

Маълумот учун, Кападзе 2004, 2007, 2011, 2015 йилги қитъа биринчиликларида терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилган. Айтиш мумкинки, Тимур Кападзенинг ёрқин хотиралари фақат битта мусобақа атрофида бўлди.
Энг эсда қолган турнир
- "Энг эсда қолган мусобақа деб 2011 йил Қатарда ўтказилган Осиё Кубогини айтган бўлардим. Бу турнирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси энг яхши натижасини қайд этиб, якунда 4-ўринни қўлга киритганмиз. Ўйлайманки, кўпчилик мухлисларга ҳам Қатарда ўтган мусобақа ёққан".
Энг эсда қолган ўйин
- "Энг эсда қолган ўйин - 2011 йил Қатарга қарши кечган баҳс. Бу мусобақанинг очилиш учрашуви бўлиб, эътибор юқори эди. Кўпчилик мезбонларни фаворит деб ҳисоблаган бир пайтда биз 2:0 ҳисобида ютганмиз. Жуда чиройли ўйин бўлганди".
Энг эсда қолган ғалаба
- "Энг эсда қолган ғалаба сифатида ҳам 2011 йилги баҳсни айтаман. Гуруҳдан чиққач Иорданияга қарши майдонга тушгандик. Мана шу ўйинни ҳозиргача унутмайман. Улуғбек Бақоев иккита гол урган учрашувда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганмиз".
Энг аламли мағлубият
- "Афсуски, энг аламли мағлубият ҳам Осиё Кубоги-2011да рўй берган. Мусобақанинг ярим финалида Австралия бизни 6:0 ҳисобида мағлуб этганди. Бу ўйин ниҳоятда аламли мағлубият сифатида ёдда қолган".
Энг чиройли гол
- "Энг чиройли ва эсда қолган гол сифатида 2011 йилги мусобақанинг гуруҳ босқичи 3-турида Александр Гейнрих томонидан Хитой дарвозасига урилган голни айтган бўлардим. 2:2 ҳисобида якун топган баҳсда Гейнрих жуда чиройли тўп киритганди".



