Маунт ва Ковачич кетади. "Челси" йирик харидларга тайёрланмоқда
01 апр 2023 16:36
Янгиликлар
Маунт ва Ковачич кетади. "Челси" йирик харидларга тайёрланмоқда
Инглиз клуби таркибдаги ярим ҳимоя жуфтлиги Мэйсон Маунт ва Матео Ковачичга "Стэмфорд Бридж"ни тарк этишга рухсат беради. Клуб янги харидларни молиялаштириш учун маблағ йиғишга киришди.
Маълум қилинишича, "кўклар" янги клуб эгаси Тодд Боэли қўл остида январь ойида улкан трансфер харажатларини амалга оширганидан кейин янги ўйинчиларни таркибга жалб қилиш учун баъзи ўйинчилар жамоани тарк этишига тўғри келади.
Ғарбий Лондон клуби шартномаси 2024 йилда якун топадиган икки футболчисининг сотиб юборилишидан 100 млн фунт ишлаб олишни ният қилган.
Маунт клубдаги ролини аниқ белгиловчи янги битим имзоланишини истаган. Бироқ музокаралар ҳеч қандай самара бермади. Бу Англия терма жамоаси аъзосининг Премьер-лигадаги рақобатчилардан бирига, жумладан, "Ливерпул"га ўтиши эҳтимолини оширди. Юрген Клопп янги мавсум олдидан ярим ҳимояни мустаҳкамлашни ният қилган.
"Челси" 2019 йилда "Реал"дан 40 млн фунтга харид қилинган хорватиялик футболчи Ковачични сотиб фойда қилишига ишонади. Ярим ҳимоячи "Челси"га ўтганидан буён 200 дан ортиқ ўйинларда майдонга тушди. Бироқ унинг клуб билан ҳамкорлиги шу ергача кўринади.
Фикрлар