"Навбаҳор"дан сенсация! Футболчиларга миллионлар сарфлаган "Ал Ҳилол" "лочинлар"ни таслим қилиш имконини топа олмади
19 сен 2023 17:42
Янгиликлар
"Навбаҳор"дан сенсация! Футболчиларга миллионлар сарфлаган "Ал Ҳилол" "лочинлар"ни таслим қилиш имконини топа олмади
"Навбаҳор" жамоаси Ар-Риёдда "Ал Ҳилол" меҳмони бўлди ва сенсацион натижа билан ортга қайтмоқда.
Аль-Хиляль Али Аль-Булеахи - 90' |
Лига чемпионов АФК. Группа D . 1-тур 19/09/2023, 00:00 1
:
1
Тугади
|
Навбахор Наманган Тома Табатадзе - 52' |
Неймар бошчилигидаги юлдузлар
Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири "Ал Ҳилол" ушбу беллашувда Неймар, Александр Митрович, Рубен Невеш, Малком ва Микаэл каби юлдуз легионерлар хизматидан фойдаланди. Яссин Буну, Калиду Кулибали, Сергей Милинкович-Савич кабилар қайдномадан ҳам ўрин олмади.
"Transfermarkt" портали маълумотларига кўра "Навбаҳор" жамоаси бутун таркиби нархи 10.39 млн евро туради. Рақиб эса наманганликларнинг бутун таркибидан қимматроқ қатор футболчиларни олиб келди. "Ал Ҳилол"нинг бутун таркиби эса 258.4 млн еврога баҳоланган юқоридаги порталда. Яъни, Самвел Бабаян шогирдлари ўзларидан деярли 25 баробар қиммат жамоадан сафарда очко олишди. Бўлиб ҳам "Ҳилол" ёзда олиб келинган ўйинчиларга 350 млн евродан кўпроқ пул сарфлаган.
Тартибли ва жанговар ўйин, тўғри тактика
Бабаян ўйинга тўғри тактика танлай олди ва футболчиларни тўғри тайёрлай олди. Учрашув бошидан "лочинлар" рақибдан чўчиб эмас, аксинча кескин ўйнай бошлашди. Футболчиларнинг барчаси жанговар кайфиятда майдонга тушиб келишганини кетма-кет эпизодларда кўрсатиб туришди. "Навбаҳор"нинг ҳар бир ўйинчиси олқишга лойиқ. Голбан, Иванович, Милович ва Йўлдошев ҳимояда қоядек туриб беришди. Остон Ўрунов Жокич йўғида таянч зонада ҳукмронлик ўрнатди. Аброр Исмоилов қандай зўр ўйин ўтказди, Тома Табатадзе жуда катта ишни бажарди майдонда.
"Ал Ҳилол" кўпроқ муомала қилди ва анча кўп ҳужум қилди. Лекин, Осиёда "Ҳилол"га қарши сафарда улардан кўпроқ ҳужум қила оладиган бирорта жамоани кўрсата оласизми? Бу қитъамизнинг энг кучли жамоаларидан бири. Уларнинг Саудия чемпионати доирасидаги "Ал Иттиҳод" билан беллашувини кўргандим. Ўйин темпи АПЛ учрашувлари билан тенг эди. Ар-Риёдда Осиёнинг исталган жамоаси "Ал Ҳилол" меҳмони бўлса мезбонлар яққол фаворит бўлиб қолаверишади.
"Навбаҳор" футболчиларининг "иссиқ" харитаси.
Тўғри "настрой" ва қатъи тартибли ўйин билан ҳар қандай юлдузли жамоа билан ҳам бемалол ўйнай олиш мумкинлигини кеча "Навбаҳор" кўрсатиб берди. Бундай кучли рақиб майдонидаги 1 очко гуруҳ босқичи якунида олтинга тенг бўлиши мумкин. Бу билан наманганликлар гуруҳдан чиқиш учун жиддий киришишганини эълон қилишди. Бабаян ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бизни ҳужум қилишимизни Намангандаги ўйинда кўрасиз деди. Саудияликлар "Навбаҳор"дан Риёдда очиқ ва ҳужумкор ўйин кутишганмикин? "Навбаҳор" ўзига керакли ўйинни кўрсатди ва керакли натижани қайд этди.
Беллашувдан кейин "Ал Ҳилол" бош мураббийи Жорже Жезус бош ҳакамга кескин эътироз билдирибди, "Навбаҳор"га ҳам. Кечаги баҳсда бош ҳакамнинг энг катта хатоси "Ал Ҳилол" фойдасига бўлди, Жезус эса ҳакамдан нолиб юрибди. Аброр Исмоиловга тўпни атайлаб тепгани учун Неймар тўғридан-тўғри қизил карточка олиши шарт эди. Ҳакам Неймар бўлгани учун ҳам қизил беришга ҳадди сиғмади, менимча. Наманганликлар ўйинни кўп чўзишди деган гапига келсак, бош ҳакам 14 дақиқа қўшиб берди ва бу керагидан ҳам ортиқча вақт эди.
Неймар эса кечаги учрашувда фақат чой дамлайдиган жин бўлиб қолди. Бунинг учун Голбан ва бошқа ҳимоячиларга тасанно!
Ана энди "Ал Ҳилол" Намангандаги ўйинга энг кучли таркиби билан келади, "Навбаҳор" уларни бунга мажбур қила олди. Неймар кечаги қилиқлари учун Наманганда жавоб беради ҳали) Унгача "Навбаҳор"га ҳам, ОЧЛдаги қолган клубларимизга ҳам омад ва ғалабалар тилаб қоламиз!
Бу статиситка минимал имкониятлардан максимал фойдаланиш дейилади.
Фикрлар