"Мундиалда Ўзбекистон терма жамоасининг янги қиёфалари пайдо бўлади" – Александр Крестинин билан катта суҳбат
11 июл 19:02
Янгиликлар


"Мундиалда Ўзбекистон терма жамоасининг янги қиёфалари пайдо бўлади" – Александр Крестинин билан катта суҳбат
Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон
Жаҳон чемпионати саралашида Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон терма жамоалари илк бор расмий мақомда тўқнаш келишди. Қирғиз Республикаси кучли қаршилик кўрсатди. Ўзбекистонликларга бу рақиб билан курашиш қийин кечди. Бу икки рақиб ўртасида қандайдир ўхшашликлар топиш мумкинми?
Аввало, ўзбек халқини шундай улуғ воқеа – терма жамоанинг жаҳон чемпионатига йўл олгани билан табриклайман. Мен учун қадрли бўлган жамоа ва мамлакат учун жуда хурсандман. Жаҳон чемпионатида мухлислик қилиб, терма жамоани қўллаб-қувватлаймиз.
Тан олиш керак, Қирғиз Республикаси терма жамоаси жуда муваффақиятли чиқиш қилди. Муносиб миқдорда очко тўплади. Очколар сони бундан кўпроқ ҳам, камроқ ҳам бўлиши мумкин эди. Лекин умуман олганда натижа жуда яхши. Аммо жамоани гуруҳнинг дастлабки фаворити ҳисобланган Ўзбекистон терма жамоаси билан таққослашга журъат этолмайман, чунки Қирғиз Республикаси аутсайдерлардан бири деб қаралган эди. Барибир, жамоалар ҳозирча турли даражага эга, гуруҳдаги якуний ҳолатда эса, худди башорат қилинганидек, ҳамма ўз жойини топди. Ўзбекистон ва Эрон тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига йўл олди, БАА билан Қатар тўртинчи саралаш босқичига чиқди, Қирғиз Республикаси ва КХДР эса олқишлар ва Осиё кубоги йўлланмаси билан кифояланди ва шундан таскин топди.
Бундай башоратлар нимага асосланган?
Cтатистика мавжуд. Агар ёшлар даражасида жамоалар ўзини кўрсата олмаса, совринларни қўлга кирита олмаса, катталар даражасида ҳам йирик турнирларда муваффақиятга эришиш имконияти жуда паст бўлади. Масалан, Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоалари фақат сўнгги ўн йил ичида учта Осиё Кубогини қўлга киритди, ўсмирлар жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Натижада биз Осиё футболининг етакчиларидан бири сифатида тан олинган миллий жамоани кўряпмиз. Қирғиз Республикаси ҳозирча ёшлар даражасида бундай ютуқлар билан мақтана олмайди.
Қатар терма жамоаси-чи? Улар икки марта Осиё Кубогини қўлга киритган, ЖЧда иштирок этган, балки 2026 йилги мундиалда ҳам қатнашиши мумкин, аммо ёшлар даражасида совринларни қўлга кирита олмаган.
Ҳа, Қатар ёшлар терма жамоаси ҳеч қачон Осиё Кубогини қўлга киритмагани бор ган. Аммо фақат совринлар ҳақида эмас, балки кўп йиллик ютуқларни ҳам ўз ичига олган статистика тўғрисида гапиряпман. 90 йилларни айтмасам ҳам, 2018 йилда Қатар терма жамоалари U-20 ва U-23 Осиё кубокларининг ярим финалигача етиб борган. Кейин эса, бу ўйинчилар катта ёшдагилар орасида икки марта қитъа соврини қўлга киритишган. Айнан Қатар статистика ишлашининг энг ёрқин мисолидир. Қирғиз Республикаси терма жамоалари эса, афсуски, ҳозирча бундан анча йироқда. Шунинг учун барчаси қонуниятга асосланган.
Нима қилиш керак?
Ўзбекистон – тизимли тайёргарлик қандай натижа беришининг яққол намунасидир. Яқинда Равшан Эрматов иштирокидаги бир видеороликка кўзим тушиб қолди. Унга "Тўғри одамлар ўз ўрнида" деган изоҳ берилганди. Бундан аниқроқ таъриф бўлиши қийин. Бундай ёндашув мутахассисларга ишлаш ва футболни ривожлантириш имконини беради. Қирғиз Республикаси ҳам шундан ўрнак олиши ва қўшнилари босиб ўтган йўлдан бориши керак. Ёки Жанубий Корея, Япония ёхуд Германиядан ибрат олса ҳам бўлади. Кимдан бўлиши аҳамиятсиз. Шунчаки бошқалар қилган ишни такрорлаш керак, чунки бу ўз натижасини берган. Бу мамлакатларга мураббийлар, амалдорларни тажриба орттириш учун юбориш лозим. Сармоя киритиш зарур.
Эрматов ҳақида кўп мақтовлар эшитяпман. Ортиқча эътибор эмасмикин? Илгари ҳам Ўзбекистон терма жамоалари ёшлар даражасида муваффақиятли қатнашган, ҳатто Осиё ўйинларида ҳам ғолиб бўлишган. Айтганча, ҳозирча бу кубок Ўзбекистон терма жамоасининг ягона соврини ҳисобланади.
Ҳеч қандай ҳолатда ҳам ҳеч нарсани инкор этиб бўлмайди. Гап шундаки, кўп йиллар давомида бир неча авлод ушбу муваффақиятга – жаҳон чемпионати йўлланмасига ўз ҳиссасини қўшган. Бу узоқ, машаққатли ва аниқ йўналтирилган меҳнат натижаси. Футбол соҳасидаги тажриба ва ютуқларни сақлаш ва авлоддан-авлодга узатиш имкони бўлди, улар тобора бойиб борди. Бу инфратузилма, тажриба, ғалаба иштиёқи ва ватанпарварлик туйғуси бўлсин. Ҳозир биз 30-40 йиллик жараённинг маълум бир чўққисини кузатмоқдамиз. Эрматов эса ана шу вақт занжирининг муҳим боғловчи ҳалқаларидан бири. У ҳакам сифатида ҳам, ҳозирги лавозимида ҳам ўзбек футболи ривожига улкан ҳисса қўшган ва қўшмоқда. Буни инкор этиб бўлмайди.
Яъни футбол авлоддан-авлодга ўтадими?
Шубҳасиз. Сервер Жепаров икки марта Осиёнинг энг яхши футболчиси бўлган, Максим Шацких Киевнинг "Динамо"сида Лобановский қўл остида ўйнаган, Миржалол Қосимов "Алания" сафида Москва "Спартак"ини олтин медалдан маҳрум қилган, Тимур Кападзе эса Қозоғистон ва Ўзбекистон чемпионатларининг юлдузи бўлган. Айнан шу инсонлар бугун ўз билимларини ёш ўзбек футболчиларига улашмоқда. Буни авлодлар ворислиги деб атамасдан, яна қандай аташ мумкин? Ҳатто тўғридан-тўғри маънода ҳам айтиш мумкин. Абдуқодир Ҳусанов ҳозир жаҳонда энг таниқли ўзбек футболчиси бўлса керак. У – ўз вақтида Ўзбекистонда яхшигина карьерага эга бўлган Ҳикмат Ҳошимовнинг ўғли. Ҳошимов Абдуқодирни тарбиялаш ва тайёрлашга бутун қалби ва тажрибасини бахшида этди. Натижасини кўриб турибмиз.
Демак, чет эллик мутахассисларни таклиф қилишнинг ҳожати йўқ экан-да?
Мамлакат терма жамоасига, шубҳасиз, йўқ. Масалан, Темур Кападзени олайлик. У турли ёшдаги терма жамоалар билан жуда яхши ишламоқда. Равшан Ҳайдаров ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Улар ажойиб мутахассислар. Лекин клуб футболи, барибир, бироз бошқача. Агар терма жамоада ишлаш, айтиш мумкинки, давлат амалдори вазифаси бўлса, клубда бу бевосита бизнес лойиҳада қатнашиш, футболчиларни тайёрлаш демакдир. Мана шу ўринда янгилик олиб кирадиган чет эллик мураббийларнинг тажрибаси асқотади.
