Пауло Дибала: “Ювентус”да ғалабага хоҳишни ўргандим”
16 янв 2016 00:55
Янгиликлар
Пауло Дибала: “Ювентус”да ғалабага хоҳишни ўргандим”
“La Repubblica” нашри мухбири билан суҳбатда аргентиналик футболчи турли масалалар юзасидан фикрларини билдирди.
- Пауло, дастлабки ҳақиқий зарбаларни Гаттузодан олишни бошлаганинг ростми?
- У мени бир неча ой шуғуллантирди, лекин менга зарбаларни қабул қилишни ўргатди. Мени ҳужумкор позицияга қўйиб, ўзи ярим ҳимояга тушарди. Агар уни алдасам, дарҳол майдонга қулатарди. Шундай тарзда тўқнашувга дош бериш, тўпни тана билан яшириш ва тўқнашувнинг олдини олишни ўргандим. Кейин Якини келди ва мени ҳужумга қўйди. Ўз-ўзидан ҳимоячиларнинг ҳақиқий зарбаларига дош беришга тўғри келди.
- Иқтидорга чиниққан мускуллар зарурми?
- Машғулотда бунга тайёр бўлмасанг, уддасидан чиқмайсан. Куадрадога қаранг. Енгилдек кўринади, лекин зарбаларга осон дош беради. Уни йиқитиш осон эмас.
- Мессини кўплаб аргентиналиклар ёқтиришмайди. Нега?
- Чунки биз ўзгача халқмиз. Марадонадан фарқли равишда у жаҳон чемпиони эмас, шу сабабли уни танқид қилишади. Мен уларни таққосламайман: бизда Диего бўлган ва ҳозир Месси бор. Уларни асраш керак.
- Мессидан кейин Дибаланинг эртаси бўлишини гапиришмоқда. Ўша кунгача узоқми?
- Эртага - бу Месси. У ва Агуэро, Ди Мариянинг ўйинларидан завқ олиш лозим. Улар билан машқ қилиш катта омад ва кучли ҳаяжондир.
- Месси билан бирга ўйнаш ҳақида ўйлайсанми?
- Тез-тез. Ўйлашимча, у 5 рақиб орасида бўлса ҳам тўпни унга узатаман.
- Сенда Италия ва Польша паспортлари ва қони бор. Ўзингни қанчалик аргентиналик деб ҳис қиласан?
- Юз фоизга. Гарчи, кўзимнинг ранги туфайли хорижликка ўхшаб кўринсам ҳам. Танлаш пайти келганда бирор дақиқа ўйланиб ўтирмадим. Италия ва Польша терма жамоаларида рақобат камроқ бўларди, бироқ Аргентина учун ўйнашни хоҳлайман. Агар бу ўхшамаса, унда ўзимга савол бераман, лекин байроғимни ўзгартирмайман. Ўз мадҳиям, рангларим мавжуд бўлмаган терма жамоада бахтли бўла олмасдим.
- Демак, бундай йўл тутганлар сотқин ҳисобланадими?
- Дўстим Франко Васкеснинг онаси итальян. Менда эса фақат бувимнинг аждоди томондан олинган паспорт бор холос. Унинг ўзи ҳақида билмайман. У ўзини итальян деб ҳис қилади, мен эса йўқ.
- Аслида сен поляксан, шундайми?
- Тўғри, лекин бир неча ойлар аввал келиб чиқишим ҳақида ўйламагандим. Аниқроғи, бобомнинг опаси билан танишган кунимга қадар. Бир польшалик журналист мен ҳақимда ҳужжатли фильм тайёрлади. Кўрсатув учун Краков яқинида Красновдан Дибалалар оиласидан охирги вакилни излаб топган. “Skype” орқалибувимнинг яқин туғишгани, шунингдек, амакиваччаларимдан бири билан суҳбатлашяпман. Польшада эса бўлмаганман. Акам Мариано бу билан кўпроқ қизиқиб қолди. У бирор жавоб олмасдан кўплаб хатлар йўллади.
- Отанг сен 15 ёшлигингда вафот этган.
- У мени ҳар бир машғулотга олиб борарди. Кўп касал бўлди ва ўлимини бир ой аввалроқ ҳис этгандим. Мен уни жуда соғинаман. Лекин унинг ёнимда эмаслиги менга куч берди ва улғайтирди. Оиламга боғланиб қолганман, онам мен билан Туринда истиқомат қилади. Фаолиятим учун уйимда кўп яшамаслигим зарурлигини билганман ва клубга қарашли пансионатда истиқомат қилардим.
- 18 ёшда қитъани алмаштириш жуда эрта эмасми?
- Европага кетишдан аввал 2-3 йил “Бока” ёки “Ривер”да ўйнаш ҳақида ўйлардим. Лекин бир кун Зампарини 12 миллион билан пайдо бўлди ва кетишга мажбур эдим. Таклифни қабул қилишимга ишонтиришди, чунки бу пул кичик клубимни қутқариб қолишга етарли эди. Лекин трансферим амалга ошгач, клуб президенти ғойиб бўлди ва “Институто” яна пулсиз қолиб кетди. Собиқ жамоадошларимга яна пул тўлашмаяпти ва улар мухлислар учун ўйнаб келишмоқда. Қаттиқ жаҳлим чиқди, чунки мендан фойдаланишган.
-“Палермо” тўғри танлов бўлганми?
- Ҳа, чунки мени клубда 10 йилдан бери юргандек қабул қилишди. Бошида қийин бўлди. Тилни билмасдим ва ҳеч қачон мураббийим ўзгармаганди. Жамоадошларим бу оддий ҳолат эканлигини айтишди. Тушиб кетишимиз оғриқли бўлди, лекин “Палермо”да кўп нарсаларни ўргандим. Грандларга ўтиш хоҳишим Сицилия орқали содир бўлди. Муваффақиятли ўйнасам, барчаси ўз-ўзидан содир бўлишини билардим.
- “Юве”да ўйнаб кета олмаслик ҳақида ўйламадингми?
- Йўқ, акс ҳолда “Палермо”да қолардим. Бошқа томондан ҳеч ким 6 ўйинда мендан 15 гол талаб қилгани йўқ. Аллегри мени захирада қолдирса, бу унинг ўйинни ютқазишни истамаслиги билан боғлиқ. У ўтган мавсум деярли барча нарсани ютди ва ундан хафа бўлишга ҳаққим йўқ.
- Аввал сенда бўлмаган нимага эгасан?
- Ғалабага хоҳишни ўзлаштирдим, бу жуда қийин ва ғалати. Берлиндаги финалдан кейин жамоа билан бирга Италияга қайтдим ва бир вазият мени ҳаяжонга солди. Маркизио олдимга келди ва кейинги йил ҳамма нарсани ютишга ёрдам бериш учун тайёр бўлишимни таъкидлади. Улар сал аввал Чемпионлар лигаси финалини ютқазишди, лекин таътил ўрнига келаси мавсум тўғрисида ўйлашни бошлашди. Ўша лаҳзада “Палермо”ва“Ювентус” ўртасидаги фарқни сездим.
- Шундай тез киришиб кетишингни ўйлаганмидинг?
- Мавсумда 15 гол уришга умид қилгандим. Ҳозир ҳисобимда 10 тўп мавжуд ва режани кўтарсам бўлади. Тахминларимдан олдинда кетяпман.
Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.
Фикрлар