"Пахтакор" олган легионерлар қолганлардан ажралиб тураётгани йўқ" — Шуҳрат Раҳмонқулов

Iskandarov Abdulaziz
29 авг 2026, 18:30
Ўзбекистон Кубогининг марказий қарама-қаршилиги олдидан таниқли собиқ футболчи Шуҳрат Раҳмонқулов бўлажак дерби, жамоаларнинг имкониятлари ва тошкентликлар таркибидаги муаммолар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Ўзбекистон Кубоги баҳсларида имкониятлар тенг, бироқ кейинги босқичга фақат бир жамоа йўл олади. Тўғри, "Нефтчи" бироз кучлироқдек таассурот қолдирмоқда, аммо "Пахтакор" таркибини ҳам бўшаштириб бўлмайди. Ўйлашимча, шиддатли ва чиройли ўйиннинг гувоҳи бўламиз. Мусобақа форматига кўра, бу ерда дуранг қайд этилмайди. Бунинг устига, фарғоналиклар ўз майдонида тўп суришади, мезбонлар эса осонликча енгилмайди.

"Пахтакор"нинг бугунги легионерлари ҳақида тўхталадиган бўлсам, улар юқори савияда эмас. Футболчиларни камситмоқчи эмасман, аммо реаллик шундай — ўзимизда ҳам улардан қолишмайдиган йигитлар етарли. Жамоанинг охирги учрашувларини кузатдим, легионерларда алоҳида ажралиб турадиган маҳорат кўринмаяпти. Селекцияда хатоликка йўл қўйишдими, билмадим. Аслида "Пахтакор" сингари клубда доимо фарқни юзага келтира оладиган кучли легионерлар ўйнаши керак.

"Нефтчи"нинг афзаллиги шундаки, уларда бир-бирининг ўрнини бемалол тўлдира оладиган иккита тенг кучли таркиб бор. Кичик ротациялар сабаб жамоанинг ўйин суръати пасайиб қолмайди. "Пахтакор"да эса, аксинча, кимдир жароҳат олса, унинг ўрнини тўлдириш муаммога айланмоқда. Шу сабабли таркибдаги йўқотишлар ва муаммолар фарғоналикларни камроқ ташвишга солса керак”,- дейди Шуҳрат Раҳмонқулов.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia