ЎФА раҳбарияти мундиал сафари олдидан Ўзбекистон футзал терма жамоаси билан учрашди

Sherzod Nurmatov
12 авг 2021
Маълумки, Ўзбекистон футзал терма жамоаси Литва мезбонлик қиладиган 2021 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади.

Футзалчиларимиз эртага Тошкентдаги машғулотларни якунлаб, Мадрид ва Порту шаҳарларида ўтадиган хорижий йиғинга жўнаб кетади.

Йиғинлар давомида вакилларимиз Испания, Португалия, Аргентина каби дунёнинг етакчи терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказади. Шундан сўнг жаҳон чемпионатида қатнашиш учун Литва пойтахти Вильнюс шаҳрига етиб боради.

Бугун ЎФА раҳбарияти мундиал сафари олдидан Ўзбекистон футзал терма жамоаси мураббийлар штаби ва футзалчилар билан учрашди. Тадбирда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ЎФА Ижроия қўмитаси аъзоси Жаҳонгир Усмонов, Фахрийлар кенгаши раиси Тўлаган Исоқов иштирок этишди.

Учрашув аввалида Равшан Эрматов ЎФА президенти Абдусалом Азизов ва футбол жамоатчилиги номидан футзал терма жамоамизга масъулиятли мусобақада омад ва муваффақиятлар тилади. Литвада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида тинимсиз қилинган меҳнатлар ўз натижасини кўратишига ва делегациямиз юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келишига ишонч билдирди.

Ўз навбатида, бош мураббий Баҳодир Аҳмедов сўзга чиқиб, мундиал тайёргарлиги йўлида бир қатор етакчи терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ва хорижий мамлакатларда ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиб берган ЎФА раҳбарияти ва масъул мутахассисларга жамоа номидан миннатдорчилик изҳор этди.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: ЎФА матбуот хизмати