"Пицца тикишга тайёрман!" — Пранделли "Ювентус"нинг "Галатасарой"га қарши камбэк қилишига ишонмоқда

Aslanov Jasurbek
25 фев 2026, 17:51
Италия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Чезаре Пранделли Чемпионлар Лигаси 1/8 финалига ўтиш учун курашаётган "Ювентус" имкониятларини юқори баҳолади ва уларнинг вазияти умидсиз эмаслигини таъкидлади.

Вазият қандай?

Эслатиб ўтамиз, ЕЧЛ плей-офф босқичининг жавоб ўйини бугун Туринда бўлиб ўтади. Истанбулдаги дастлабки баҳсда турк клуби 5:2 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритган эди.

Пранделлининг фикри ва ишончи:

Мутахассиснинг сўзларига кўра, сафардаги ўйин турклар учун бутунлай бошқача сценарийда кечади:

"Уйдаги "Галатасарой" — битта жамоа, сафардагиси эса умуман бошқа. Уларнинг ўртасидаги фарқ жуда катта. Дастлабки ўйиндаги 2:5 ҳисобидан кейин "Ювентус"га кейинги босқичга ўтиш қийин бўлади, лекин бу имконсиз эмас. Тарих эпик ғалабалар билан тўла, туринликлар бунга ишониши ва ҳаракат қилиши керак".

Пицца ва Спаллетти фактори:

Пранделли журналистнинг "Ювентус"нинг кейинги босқичга чиқишига пул тикармидингиз?" деган саволига шундай жавоб қайтарди:

"Ҳа, бунга пицца тиккан бўлардим. Таркибида Осимхен бўлган жамоага уч ёки тўртта гол уриш ва ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиш осон бўлмайди. Лекин Истанбулдаги биринчи бўлимдан кейин "Галатасарой" 45 дақиқа ичида "Ювентус"га учта гол уришини ким тасаввур қила оларди?

Спаллетти жамоаси буни уддалай олади, нега энди йўқ? Агар улар дастлабки йигирма дақиқа ичида ҳисобни очишса, психологик жиҳатдан ҳамма нарса ўзгаради", — деди Пранделли.

Кўринишидан, бугун Туриндаги стадионда ҳақиқий футбол спектакли ва ҳужумкор ўйин гувоҳи бўламиз.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: La Gazzetta dello Sport