ОЧЛ-2019 плей-офф босқичи. АГМК Тожикистон чемпиони билан ўйнайдиган бўлди

Narzulla Saydullayev
14 ноя 2018
Ўзбекистон кубоги соҳиби АГМК клуби 2019 йилги Осиё чемпионлар лигаси саралаш босқичида иштирок этади.

ОФК бугун саралаш босқичи механизмини эълон қилди. Унга кўра АГМК гуруҳ босқичига чиқиши учун иккита рақибни мағлуб этиши керак бўлади. 

Дастлаб, 12 февраль куни олмалиқликлар ўз майдонида Тожикистон чемпиони, "Истиқлол" клубини қабул қилишади. Олдинроқ "Истиқлол" Баҳрайн чемпиони билан ўйнаши кераклиги ҳақида хабарлар чиққанди. Аммо Баҳрайн клуби лицензиялашдан ўта олмади. 

Шу тариқа АГМК - "Истиқлол" учрашуви ғолиби 19 февраль куни Саудия Арабистонида "Ал Насср" меҳмони бўлади. Мана шу ўйин ғолиби гуруҳ босқичига чиқади. 

Маълумот учун, "Истиқлол" таркибида ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Жаҳонгир Абдумўминов тўп тепмоқда.



12 февраль 

АГМК (Ўзбекистон) - "Истиқлол" (Тожикистон)


19 февраль 

"Ал Насср" (Саудия Арабистони) - АГМК (Ўзбекистон) ёки "Истиқлол" (Тожикистон)



Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia