Муҳаммадали Ўринбоев: "Европага яна йўл олиш? Яхши янгиликлар бўлиб қолади"

Оқил Абдубарноев
11 май 2025
Суперлиганинг 9-туридан ўрин олган "Пахтакор" – "Бухоро" (6:0) учрашувидан сўнг мезбонлар ярим ҳимоячиси Муҳаммадали Ўринбоев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Ўйин аввалида жараёнга киришиб кетишга қийинчиликларга учрадик. Гувоҳи бўлдингиз, ўз дарвозамиздан биринчи бўлиб тўп ўтказиб юбордик, аммо гол бекор қилинди (ўйиндан ташқари ҳолат сабабли "Бухоро"нинг голи инобатга олинмади – таҳририят). Ўзимизга келиб олишимизга озгина вақт керак бўлди. Рақиб дарвозасини илк марта ишғол қилганимиздан сўнг ўйин очиқ руҳда давом этди ва ғалабага эришдик. 

Голлар урганимдан ва ўзим кутган ўйинни намойиш эта олганимдан жуда хурсандман. Бунда янги мураббийнинг таъсири дея олмайман. Сабаби, бизнинг вазифамиз майдонга тушиб, ўз иқтидоримизни намоён этиш ва ғалабага ҳисса қўшиш ҳисобланади. Жамоа мухлисларини ҳам ғалаба билан табриклайман. 

Футбол шундай спорт турики, ҳар доим бир текисликда юришнинг иложи йўқ. Насиб қилгани бўлади. Тайёргарлик яхши бўляпти. Энди "Насаф"га қарши ўйинга тайёргарлик кўрамиз ва фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. 

Европага яна йўл олиш? Худо хоҳласа, шу руҳда давом эта олсам, яхши янгиликлар бўлиб қолади", деди 20 ёшли футболчи.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: championat.asia