Бироқ сиз Қирғиз Республикаси терма жамоасида кўп йиллар ишлагансиз-ку?
Аввало шуни айтиш керакки, мени чет эллик деб аташ қийин. Терма жамоани бошқаришдан олдин Қирғиз Республикасида беш йил яшаганман. Худди шундай, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ўзимни чет эллик деб ҳисоблай олмайман. Умримнинг кўп қисми шу минтақада ўтган, бу ерда юзлаб дўстларим ва танишларим бор. Лекин нима назарда тутаётганингизни тушуниб турибман. Ҳақиқатан ҳам, айнан Қирғиз Республикасида кадрлар етишмовчилиги мавжуд. Айниқса, ўн йил олдин шундай эди. Вазият яхшиланаётган бўлса-да, барибир муаммолар мавжуд. Маҳаллий мутахассисларга деярли талаб йўқ. Айни пайтда ўзбекистонлик мураббийлар кўплаб мамлакатларда, жумладан Қирғиз Республикасида ҳам ишлашмоқда. Тожикистонлик ва туркманистонлик мутахассислар ҳам худди шундай. Аммо Қирғиз Республикасида ҳозирча аҳвол шундай.
Бу нима билан боғлиқ?
Аввало, инфратузилма масаласи. Бунёдкорлик эндигина бошланди. Бу жуда катта ютуқ. Илгари ишлайдиган жой йўқ эди. Шунингдек, паст иш ҳақи туфайли болалар мураббийи бўлишни истаганлар ҳам кам эди. Одамлар оиласини боқиш учун бир нечта ишда ишлашга мажбур бўларди. Табиий равишда, болалар мураббийлари етишмаслиги сабабли катталар мураббийлари ҳам кам, чунки ўқиш, етарли даромад келтирмайдиган ишга кўпроқ вақт ажратиш керак. Қозоғистон ва Ўзбекистонда вазият бошқача. Шу билан бирга, Қирғиз Республикасида салоҳият жуда катта, оммавий футбол аъло даражада ривожланган, профессионал футбол эса ҳали ҳам заиф.
Ўзбекистонда вазият бошқача деяпсиз. Сиз бу мамлакатдаги болалар мураббийлари билан алоқадасизми?
Албатта. Кўпчилик билан дўстман, мулоқот қиламан. Улар ҳақиқий мутахассислар. Жумладан, Жепаров болалар билан ишлаган, Кападзе эса, масалан, ёшлар терма жамоалари ва "Олимпик"ка мураббийлик қилган. Мен уларнинг қулайлик даражасини кўриб турибман ва улар ҳамда ҳамкасблари ишлаётган шароитлардан хабардорман.
Кападзе ва терма жамоа ҳақида
Кападзе жаҳон чемпионатига Катанец қолдирган "мерос"дан фойдаланиб етиб боргани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бу қанчалик тўғри баҳо экан?
"Яхшиликдан яхшилик қидирилмайди" деган мақол бор. Аллақачон созланган механизмда, айниқса марра чизиғида ниманидир ўзгартиришнинг нима кераги бор? Бу вазиятда "Катанецнинг чамадонини" муҳокама қилиш шунчаки нопрофессионал ва бемаъниликдир. Ҳеч бир малакали мутахассис, ҳатто энг юқори даражадагилар ҳам, ҳаммаси яхши йўлга қўйилган жамоада таркиб ёки стратегияни ўзгартирмайди. Бу шахсий амбициялардан бошқа ҳеч нарса билан оқланмайдиган жуда катта хавф-хатардир. Кападзе профессионал ва жамоага зарар етказмаслик учун етарли даражада ватанпарвардир. Ишончим комилки, агар у саралаш бошлангунича терма жамоани қабул қилганида, уни мустақил равишда жаҳон чемпионатига олиб чиққан бўларди. Бундан ташқари, Тимур Тоҳировичда жаҳон чемпионатига қадар терма жамоага ўз футбол қарашларини сингдириш учун етарлича вақт бўлади.
Яъни ўзгаришлар кутиш керакми?
Албатта. У доимо жамоани ривожлантиришнинг янги усулларини қидириб туради, бу маъмурий йўналишда ҳам, тактик жиҳатдан ҳам бўлиши мумкин. Аммо мен глобал ўзгаришларни кутмаяпман, лекин айрим тузатишлар, янгиликлар албатта бўлади. Ахир, жаҳон чемпионатида рақибларни нимадир билан ҳайратда қолдириш керак-ку.
Кападзенинг ўйинчилар танлови сизга қандай туюляпти?
Ажойиб. Аммо шуни таъкидлашни истардимки, прагматик футбол, шубҳасиз, натижа беради, бироқ жамоада жуда кўп ижодкор ҳужумчи ўйинчилар бор, уларни майдонда кўришни хоҳлардим. Катанец прагматик футболни тарғиб қиларди. Ҳимоячиларнинг қисқа паслари, марказга кескин узатмалар камдан-кам учрайди. Машарипов ёки Шомуродов олдинда бирор нарса ўйлаб топишига умид қилинади. Аммо бу мураббийнинг қарори эди ва у ўз натижасини берди. Кападзе ўзгаришлар киритишига деярли шубҳам йўқ. Бу зарур.
Шомуродовни тилга олдингиз. Сизнингча, терма жамоада Элдордан бошқа ҳужумчи кўринмаяптими?
Бундай тузилишга эга бўлган футболчи, яъни бақувват, баланд бўйли, ҳам пастки, ҳам юқори қаватда бирдек яхши ўйнайдиган ҳужумчи ҳақиқатан ҳам йўқ. Аммо терма жамоада ўйин услубини ўзгартириб, кўпроқ қисқа ва ўрта узатмалардан фойдаланилса, Ўзбекистонда бундай тактика учун ҳужумчилар албатта топилади. Бироқ Шомуродов яхши ўйнаётган экан, уни алмаштириш керакми? Унга бошқа тактик ва функционал вазифалар бериш бошқа масала. Ахир у жуда фойдали футболчи, лекин менимча, ўйин унинг атрофида қурилмаяпти. Ҳозир шунчаки тўпни олдинга узатишади, гўё "ўзинг бирор нарса ўйлаб топ" дегандек. Кўпи билан икки-уч нафар ўйинчи уни қўллаб-қувватлайди. Агар аста-секин ҳужум уюштирилса, қанотлар очилса, ярим қанотлардан фойдаланилса, тез югуриб чиқишлар бўлса ва Элдор тўпни ушлаб туриш ва прессингда эмас, балки фақат ҳужумни якунлашга эътибор қаратса, у анча самаралироқ бўларди. Менимча, унинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Ўзбекистон терма жамоасида жаҳон чемпионати учун янги футболчилар пайдо бўлиши мумкинми?
Бундай футболчилардан бир-иккитаси албатта пайдо бўлишига ишончим комил.
Бироқ улар жаҳон чемпионати саралашида қатнашган ўйинчилардан бирини таркибдан сиқиб чиқариши керак бўлади. Баъзан мураббийлар ҳеч кимни хафа қилишни истамайдиган ҳолатлар ҳам учрайди.
Шундай вазият бор, аммо барибир жаҳон чемпионати алоҳида турнир, айниқса биринчи марта иштирок этиш бўлса. Шунинг учун янги футболчилар барибир пайдо бўлади деб ўйлайман, бундан ташқари, биз таниш футболчиларни янги қирраларини ҳам кўрамиз. Кападзе янгича кўринишда намоён бўлади.
Клублар ҳақида
Қирғиз Республикаси клубларида 30 га яқин ўзбекистонлик футболчи ўйнамоқда. Баъзилари яхши даражада, терма жамоада ўйнаш тажрибасига эга. Улар маҳаллий ўйинчилардан қанчалик ажралиб туради?
Ҳеч кимни хафа қилмай ёки ажратмай гапирардим. Ҳар қандай мамлакатда турли хил футболчилар бор. Аммо бугунги кунда Ўзбекистон чемпионатининг даражаси анча юқори. Албатта, кўпчилик ўзбек футболчилари футбол билими ва тафаккури билан ажралиб туради. Ҳаммаси деб бўлмаса-да, ажралиб турадиган ўзбекистонлик легионерлар бор. Айни пайтда, бу ўйинчилар кучли рақобат туфайли ўз чемпионатларида ўрин тополмаганини тушунамиз. Бу эса лига сифатининг кўрсаткичидан далолат беради.
Демак, ўзбек ва қирғиз футболчиларининг тайёргарлигидаги фарқ сиз учун аён-ку, шундайми?
Бу ғалати савол. Сиз учун шундай эмасми? Кимдир жаҳон чемпионатида ўйнайди, кимдир йўқ.
Шунга қарамай, ўтган мавсумда икки Қирғиз Республика вакили ўзбек клубларида ўйнаган эди. Ҳозир биттаси ҳам йўқ.
Қирғиз Республикаси чемпионатига ҳам қирғиз футболчилар етишмаяпти. Чет элга чиқиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Шу сабабли легионерлар лимитига ўзгартириш киритилди. Ҳозир Қирғиз Республикаси чемпионати ўйинларида бир вақтнинг ўзида 8 нафар чет эллик футболчи майдонга тушиши мумкин. Қирғиз Республикаси, барибир, аҳолиси кўп бўлмаган мамлакат. Бу ерда Ўзбекистонга нисбатан футбол билан шуғулланувчилар сони кам. Бундан ташқари, бу йилдан жамоалар сони ҳам кўпайди. Шунинг учун Қирғиз Республикасиликларга сабр қилиб, ҳукуматнинг бугунги ҳаракатлари ўз натижасини беришини ва ёшларнинг етишиб чиқишини кутишдан бошқа илож қолмаяпти.
Ҳозирги кунда Қирғиз Республикасилик футболчилардан кимлар ўзбек клубларини кучайтира оларди?
Ўйлайманки, Самарқанд "Динамо"сида ўзини кўрсатиб улгурган Жоэл Кожонинг номини тилга олсам, ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайман. Шубҳасиз, Эржан Токотаев, айниқса сифатли маҳаллий дарвозабонлар танқислиги шароитида, эътиборга лойиқ номзод ҳисобланади. Албатта, Гулжигит Алиқулов ва Алимардон Шукуровни ҳам айтиш мумкин. Тажрибали футболчилар Валерий Кичин ва ҳатто Мирлан Мурзаев ҳам жамоани кучайтирган бўларди. Эрбол Атабаев, Қайрат Жиргалбек ўғли ва ака-ука Мерклар ҳам рақобатбардош бўла оларди.
Ўзбекистонда лимит бироз юмшатилди. Энди 4+1 ўрнига 6 нафар чет эллик футболчини рўйхатдан ўтказиш мумкин. Лимитларга муносабатингиз қандай?
Тушунган ҳолда қарашимиз керак. Ўз вақтида мен Қирғиз Республикаси терма жамоасининг бош мураббийи сифатида ёш футболчиларнинг майдонда бўлиши бўйича қоидаларни жорий этишни талаб қилганман. Бунга сабаб Қирғиз Республикасида U-19 ва U-21 ёшлар жамоаларининг иккитасига ҳам атиги иккита дарвозабон бўлгани эди. Ҳатто йиғинларни ҳам тўлиқ ўтказа олмадик. Бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эди. Шунинг учун клубларда лимитлар бўлишини талаб қилдим. Аммо кейинчалик, баъзи ёш футболчилар клуб раҳбариятидан ҳаддан ташқари кўп пул сўрай бошлаганида, бу қоидани бекор қилишга тўғри келди. Ҳар ҳолда, бу қоида уч йил амал қилди ва вазиятни бироз яхшилашга эришилди. Ўзбекистонда бундай ҳолатга йўл қўйиш истаги йўқ.
Ўтган мавсумдан бошлаб ОФК клуб турнирларига ўзгартириш киритди ва энди Ўзбекистон халқаро майдонда тўртта эмас, иккита жамоа билан қатнашмоқда. Чемпион "Насаф" ҳақида ҳаммаси тушунарли, лекин Кубок ғолиби бўлган, аммо ўртача натижалар кўрсатаётган "Андижон"нинг иккинчи даражали Чемпионлар Лигасида иштирок этиши қанчалик ўринли? Ахир рейтинг баллари тўплаш зарур-ку.
Бу турнирларнинг барчаси қисқа муддатли. Жамоалар Ўзбекистон чемпионатидагидан бутунлай бошқача ёндашув ва масъулият билан ўйнайди. Эҳтимол, муносиб натижа кўрсатишлари мумкин. Айниқса, "Андижон"нинг тажрибали мураббийи, ўтмишда таниқли футболчи бўлган Максим Шацких бор. Унутмайлик, жамоа кубокни шунчаки қўлга киритгани йўқ. Шунинг учун "Андижон"да ҳам, агар "Пахтакор" иштирок этганда ҳам, муваффақият ёки муваффақиятсизлик эҳтимоли тахминан тенг бўлар эди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Суперлигасида жуда юқори зичлик кузатилмоқда. Бу клубларнинг куч жиҳатидан тенглашганини кўрсатадими ёки бари бир юқори даражадаги жамоаларнинг етарли даражада ишламаганидан далолат берадими?
"Сўғдиёна" ҳозир қаерда турибди? Ростдан ҳам ўз ўрнидами? У ерда уч йилдан бери малакали мураббий ишлаб келмоқда, жамоани шакллантирди. Ўйин жиҳатидан ёмон кўринмаяпти, лекин керакли очколарни тўплай олмаяпти.
Айтинг-чи, бош мураббий матбуот анжуманида жавобни "билмайман" деган сўзлар билан бошласа, бу нормал ҳолатми?
Мен Иван Бошковичнинг матбуот анжуманини кўрдим. Бу унинг ҳақиқатан ҳам ниманидир билмаслиги эмас, балки соф ҳис-туйғуларининг ифодаси. Бундай вазиятда мутахассисга қўллаб-қувватлаш жуда зарур. У аллақачон ҳаммага ҳамма нарсани исботлаб бўлган. Қора кунлар доимо ўтиб кетади.
Сиз ҳам шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолганмисиз? Ўзбек клубларида икки марта ўз кучингизни синаб кўргансиз. Нима сабабдан муваффақиятга эришилмади?
"Локомотив"да ростдан ҳам муваффақият қозонилмади. Ёзда нотўғри танлаш сиёсати олиб борилди. Бундай ҳолат юз бериши мумкин. Гарчи барча футболчилар сифатли ва яхши тажрибага эга бўлса-да, Ўзбекистонда улар ўзларини кўрсата олишмади. Айбни тўлиқ ўз зиммамга оламан. Бир қатор ачинарли мағлубиятлар бўлди. Аммо уч тур қолганди ва биз, шубҳасиз, жамоани Суперлигада сақлаб қолган бўлардик. Бироқ охирига етказишга имкон беришмади.
"Бунёдкор"да эса ҳаммаси жойида бўлди. Айниқса, мавсум якунида. Етти ўйиндан бештасида ғалаба қозондик, шу жумладан амалдаги чемпионни ҳам енгдик. Шунинг учун бизнинг истеъфомизни мутлақо тушунмадим.
Ўзбекистон чемпионатига қайтишни хоҳлармидингиз?
Ўзбекистон чемпионати мен учун энг устувор, балки энг муҳим турнирлардан бири эканлигини бир неча бор айтганман. Шубҳасиз, ўзбек клубларининг таклифларини ҳар доим алоҳида эътибор ва қизиқиш билан кўриб чиқаман.
Александр Троицкий суҳбатлашди
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар