UZ

Мураббий Пирлонинг ғалабали дебюти, қаримайдиган Ибра, "қовун туширган" "Рома". А Сериянинг 1-тури якунлари Янгиликлар

Мураббий Пирлонинг ғалабали дебюти, қаримайдиган Ибра, "қовун туширган" "Рома". А Сериянинг 1-тури якунлари

Италия А Сериясида 1-тур учрашувлари ўз ниҳоясига етди.

"Ювентус" чемпионатни ғалабадан бошлади

Андреа Пирлонинг "кекса синьора" бошқарувидаги дебюти катта қизиқиш билан кутилганди. Унга омад ҳам кулиб боқди, сабаби "Сампдория" тан олиш керак у қадар кучли рақиб эмас. Аммо шунда ҳам жамоа қандай ўйин кўрсатиши эътибор марказида эди. "Бьянконери" Маурицио Сарри умуман қўллаб кўрмаган 3-5-2 тактик схемасида майдонга тушди. Мезбонлар дарҳол ҳужумга ўтишди, Данилонинг кучли зарбаси дарвоза юқорисидан ўтиб кетди, кейинроқ Роналду дриблингда тўпни йўқотди ва у Кулушевскига бориб тушди, швециялик футболчи эсанкираб қолмади ва жамоа сафида А Сериядаги дебют ўйинида илк голини уришга муваффақ бўлди. "Ювентус" устунликни голдан кейин ҳам бериб қўймади. Криштиану Роналду бир неча бор қулай имкониятлардан фойдалана олмади, вазиятлардан бирида эса дарвоза тўсини "Сампдория" фойдасига ишлади.

Иккинчи бўлим аввалида ўйин бироз сокинлашгандек туюлди. "Ювентус" ўйин темпини туширди ва ҳатто бир-икки бор Шенснини безовта қилишига ҳам қўйиб берди, лекин бу эпизодларда жиддий имконият юзага келмади. Кейин "кекса синьора" стандартларда ўз классини кўрсатди, Кулушевски ошириб берган тўпга клубнинг бошқа бир янги вакили Маккенни зарба берди, Аудеро тўпни қайтарди, лекин Бонуччи деярли бўш дарвозага тўпни уриб қўйди. Деярли кейинги ҳужумда Квальярелла қулай вазиятга эга бўлди, аммо Шенсни ажойиб реакция намойиш этди ва тўпни чизиқнинг устида ушлаб олди. "Ювентус" бироз тинчланса-да, ҳали гол урмаган Роналду тўхтамасди ва португалиялик ниятига етди. Аарон Рэмси ажойиб ўйин ўтказди ва вазиятларнинг бирида Криштиануни қулай вазиятга чиқариб юборди. Роналдуга тўпни дарвозага жойлаб қўйиш учун биргина тегиниш кифоя қилди. "Ювентус" нафақат уч очкога эга бўлди, балки ўйинидан илиқ таассурот ҳам қолдира олди. Пирло дебюти омадли чиқди десак, муболаға бўлмайди. 


"Наполи"нинг "классик" ғалабаси

Гаттузо жамоасидан мухлислар бу мавсум жуда кўп нарса кутмоқда. Мамлакат Кубогининг амалдаги ғолиби ўз олдига катта мақсадларни қўймоқда, "Лилль"дан Осимхеннинг сотиб олиниши клуб ўз йўлида қанчалар жиддийлигидан далолат. Биринчи бўлимда мухлислар хавфли ҳужумларни деярли кўришмади. Дастлабки 45 дақиқани эсларкансиз, фақатгина Корнелиуснинг зарбасидан кейин тўп тўғри Оспинанинг қўлига бориб тушгани ва Фабиан Руиснинг жарима майдони ташқарисидан ўта ноаниқ зарбаси ҳаёлга келади. Рақиблар барча масалани иккинчи бўлимда ҳал қилишга қарор қилишди ва дастлабки дақиқаларда таваккалчиликка қўл уришмади.

