"Пахтакор" vs "Нефтчи": Қайси бирида чемпионлик имконияти катта?
06 фев 14:22
Янгиликлар
"Пахтакор" vs "Нефтчи": Қайси бирида чемпионлик имконияти катта?
Ўтган йили ҳам шундай бўлди-ку, дейишингиз мумкин. Йўқ, ўтган йили "Пахтакор"нинг биринчи даврадаги, "Насаф"нинг эса иккинчи даврадаги инқирози "Нефтчи"ни олдинга ўтказиб юборди. Бу йил эса умуман бошқача: чемпионатга иккита клуб яққол бошқалардан устунлик билан кириб келяпти. Иккиси ҳам таркибини сақлаб қолган ҳолда айрим нуқталарини кучайтириб олган жамоалар — "Пахтакор" ва "Нефтчи". Келинг, бу икки клубни позициялар бўйича бир-бири билан солиштириб чиқамиз. Аввало, таққослашни мураббийлар штабида бошлаймиз.
МУРАББИЙ: Кўрамиз, кузатамиз
"Пахтакор"да бу позицияда жамоанинг кўп йиллик садоқатли экс-футболчиси Комолиддин Тожиев фаолият юритмоқда. У сўнгги 3 йилда мураббий сифатида етилиб, 2025 йилнинг иккинчи даврасида инқирозга тушиб қолган пойтахтликларни жарликдан қутқариб қолди. Жамоанинг аксар етакчи футболчилари унинг фаолияти сўнггида клубда дебют қилган йигитлар ҳисобланади. Мураббий ва футболчилар ўртасида яхши муносабат шаклланган — бу жуда муҳим. Қолаверса, Киевнинг "Динамо" клубида кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Эмилиан Карас ёрдамчи мураббийга айланди.
"Нефтчи" эса Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси билан яхши натижалар кўрсатган Исломбек Исмоиловга катта имкониятлар яратиб берди. Исмоилов чемпион жамоани қўлга олди, энди унинг олдида катта масъулият ётибди — амалдаги чемпионликни такрорлаш. Бу осон бўлмайди. Буни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ҳам яхши англаб, ҳам жамоа, ҳам мураббий манфаати учун Ўзбекистонга бегона бўлмаган мураббий Юрген Геде ҳамда бир қатор хорижлик мураббийларни водийга таклиф қилди.

ДАРВОЗА: Деярли тенглик
Икки жамоанинг ҳолати деярли тенг. Владимир Назаров ва Ботирали Эргашев Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Ўткир Юсупов ва Абдувоҳид Неъматовидан кейин ўз имкониятларини кутаётган киперлар ҳисобланади. Сўнгги йилларда ўзбек футболида дарвозабонлар амплуаси бўйича катта муаммо юзага келган бир пайтда, бу икки посбон ўз жамоаларининг етакчи ўйинчиларига айланган. Вазиятга қараб Санжар Қувватов ва Акбар Тўраев асосий посбонларга захира бўлади. Демак, дарвозабонлар сифати бўйича тенглик бор.

ҲИМОЯ: "Пахтакор" бир қадам олдинда
Миллий терма жамоа даражасида қарайдиган бўлсак, терманинг икки қанот ҳимоячиси — Алижонов ҳамда Насруллаев "Пахтакор" сафида. "Нефтчи" таркибида эса Фаррух Сайфиев ва Иброҳим Ҳалил Йўлдошев жаҳон чемпионатига бориш имконияти юқори бўлган футболчилардир. Шунингдек, тошкентликлар сафида Муҳаммадқодир Ҳамралиев ва Заид Таҳсин ҳам терма жамоа аъзолари ҳисобланади. Адолатли ёндашув билан қаралса, ҳимоя чизиғида устунлик "шерлар" томонида.

ЯРИМ ҲИМОЯ: Рақобат энг кучли жой
Бу чизиқда фарғоналиклар сафида Ўзбекистоннинг энг яхши плеймейкерларидан бири Жамшид Искандеров ҳаракат қилади. Унинг олдида чемпионатнинг кўп йиллик тажрибали футболчиси Икром Алибоев бор. Сўнгги йилларда Исмоилов яхши ўсди. Одиловга эса реклама керак эмас. ОКМКни елкасида кўтариб юрган Ҳуршид Ғиёсов ҳам сифатли трансферлардан бири, деб айта оламан. Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши легионерларидан бўлган Йовович ва Жокич ҳам айнан шу амплуа вакилларидир.
Комолиддин Тожиев учун энг катта бош оғриқ — ярим ҳимоя чизиғи. Мураббий қўл остида Достонбек Ҳамдамов, Ҳожимат Эркинов, Ойбек Бозоров, Азизбек Турғунбоев, Башар Ресан, Фламарион бор. Чемпионатдаги энг “бум” трансфер ҳам айнан шу позиция эгаси — Акмал Мозговой бўлди. Таянч ярим ҳимоячилардан Собирхўжаев, Бўриев ва Иброҳимовни ҳам қўшамиз. Ростдан ҳам, Тожиев учун қийин танлов. Менимча, бу ярим ҳимоячилардан яна битта алоҳида таркиб тузиш мумкин. Афтидан, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ОЧЛ-2ни ютишни мақсад қилган.

ҲУЖУМ: Устунлик "Нефтчи"да
6 февраль санасига тўғри келиб ёзилаётган мақоладан келиб чиқиб айтсак, ҳужум чизиғида устунлик ҳозирча "Нефтчи" томонида. Нимели ва Марушич аллақачон Ўзбекистон чемпионатига мослашиб олган футболчилар. Йовович эса "Пахтакор" ярим ҳимоячиларидан фарқли равишда ўзи вазият яратиб, уни гол билан якунлай оладиган вингер.
"Пахтакор" тўртта позиция бўйича имкониятни бой бераётган ягона нуқта — айнан ҳужум чизиғи. Сергеевнинг кетиши клуб учун жиддий муаммо бўлди. Шу сабабли ижарада бўлган Турдимуродов қайтарилди. Агар жамоа яна битта ҳужумчи олмаса, узоқ мавсум учун фақат Турдимуродовнинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин.
Ҳозирча бу фикрлар бугунги трансферлардан келиб чиқиб ёзилган хулосадир. Чемпионат бошланишига яна 3 ҳафта вақт бор. Ким билади, "Пахтакор" ҳам, "Нефтчи" ҳам яна ўз позицияларини кучайтириб олиши мумкин. Эшитишимча, икки жамоа ҳам хориждан ҳужумчи қидирмоқда.

ХУЛОСА. Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб айтганда:
Дарвозада — Тенглик
Ҳимояда — "Пахтакор",
Ярим ҳимояда — икки жамоа ҳам жуда кучли,
Ҳужумда — "Нефтчи".
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
ЕЧЛ. "Барселона" меҳмонда "Ньюкасл" билан дуранг ўйнади
Суперлига. "Насаф" сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига "Динамо" билан дуранг ўйнади
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" — "Манчестер Сити" 3:0
Фикрлар
Шунинг учун ман футболни ф хавфини тушунмасам хам иложи булса сансирамасдан фикр билдиришга харакат килинг чунки мани ешим 50 га якинлашиб колган кейин сиз айтганидек нефтчини "харомхур" хакамлар билан алокаси борлигига далил исботингиз булса гапирганингиз макул булмасам курук тухмат булиб колади
Pahtakor chempioni.