ЎзПФЛ Жаҳон лигалари форумида ўз тақдимотини намойиш этди
17 окт 2023 10:59
Янгиликлар
ЎзПФЛ Жаҳон лигалари форумида ўз тақдимотини намойиш этди
Унда Лига бош директори Диёр Имомхўжаев ҳамда Клубларни лицензиялаш ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Зохиржон Акрамхонов иштирок этди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мазкур ташкилотга 2022 йилда расман қабул қилинганди. Шундан келиб чиқиб, WLF бош котиби Жером Перлемутер ЎзПФЛ аъзоларига мамлакат ички чемпионати масаласида тақдимот ўтказиш таклифини берди. Бу бизга барча аъзо лигалар раҳбарлари ҳамда мутахассислари кўз ўнгида Ўзбекистон ҳамда унинг футболи ҳақида тақдимот ташкил этиш имкониятини яратди. Шу асосда WLF мутахассислари томонидан тайёрланган ва етакчи лигалар фаолияти, статистикалари ҳамда бошқа деталларини ўз ичига олган йиллик сарҳисобдан ЎзПФЛ ҳам илк марта жой олди.
Қувонарли томони, тақдимот ташкилотнинг қолган аъзолари томонидан илиқ қарши олинди. Жумладан, АҚШ, Англия, Австралия, Белгия, Полша, Қатар, Латвия, Туркия каби лигалар раҳбарлари форумдан кейин тақдимот юзасидан ўзларининг ижобий фикрларини алоҳида билдириб ўтди. Шунингдек, ЎзПФЛ томонидан 2023 йилдан бошлаб йўлга қўйилган футболчилар лицензияси вазифасини бажарувчи микрочиплар ҳамда учрашув қайдномаларини икки дақиқа ичида тўлдириш имконини берувчи онлайн платформага юқори баҳо берилди.
Эндиликда Лигамиз WLF таркибига кирувчи лигаларнинг тенг ҳуқуқли ҳамкори ҳисобланади. Бу ҳолат биз учун дунёнинг исталган ТОП лигалари ва клублари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш учун йўл очади. Яқин келажакда маркетинг, телетрансляциялар, мухлислар билан ишлаш каби масалаларда қатор семинар ва учрашувлар ташкил этиш режалари ишлаб чиқилади.
Маълумот учун, мазкур йиғилишда Ўзбекистондан ташқари ФИФА, ИФАБ, ФИФПро, Европа клублари ассоциацияси, УEФА ва Жаҳон меҳнат ташкилоти вакиллари, шунингдек, Польша, Швеция ҳамда АҚШ лигалари вакилларининг ҳам тақдимот ва чиқишлари бўлиб ўтди.
Фикрлар