ОКМКда академия иш бошлайди
19 ноя 2023 15:47
Янгиликлар
ОКМКда академия иш бошлайди
Олмалиқнинг ОКМК футбол клуби раҳбарияти “Барселона” футбол клубининг яқиндагина қўшни Қирғиз Республикасида очилган академияси меҳмони бўлдилар.
Кўпчиликка маълумки, юртимизда болалар футболини қўллаб-қувватлаш ва уларга асосий эътиборни қаратиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан футболни янада ривожлантиришга қаратилиб, имзоланаётган бир нечта фармонларнинг асосий қисми болалар ва ўсмирлар футболини янги босқичга олиб чиқиш, жумладан жойларда футбол академиялари ташкил этишга қаратилмоқда.
Шу мақсадда, Олмалиқнинг ОКМК футбол клуби президенти Абдулла Холмуродович Хурсанов ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси юзасидан клуб бош директори Баҳодир Мирзаевга Олмалиқ шаҳрида ОКМК футбол клубига қарашли футбол мактаби мақомини академия даражасига олиб чиқиш бўйича керакли топшириқлар берганди. Ҳозирги кунда, клуб раҳбарияти томонидан академия ташкил этиш борасида футболда ўз сўзини айтган ва халқаро тажрибаси юқори бўлган бир қатор мамлакатлар модели ўрганиб чиқилмоқда.
Куни кеча ОКМК футбол клуби бош директори Баҳодир Мирзаев, клуб менежери Дониёр Ёқубов ва спорт директори Жаҳонгир Рислиқбоев қўшни Қирғиз Республикасида бўлиб қайтишди.
Сафардан асосий мақсад, бундан роппа-роса икки ой муқаддам Жалолобод шаҳрида фаолиятини бошлаган “Барселона” футбол клуби академияси билан яқиндан танишиш бўлди. Сафар таассуротлари, клубнинг режадаги академияси қандай бўлади ва шу каби саволларга клуб раҳбари қуйидагиларни маълум қилди.
- Биласизми, клубимиз президенти футболни ашаддий ишқибози ва жонкуяри. Умуман олганда, спортга, соғлом турмуш тарзига бефарқ эмас. Сўнгги йилларда, Олмалиқ шаҳридаги футбол инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш учун қатор шароитлар яратиб берди. ОКМК спорт мажмуаси майдони жаҳон талабларига жавоб берадиган даражада янгиланди.
Ҳозирда, Олмалиқдаги майдон майсаларига жуда кўпчиликнинг ҳаваси келмоқда. Шунингдек, стадионимизнинг ёритиш тизими ҳам халқаро талаблар даражасида ўзгартирилди. Олмалиқдаги стадионга ўрнатилган замонаий улкан монитор эса, ўйлашимча ҳозирча юртимизда ягона бўлса керак. Қолаверса, стадионнинг медиа трибунаси, олий даражадаги меҳмонлар учун мўлжалланган ВИП ложа, жамоаларнинг кийим алмаштириш хоналари, ҳакамлар, назоратчи ва комиссар учун мўлжалланган хоналар, шунингдек, допинг назорати, тиббиёт хонаси ҳам замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, зарур препаратлар билан таъминланган.
Қисқа қилиб айтганда, стадионимиз ҳар қандай халқаро учрашувларни ўтказиш борасидаги талабларга тўлиқ жавоб берадиган даражага келтирилди. Энди навбатдаги босқичга ўтиш арафасида турибмиз. Навбат – футбол академиясини барпо этиш, - дейди клуб бош директори Баҳодир Мирзаев.
ОКМК футбол клуби академияси қандай бўлади?
Муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган фармонда халқаро тажриба сифатида Болқон бўйи мамлакатлари, хусусан Хорватия футбол модели тавсия сифатида қайд этилган. Биз ҳам айнан шу йўлдан юрмоқчимиз. Яқинда, клубимиз президенти билан учрашувда академиямизнинг истиқболли ривожланиш модели хусусида ўз йўналишимизни белгилаб олдик. Ҳозирда, Олмалиқ шаҳридаги «Металлург» ва «ОКМК спорт мажмуаси» стадионлари худудларида қўшимча майдонлар барпо этиш бўйича ишларимиз бошланиб кетди. Ноябр-декабр ойларида қўшимча 3та сунъий қопламали майдон барпо этилади ва янги йилнинг эрта баҳоридан стандарт ўлчамдаги битта табиий майдон қурилиши ҳам режалаштирилган.
Ҳозирги кунда, футбол мактабимизда 500 нафарга яқин тарбияланувчиларимиз бор. Қўшимча майдонларимиз барпо этилгач, бизга ўз фарзандини бермоқчи бўладиган ота-оналар сони кескин ошиб кетади. Сабаби, январ ойидан бошлаб, академиямизда хорватиялик техник директор иш бошлайди. У юртимизга ўзининг болалар футболини ривожлантириш борасидаги бир неча йиллик дастури билан келади. Тан олайлик, бугунги кунда футбол мактабимизда фаолият юритаётган мураббийлар тарбияланувчиларга ўзларида бор бўлган тажрибаларини бера олишмоқда холос.
Ҳар кимнинг тажрибаси ва болаларга педагог мураббий сифатида бера оладиган даражаси турлича. Хорватиялик техник директор эса аввало ўзи билан бир нечта юртдошларини олиб келади. Энг асосийси эса, у ўз дастури бўйича ҳар ҳафта маҳаллий мураббийларга илмий дарсликларини уқтириб боради. Шу асосида, машғулотлар айнан унинг дастури асосида олиб борилади. Бу дегани, ҳар бир ёш тоифаси айнан бир мақсадли йўналишда футбол сир асрорларини ўрганиб боришади. Тарбияланувчиларнинг ёши улғайиб, катта гуруҳларга ўтганида бошқа оламга тушиб қолмайди. Машғулотлар ва унинг фалсафий йўналиши бирдек давом этади.
Академия барпо этилгач, унда ётоқхона ва овқатланиш тизими қандай амалга оширилади?
Албатта, футбол мактаби мақомидан академия даражасига ўтилгач, ётоқхона ва овқатланиш тизими бўлиши шарт ва бу сиз иложи йўқ. Клубимиз президенти А.Хурсановнинг қурилиш соҳасидаги маъсулларга берган топшириқлари бўйича иккита вариант кўздан кечирилмоқда. Дастлабкиси, Олмалиқ шаҳрида мавжуд бўш турган бино иншоотларни реконструкция қилиш, иккинчиси эса енгил конструкцияли сендвич панеллар орқали замонавий иншоат барпо этиш. Бу борада қурилишга маъсул инсонлар изланишмоқда. Академия бино иншооти битказилгунча қилинадиган бошқа режаларимиз бор.
У қандай режа?
Академия биносида ҳақиқий иқтидорлар истиқомат қилиши керак. Ҳеч кимнинг таниши, фалончининг жияни қабилида иш тутилмайди. Бино иншоат битгунча, биз унга муносиб номзодларни топиш ва ҳақиқий иқтидорларнигина академияда истиқомат қилишига учун шаффоф селекция ишлари амалга оширамиз. 2024 йилнинг январ-феврал ойларида кетма-кетликда Олмалиқ шаҳрига қўшни туман ва шаҳарчаларда ўз филиалларимизни очамиз.
Жумладан, Ангрен, Оҳангарон, Пискент, Бўка, Ўрта Чирчиқ, Красногорск ва шу каби яқин худудларга эътибор қаратамиз. У ерда футбол ўйнаб, бугунги кунда мураббийлиқ қилишга лаёқати бор истеъдодлар мавжуд. Керак бўлса, хар бир худудга хорватиялик мутахассислардан жалб этамиз. Шунингдек, юқоридаги туманлар марказларидаги футбол майдонларига эътибор камайган. Биз ўз мутахассисларимизни сафарбар қилиш орқали, туман ва шаҳарчалардаги майдонларни яхши ҳолатга келтириш баробарида, у ерлардаги ёш болаларни бекорчиликдан ёки компютер ўйинларидан чалғитиб, футболга қайтармоқчимиз.
Мен ишонаманки, эътиборимиздан четда қолаётган ушбу ҳудудларда келажакда Юртимиз футболида ўз сўзини айта оладиган истеъдодлар бор. Шунчаки, болаларга эътибор бериш зарур ва шу орқали улардаги қобилиятни уйғота оламиз, деган умиддаман. Ушбу худудларда эътиборга мухтож иқтидорлар кўплаб топилишига шубҳам йўқ. Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, селекциямизнинг биринчи ва асосий босқичи Олмалиқ шаҳри ва юқорида номларини тилга олиб ўтган ҳудудлардан бўлади.
Хорватиялик мутахассислар жалб қилиниши бўйича гапириб ўтаяпсиз. Бироқ, испаниялик мураббийлар фаолият юритаётган «Барселона» академиясига ташриф буюришни қандай тушунса бўлади?
Аввало, ҳар қандай ўрганилган билим келажакда асқотиши аниқ. Бизнинг Қирғиз Республикасидаги «Барселона» академиясига ташрифимиздан асосий мақсадимиз, у ердаги иширилган ёпиқ иншоотни кўздан кечириш эди. 110х72 метр ўлчамдаги майдон устида ҳеч қандай темир конструкцияларсиз, шунчаки, енгил шар кўринишидаги шиширилган манежни ўрганиш эди. Хабарингиз бор, ўтган йили қиш қандай келди. Бир неча кун давом этган аномал совуқда нафақат ёш болалар, балки катталаримиз ҳам машғулот ўтказа олишмади. Қолаверса, жазирама ёзнинг чилласида ўтказилган машғулотлар инсон танасида ортиқча кўнгилсизликлар келтириб чиқарган паллаларнинг ҳам гувоҳи бўлдик. Замонавий иширилган манеж ўзининг ёритиш тизимига, хаво ҳароратини ўзингизга керакли меъёрда сақлаб туриш имкониятига эга. Ушбу манежда машғулотларни йилнинг исталган фасли, куннинг исталган вақтада ўтказиш имкониятини берувчи мукаммал ечим экан. Ростини айтсам, бу каби манежни бундан 6-7 йил илгари Краснодар футбол академиясига борганимда кўргандим. У пайтда у қадар эътибор бермаган эканман. Бугунги ўзгарувчан иқлим даврида Қирғиз Республикасидаги «Барселона» академияси фойдаланилаётган ушбу манеж бизда жуда катта қизиқиш уйғотди. Ҳозирда, ушбу манежни ишлаб чиқарувчилари билан алоқа ўрнатганмиз. Нарх навоси, кафолат муддатлари билан қизиқяпмиз. Агар маъқул келса, балки Олмалиқда ҳам шу каби манеж ўрнатилади.
Академия барпо этиш йўлида клуб раҳбариятига куч-қувват тилаймиз.
Футболда академиядан бошқа йўл йўқ! Юртимизнинг баъзи клублари бу йўлга бир неча йил олдин ўтиб бўлишган. Ҳали ҳам эскича тизимда фаолият юритаётлар ҳам бор. Истаймизми-йўқми, барибир бир кун келиб, ҳаммада академия бўлади. Ҳамма шу йўналишга ўтади. Бу замон талаби ва профессионаллик белгиси. Биз шуни тушуниб етдикки, академиямизни қанча тез очсак, ўзимизга ва футболимизга шунча тез фойдали бўлади. Вақт ва имкониятдан унумли фойдаланиб, тезроқ шу тизимга ўтишимиз зарур.
Фикрлар