

Йиғилиш аввалида ЎФА раҳбарияти томонидан терма жамоалар мураббийларининг фаолияти сарҳисоб қилиниб, эришилган натижалар эътироф этилди. Шу билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Кун тартибидан 2026 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, 2027 йил учун белгиланган режалар ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар ўрин олди. Ҳар бир жамоа бош мураббийи ўз йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва келгуси режалар юзасидан ҳисобот берди.
Муҳокамалар давомида терма жамоаларни ҳар томонлама ривожлантириш, футболчиларнинг жисмоний, тактик ва психологик тайёргарлигини янада ошириш, халқаро мусобақаларга пухта ҳозирлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳужумчилар ва дарвозабонларнинг индивидуал тайёргарлигини кучайтириш, машғулотлар жараёнида барча муҳим деталларни инобатга олиш юзасидан тавсиялар берилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ўзининг халқаро тажрибаси ва фаолияти давомида орттирган билимларидан келиб чиқиб, ёш тоифадаги терма жамоалар мураббийларига қатор тавсияларини билдирди.
Йиғилишда 2027 йил Ўзбекистон футболи учун муҳим давр бўлиши алоҳида таъкидланди. Хусусан, май ойида мамлакатимиз мезбонлик қиладиган U-17 Осиё кубогини юқори савияда ташкил этиш ва унда Ўзбекистон терма жамоасининг муносиб иштирокини таъминлаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Шунингдек, сентябрь–октябрь ойларида юртимизда ўтказилиши режалаштирилган U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Мазкур халқаро мусобақаларга давлат миқёсида катта эътибор қаратилаётгани, уларни юқори ташкилий савияда ўтказиш ҳамда терма жамоаларимизнинг муносиб иштирокини таъминлаш учун барча зарур шароитлар яратилиши қайд этилди.
Йиғилиш якунида барча терма жамоалар олдига аниқ вазифалар қўйилиб, келгуси мусобақаларда юқори натижаларга эришиш, футболчилар захирасини шакллантириш ва ўзбек футболиинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини янада ошириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.