"Парма" танаффусдан кейин яхшироқ бошлади ва бир қанча хавфли вазиятлар ярата олди, айниқса, Куцка берган зарба ўта хавфли чиққанди. "Наполи" эса амалда биринчи ҳужумиданоқ гол урди. Лозанонинг қанотдан узатган тўпига Осимхен биринчи бўлиб етиб борди, ундан тўп Мертенсга бориб тушди ва "Наполи" тарихидаги энг яхши голеадор ҳисобни очди. "Наполи" футболчилари голдан руҳланиб, яна олдинга боришди ва чиройли ҳужумлар уюштира бошлашди. Осимхен товони билан узатмаларни амалга оширар, Инсинье эса биргина тегиниш билан дарвоза устунини пойларди. "Парма" қанчалар уринмасин, рақибни қамал қила олмасди. Вақт ўтиб борарди, лекин майдондаги вазият шуни кўрсатардики, ўйинда ҳали иккинчи гол ҳам бўладигандек эди. Амалда ҳам шундай бўлди, Лозано қанотдан олдинга ўтиб борди ва зарба берди, Сепе тўпни қайтарди, лекин уни тўғри Инсиньега қайтарди. Италиялик ортиқча муаммоларсиз ҳисобни 2:0 кўринишига сабабчи бўлди. "Наполи" иккинчи бўлимни яхшироқ ўтказди ва ҳақли равишда ғалабага эришди.


Ибранинг голлари "Милан"га "Болонья" устидан ғалаба тақдим этди

"Россонери" ажойиб трансферларни амалга оширди ва жамоанинг ўйини қандай ташкил этилишини кўриш исталган мухлис учун қизиқ бўлса керак. Бироқ "Болонья" ҳақида бундай деб бўлмайди. "Милан" илк дақиқалардан кескин ҳужумларни бошлаб юборди. Биринчи уринишдан Ибрагимович ҳисобни очиши учун швецияликка бироз аниқлик етишмади. Златан тўхтамади, айнан унинг узатмасидан кейин Бенассер қулай имкониятга эга бўлди, лекин тўп унинг зарбасидан кейин дарвоза юқорисидан ўтиб кетди. Ўйинда ҳисобни "Милан" очиши адолатдан эди, Эрнандеснинг узатмасидан кейин тўп Златаннинг бошини топди ва Ибра янги мавсумдаги голлари ҳисобини очиб юборди. "Болонья" танаффусгача ҳужум қилишни унутиб қўйди чоғи, рақиб дарвозасига умуман яқинлашмади. 

Иккинчи тайм аввалида жарима майдончаси ичида Бенассер йиқитилди, ҳакам нуқтани кўрсатди, тўп олдига албатта Златан келди ва кучли зарбаси билан уни дарвозага жойлаб қўйди. Орадан 5 дақиқа ўтар-ўтмас, Ибра хет-трик қайд этиши мумкин эди, лекин дарвозабонни ҳам доғда қолдирган форвардга аниқлик етишмади. "Болонья" бир мартагина чинакам вазиятга эга бўлди, бироқ Доннарумма панд бермади. "Милан"нинг ишончли ғалабасини Сандро Тоналлининг жароҳати бузиб қўйди. Ёш ярим ҳимоячи бир неча ҳафта майдондан ташқарида қоладиган бўлди. Умуман олганда, "россонери" мавсумга яхши тайёрлиги кўриниб турибди, Златан эса яна бир бор қойил қолишга мажбур қилмоқда.


"Фиорентина" "Торино"дан кучлироқ

А Серия янги мавсум илк туридаёқ "фиалкалар" ва "буқалар" тўқнаш келишди. "Фиорентина" бу мавсум Европа Лигаси йўлланмаси учун курашишни ният қилган, бунинг учун таркиб ҳам ёмон эмас, лекин "Торино"ни оғир дамлар кутиб тургандек. Бироқ айнан улар ўйинни яхшироқ бошлашди ва бир-икки имкониятга эга бўлишди. Вақт ўтгани сари "Фиорентина" ташаббусни рақибидан тортиб олди ва биргина Куаменинг ўзида уч марта қулай имконият юзага келди — Сиригу ўз ўрнида.

Иккинчи тайм стартида яна "Торино" фаолроқ эди. Задза ва Белотти 2 – 1 чиқиб боришди, лекин оддий комбинацияни амалга оширишда "қовун туширишди". "Фиорентина"нинг ҳужумдаги ўйини эса унчалик қовушмасди, фақат индивидуал ҳаракатлар эвазига голли вазиятлар юзага келарди. Гол ҳам шу тариқа урилди, Кьеза қанотда 2 рақибини алдаб, тўпни жарима майдони ичига етказиб берди. У ерда ҳимоячилар Кастровиллини шунчаки унутиб қўйишган шекилли, футболчи бемалол бўш қолган дарвозага тўпни тўғрилаб қўйди. "Фиорентина" таркиб билан солиштирганда ишончли ўйин кўрсата олмаган бўлса-да, ғалабага эришди. "Торино" эса... Таърифга тил ожиз. Катта эҳтимол билан яқин вақтлар ичида жамоада яна жиддий ўзгаришлар бўлади.


"Женоа" А Серия пешқадами

Бунақаси фақатгина биринчи турдан кейин бўлиши мумкин. "Грифонлар" "ўзига хос тўдага" айланди. "Кротоне" билан учрашув эса Роландо Марана учун ажойиб имконият. Унинг шогирдлари ишончни оқлади ва ўйин стартидаёқ ҳисобни очишди, Паоло Гильоненинг кучли узатмасидан кейин Маттиа Дестро фамилиясини таблога ёздириб қўйди. Рақиб ўзига келиб улгурмай, тўп иккинчи бор дарвоза тўрига бориб тушди. Ҳамон қариликни тан олмаган Горан Пандев қулай вазиятга чиқди ва тўпни дарвозабоннинг устидан ошириб ташлаб қўйди. "Акулалар" беллашув бундай бошланишини кутишмагани аниқ, лекин улар таслим бўлишга шошилишмади ва бир гол билан жавоб беришди. Молинанинг ҳаводан узатиб берган тўпини Ривьер дарвозага йўллади. Умуман олганда, "грифонлар" рақибдан кўра учинчи голга яқинроқ эди. Ҳужумни тўхтатмаган "Женоа" яна гол урди, янги футболчилар иш берди. Баделнинг аниқ узатмасидан сўнг Заппакоста тўпни дарвозага жойлаб қўйди.

"Женоа" ишончли ўйин кўрсатди ва ғалабага эришди, "Кротоне" эса катта эҳтимол билан чемпионатнинг бошқа жамоалари учун очко улашувчи вазифасини бажариб беради. 

Шунингдек: "Рома" дуранг ўйнаган бўлса-да, техник мағлубият ёзилди. Барчасига ҳужжатлардаги хатолик сабаб. "Кальяри" ва "Сассуоло" эса дурангга рози бўлишди.


Сергей Румянцев
Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +8   

Фикрлар

   
23 сен 13:49:20
UFA bu UFA
Man. United bu trenir bilan 6-7 oʻrinlarni olsa kotta gap
   
23 сен 13:42:30
Tolka APL + BAYERN
futbol tv.ni offside kõrsatuviga 1ta man.united muhlisi chiqib olib nima devotti. ibrohim ahmedov õziga õxshagan united muhlisini chiqarib. Liverpool.ni nimala deyapti. kõramiz hali united.ni CRYSTAL PALACE.dan qolib yuribdi.
   
23 сен 13:15:48
Leicester City
APLni 2-turi haqida zo'r maqola kutgandim. 40 dan ortiq gol urildi.
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика