини кўрсата олди. 25 ёшли йигитча ҳисобида 17 учрашувда 11та гол ва 2та ассист мавжуд. Кожо турнир давомида 5та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Ёдда қоларли учрашувлар

1-тур

"Шўртан" 3:3 "Қўқон-1912"

6-тур 

"Қўқон-1912" 2:3 "Локомотив"

7-тур 

"Андижон-SGS" 3:2 "Шўртан"

9-тур 

"Динамо" 3:3 "Қўқон-1912"

16-тур

"Қўқон-1912" 5:3 "Андижон-SGS"

17-тур

"Юниред" 2:3 "Машъал"

19-тур

"Навбаҳор-Фарм" 3:2 "Юниред"

22-тур

"Ғиждувон" 1:8 "Қўқон-1912"


Чиройли голлар

Иброҳим Нўъмонов ("Андижон-SGS" — "Машъал")

Олег Зотеев ("Шўртан" — "Локомотив")

Воҳиджон Оқбўтаев ("Динамо" — "Хоразм")

Александр Мерзляков ("Қўқон-1912" — "Андижон-SGS")

Ислом Шарипов ("Юниред" — "Ғиждувон")

Абубакир Мўйдинов ("Юниред" — "Динамо")

Муҳриддин Зоиров ("Динамо" — "Шўртан")

Бобур Жўрақулов ("Қўқон-1912" — "Ғиждувон")

Муҳриддин Зоиров ("Шўртан" — "Машъал")

Жоэл Кожо ("Хоразм" — "Динамо")

Сизнингча, қайси гол чиройлироқ?


Антиқа голлар

Сергей Петров ("Юниред" — "Машъал")

Анвар Ҳожимирзаев ("Қўқон-1912" — "Андижон-SGS")

Комилжон Тожиддинов ("Ғиждувон" — "Навбаҳор-Фарм")

Ислом Бойсариев ("Юниред" — "Ғиждувон")

Сизни қайси гол ажаблантирди?

Мавсум давомида мураббийлардан эсда қоларли иқтибослар

Денис Коростиченко ("Локомотив" бош мураббийи)

Ушбу мавсум Про лигада куч борасида ҳеч қайси жамоа "Локомотив"дан кучли эмас. Бошқа ҳеч нима дейишни истамайман.

Сиз рўлда бўлиб, ўйинга келяпсизми, демак, максимал ҳаракат қила олмайсиз.

Нега ёшлар ҳозир ўсмаяпти? Муаммолари катта? Ривожланишдаги асосий муаммолардан биттаси, фақатгина клубда эмас, унинг оилавий ҳаётида ҳам бор. Кечагина клубдаги инсон билан бу борада гаплашгандим. Олдинлари кўчада 7-8 соатлаб тўп тепиб юрган болакай ҳозир шунча вақтини телефонлар, планшетлар, мобил ўйинлар учун сарфламоқда.

Рақиб жамоа ишқибозлари сизга қарсак чалиши жуда ёқимли.

Абдумавлон Абдужалиловни Абдумавлон Абдужалиловга ўхшатаман.

Вадим Абрамов ("Динамо" бош мураббийи)

Биринчи таймда бироз футбол бўлганди, иккинчи таймда гол ўтказиб юборганимиздан кейин футбол тугади. 

"Динамо" Олий дивизионга биринчи марта қайтаётгани йўқ.

Эътибор берган бўлсангиз бунгача вақт чўзган футболчини алмаштирдим. Ўйинчилар баъзида футбол айёрликларидан фойдаланишади. Мен кўрсатма берганим йўқ, аммо бунга қарши ҳам эмасман.

Мағлубиятсиз сериямиз 22та ўйинга етгани ёки "Локо" бу мавсум 3-ўйинда ҳам бизни мағлуб эта олмагани бу қанчалик қувонарли билмайман, аммо шунақа сериямизга қарамай турнир жадвалида рақобатчилардан ўзиб кета олмаганимиз, аксинча улардан бироз ортда эканимиз мен учун ғалати.

Бизнинг фақатгина ҳакамлар орқали ютаётганимизни айтишганидан кейин мана нималар бўлди.

Бизга Самарқандда клуб учун қароргоҳ қуришни, инфратузилма барпо қилишни ваъда қилишган. Самарқанд каби гўзал шаҳарларда яхши футбол жамоаси бўлиши керак.

Муҳсин Низомиддинов ("Қўқон-1912" бош мураббийи)

"Хоразм" билан футбол ўйнаб бўлмайди.

Футболда 1:0 ҳисобидаги ғалабага ҳам, 10:0 ҳисобидагисига ҳамм 3 очко берилади.

Футболда 16 ёшли ўйинчи ҳам, 40 ёшли ўйинчи ҳам футболчи саналади.

Нортожиев ўтказиб юборган зарбани Оливер Кан ҳам қайтара олмасди.

Бир марта ҳакамлар тўғрисида гапирганман, бошқа бу ҳақда оғиз очмайман. 

"Динамо" ҳакамлар ёрдамида Про лига ўйинларини ютяпти. Улар бежизга 2-ўринда боришаётгани йўқ. Бунақада ўзбек футболи ривожланмайди. 

VAR тизими Про лиганинг марказий ўйинларида бўлиши керак. Иккита Суперлига йўлланмасини мақсад қилган жамоа ўйнаяпти, бўлиши керак. Шунинг негизида норозилик кайфияти келиб чиқаяпти. Кулгули холат: дастлаб майдон марказини кўрсатишди, кейин бекор қилишди. Вазиятни қайси VAR орқали кўришди?

Ҳеч қачон ҳакамдан нолимаганман ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Улар ҳам тирик жон, ҳамма ҳам хато қилади.

Асрор Алиқулов ("Машъал" бош мураббийи)

Пенальти белгиланди ва шундан сўнг футбол кўрмадик.

Мухлисликда ҳам маданият бўлиши керак. Рақиб жамоа манзилига ҳақорат ишлатиш керак эмас. Биз меҳмондўст халқмиз. 

Қачонки икки жамоа ғалаба учун ўйнаганда эди, жанговар десак бўларди. Шу сабабли жанговар дуранг дейиш бу баҳсга мос тушмайди.

Анвар Бердиев ("Шўртан" бош мураббийи)

Футболчи рақибнинг кучини ҳисобга олган холда майдонга тушиши керак.

Ҳимоячи 90 дақиқа яхши ўйнаб, 91-дақиқада гол ўтказиб юборса, айбланади.

Агарда мураббий футболчилик фаолиятида ҳужумчи бўлмаган бўлса, у бошқараётган жамоада ҳужумчилар билан ишлайдиган мураббий бўлиши лозим.

Ўйинни ҳакам ҳуштаги бошлайди ва тугатади.

Ҳеч қачон захирадан тушаётган футболчидан ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнашини сўрамайман.

"Хоразм"га қарши ўйинда Юнусовга берилган вазият қизил бўлса, Зоировда жарима майдони ичкарисида юзага келган холатда карточка бўлмаса, демак мен футболда ҳеч нарсани тушунмас эканман.

Руслан Аҳмедов ("Хоразм" бош мураббийи)

Футболда кўп нарса молиявий имкониятларга боғлиқ.

Футболни алдаб бўлмайди.

Жамоа аҳзолари биринчи даврада бир сўм ойлик олгани йўқ. Шу боис жамоага савияли футболчиларни чақира олмаймиз.

Ҳамма ерда натижа учун вақт чўзилади, ҳатто Жаҳон чемпионатида ҳам. 

"Хоразм"да селекция бўйича хато бўлган. Моддий техник базамиз яхши бўлмагани туфайли кучли футболчилар бизга ўтмаяпти. "Кўчада қолганлар"ни теришга мажбур бўляпмиз.

Рашид Ғофуров ("Навбаҳор-Фарм" бош мураббийи) 

Ҳеч қайси жамоа бизга қарши 11 нафар маҳаллий ўйинчисини майдонга ташлай олгани йўқ. 

Олдида мақсади бор жамоага ҳакамлар ёрдами шарт эмас.

Ўйинда ҳакамга имконият қолдирмаслик керак. 2-3 та гол ур, унга оғирлик тушмасин.

Генаддий Кочнев ("Ғиждувон" бош мураббийи)

Иккинчи таймда нималар юз берди? Очиғи, шок ҳолатидаман. 

Бундай ўйиндан кейин нима дейиш мумкин... Тўғрисини айтсам, яхши сўзлар ҳам топа олмаяпман. Эрталаб соат 5дан йўлга чиққанимизни, таркибдаги бир қанча футболчиларнинг рулда бўлганини инобатга олсак, кимнидир айблашни истамайман. 

Ушбу мавсумда жамоага янги келган футболчиларга ҳали экипировкалар берилмаган. Кўрганингиздек, ўйинарга лўлидек келяпмиз.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика