Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйинини бошқарган ҳакам борасида ОФКга мурожаат қилинди

Narzulla Saydullayev
15 янв 2016
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси томонидан ҳакам Фаҳад ал Мирдасий борасида Осиё футбол конфедерациясига мурожаат бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳакам Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйинини бошқарган ва бир неча бор қўпол хатоларга йўл қўйган эди.

Uff.uz'га хабар қилинишича, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси томонидан билдирилган мурожаатда ҳакам Жанубий Кореяга қарши кечган учрашувда бир қатор вазиятларда нотўғри қарор қабул қилгани айтилган ва мусобақа якунига қадар ушбу ҳакам Ўзбекистон иштирокидаги ўйинларни бошқармаслиги сўралган. Хусусан мурожаатда қуйидагича фикр билдирилади.

"Бундай ҳакамлик ОФКнинг обрўйига мос келмайди деб ҳисоблаймиз. Ўйин тасвири қайта кўриб чиқилгач шундай хулосага келдикки, айрим вазиятларда ҳакам Ўзбекистон олимпия терма жамоаси зарарига нотўғри қарор қабул қилган. Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг бир қатор ОАВда норозилик билдирилди ва мухлислар ўртасида Осиё футболи борасида салбий фикрлар пайдо бўлмоқда.

Шу сабабга кўра Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйинини бошқарган ҳакам мусобақа якунига қадар Ўзбекистон олимпия терма жамоаси иштирокидаги ўйинларга тайинланмаслигини сўраймиз".

Эслатиб ўтамиз, саудия арабистонилик ҳакам Фаҳад ал Мирдасий Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйини учун жуда паст ҳисобланадиган 4 баҳо олгани хабар қилинмоқда, аммо бу маълумот расмий тасдиғини топганича йўқ.

Зафар ҚОСИМОВ, Доҳа


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: uff.uz