UZ

Сўнгги янгиликлар

17:24Жиянов, Исмоилов, Бубанья, Жумаев ва бошқалар... Суперлига 10-тур рамзий терма жамоаси   0 17:10Ўзбекистон Кубоги. "Сўғдиёна" – "Хоразм ФА". Таркиблар маълум  0 16:43Дэвид Бекхэм Рубен Аморимнинг МЮдаги фаолияти ҳақида: "Уни қўллаб-қувватлаш керак, кейин натижани кўрасиз"  0 16:16ЎФА мураббийлар кенгаши йиғилишида МТЖнинг ЖЧ саралаши ва U-17 термасининг мундиалга тайёргарлиги муҳокама этилди  0 15:52Остон Ўрунов: "Ўтган мавсумдан сўнг етарлича дам олмаганим ва тиғиз тақвим туфайли мукаммал жисмоний ҳолатга кира олмадим"  6 15:27Кака Бразилия терма жамоасида Карло Анчелоттига ёрдам бериш истагини билдирди  3 14:59Ҳимояда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. "Реал"нинг 4 нафар ҳимоячиси КЖЧда иштирок этиши мумкин  1 14:35Аббос Файзуллаев кечаги хатоси учун ЦСКА мухлисларидан кечирим сўради  9 14:08Агент Клоппнинг "Рома"га тайинлови масаласида баёнот берди  3 13:44ЎФА вакиллари "Шўртан" футбол академиясида бўлди  0 13:25"Бунёдкор" "Навбаҳор" билан ўйинда адолатсизликка учрадими? Суперлиганинг 10-туридаги ҳакамлик фаолияти таҳлили  9 13:10Ёзда эркин агентга айланадиган АПЛ футболчилари  5 12:42"Цементчи" "Арал" билан ўйин учун Нукусга бормайди. Жамоага техник мағлубият ёзилди  5 12:13"Милан" ярим ҳимоячиси "Реал"ни эмас, "Манчестер Сити"ни танлади  5 11:45"Артета эффекти": Райс "Арсенал"да олдинги фаолиятидагидан кўра кўпроқ гол урди  2

Ўзи ҳам йиғлаган, мухлисларни ҳам йиғлатган чемпионлар Янгиликлар

Ўзи ҳам йиғлаган, мухлисларни ҳам йиғлатган чемпионлар

Июнь ойи бошидан бери давом этиб келган U-23 Осиё кубоги ҳам ўз ниҳоясига етди.

Мамлакатимизнинг 4 стадиони ("Пахтакор", "Бунёдкор", "Локомотив" ва "Марказий" Қарши) мезбонлик қилган мусобақанинг ҳал қилувчи учрашувида Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони U-23 терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боришди. Унда саудияликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

ФОТО  Улар кубокка жуда яқин келишганди...

Ҳаммадан кучли Саудия, ҳатто биздан ҳам

Саад Ал Шеҳри жамоаси мусобақадаги энг кучли жамоа бўлишди. Уларнинг дарвозасига ҳеч бир рақиб йўл топа олмади, мусобақада энг кам хавфли вазиятлар айнан уларнинг дарвозаси олдида юзага келди. Ҳимояда Саудия феноменал ўйин кўрсатди.

Бу жамоа Тошкентга чемпион бўлиш учун келди. Гуруҳ баҳсларидан кейин таркибга миллий терма жамоанинг икки нафар аъзоси Ҳассан Тамбакти (марказий ҳимоячи) ва Ферас Ал Брикан (марказий ҳужумчи). Тамбакти келибоқ сардорлик боғичини бошқа бир марказий ҳимоячи Сауд Абдулҳамиддан олди. Ҳа, аллақачон С.Арабистони миллий терма жамоасида асосий таркибда тушаётган икки футболчининг чорак финал олдидан таркибга келиб қўшилиши улар фақат чемпионлик ҳақида ўйлаганини англатади.

Финалгача кўпчилигимиз бизнинг жамоа энг кучлиси деб ўйлагандик. Ироқ ва Японияга қарши учрашувлар бунга сабаб эди. Аммо, ундай эмас экан. Бу Саудия Арабистони U-23 терма жамоаси ҳаммадан, ҳатто биздан ҳам кучли экан. Улар 2 ёш кичик футболчилар билан келишмади. Кечаги финални асосий таркибда бошлаганлардан фақат 2 нафари 2001 йилда туғилган. Яъни, бизникилар билан тенгдош. Булар: Айман Яҳё (7-рақам) ва Аҳмад Ал Ғамди (11-рақам).


Рақиб ҳозир биздан кучли эканлигини тан олиш керак. Лекин, 2 йилдан сўнг бу йигитларимиз ўзлари билан тенгдош таркибдаги рақибларга қарши бундан ҳам ажойиб ўйин ва натижалар қайд этишларига умид қилиб қоламиз. Ҳатто, бунга ишонч ҳам бор. Бугунча эса С.Арабистони ҳаммадан кучли жамоа сифатида мусобақада ғолиб бўлди. Жамоа 6 ўйинда бирорта гол ўтказиб юбормади, индивидуал совринларнинг ҳаммасини ўзиники қилиб олди.

Улар кеча иккинчи қаватдаги курашларда имкон беришмади, улар кеча Ҳожимат Эркиновга финт ишлатишга имкон беришмади, улар кеча Ҳусайн Норчаевга имконият қолдиришмади, улар кеча Жасур Жалолиддиновнинг зарба беришига йўл қўйишмади, улар кеча жуда яхши ҳимояланишди ва ўз ҳужумларидан самарали фойдаланишди. Саад Ал Шеҳри жуда шаклланган жамоани юртимизга олиб келгани ва финалда бизни жуда яхши ўргангани билинди. Икки нафар марказий ҳимоячилари жуда кўп эпизодларда ҳаммаёқни "тозалаб ташлашди". Бир сўз билан айтганда, Саудия энг кучли жамоа бўлди.


Ўзи ҳам йиғлаган, мухлисларни ҳам йиғлатган чемпионлар

Тимур Кападзе ажойиб жамоа шакллантирмоқда. Бу йигитлар бизга Қатар билан бир-биридан чиройли голларни, Ироқ билан фантастик иродани ва Япония билан баҳсда мукаммалликни намойиш этиб беришди. Мана шу учрашувлар сабаб мухлислар уларни яхши кўриб қолишди. Бу жамоамиз футбол ишқибозлари анчадан бери ҳис қилмаётган туйғуларни тақдим этишди. Одамларда футболга бўлган меҳрни қайтаришди, стадион тўлишига сабаб бўлишди.

Кападзе шогирдлари ўз ўйинлари билан барчанинг олқишларига сазовор бўлишди. Одатда, жамоаларимиз ютқазганда мағлубият сабабчилари-ю, голлар қандай қилиб, кимларнинг хатолари билан келганини таҳлил қилиб ўтирардик. Бу сафар эса айбдорларни излашдан йироқмиз, чунки улар бизни мағлубиятда айбдор қидирмасликка мажбурлай олишди. Шу сабаб ҳам сарлавҳага уларни чемпионлар деб ёздим. Тўғри, амалда Саудия чемпион. Лекин, кўпчилик, шу жумладан ўзим учун ҳам бу йигитлар чемпиондирлар. Мухлисларни стадионга қайтарганликлари учун, футболга муҳаббатни қайтарганлари учун, деярли 3 ҳафта давомида шунча адреналин тақдим эта олганликлари учун, бир жамоа бўла олганликлари учун, мухлислар кутадиган ўйинни намойиш эта олганликлари учун улар чемпион.

Финалдаги мағлубият уларнинг шунча меҳнати ва кўрсатган кароматларини ҳавога учириб юбора олмайди. Кечаги мағлубиятдан кейин стадионни тарк этмай футболчиларни олқишлаб турган ва метрода ютқазганимизга қарамай, Ўз-бе-кис-тон деб бақириб кетаётган мухлисларга боқинг. Охирги марта қачон футбол сабаб бундай перформансни кўргандик. Анча бўлди-а. Ҳаммаси учун раҳмат, йигитлар!


Финал якунлангач футболчиларимиз йиғлашди, уларга қўшилиб баъзи мухлислар ҳам йиғлади. Бош мураббийлар кўзида ёшни ҳар доим ҳам кўравермаймиз. Кеча Тимур Кападзе ҳам йиғлади, чунки у чемпион бўлишни мақсад қилганди. Ўша дақиқаларни бевосита майдон четида ўтириб кузатиш оғир эди. Бу Кападзе учун мураббий сифатида биринчи финал эди. Мураббий нималарни ҳис қилгани ўзига аён. У ҳатто матбуот анжуманига ҳам кўзлари қизарган ҳолда кириб келди. Дастлабки фикрларини билдираётганда овози қалтираброқ чиқди. Демак, майдондаги кўз ёшлар кийиниш хонасида ҳам давом этган. Анчадан бери айтиб келадиган бир фикримни яна бир бор такрорламоқчиман. Кападзе сиймосида ўзбек футболи учун топ мураббийни кўряпман. Купер кетгандан кейин МТЖга номзодлар орасида Тимур акани ҳам тилга олганмиз ва ўшанда мутахассис ҳали миллий терма жамоани бошқаришга тўла тайёр эмаслиги, ундан олдин маълум босқичлардан ўтиши ва МТЖни бошқаришга муносиблигини исботлаши кераклигини айтгандик. Назаримда, Кападзе ўша мураббий сифатида ўзини нималарга қодирлигини исботлашни бошлади ва яқин йилларда асосий жамоамизни бошқаришга ҳам тайёр бўлади. Шундай давом этинг!

Кападзе матбуот анжуманида финалдаги мағлубият учун мухлислардан узр сўради ва футболчилари билан фахрланишини айтиб ўтди. Улар билан биз ҳам фахрланяпмиз. Бу жамоа тузилганда асосий вазифа қилиб Париж олимпиадаси белгилаб олинган. Энди бизда ишонч бор. Бу йигитлар 2 йилдан кейинги мусобақада муносиб иштирок этишлари ва олимпиадага йўл олишларига ишонч.

Ажойиб жамоа учун Тимур Кападзега, томошабоп ўйин учун футболчиларга катта раҳмат айтамиз! Баракалла, йигитлар!

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +41   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика