

Туркиянинг Белек шаҳрида жойлашган "Калиста спорт маркази" стадионида Қирғизистон ҳамда Мадагаскар миллий терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди ва унда африкаликлар 5:2 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритишди.
Учрашув қирғизистонликлар учун жуда омадсиз кечди, чунки улар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ўз дарвозаларидан тўртта тўп ўтказиб юборишга мажбур бўлишди. Ўйиндаги ҳисоб 5-дақиқадаёқ Мадагаскар ҳужумчиси Арно Рандианантенаина томонидан очилган бўлса, 17-дақиқага келиб африкаликлар ўз устунликларини янада мустаҳкамлашди. Орадан етти дақиқа ўтиб, 24-дақиқада Уоррен Кадди ҳисобни йирик кўринишга келтирди, 42-дақиқада эса ярим ҳимоячи Клеман Кутюрье номинал меҳмонларнинг тўртинчи голига муаллифлик қилди.
Иккинчи таймда Қирғизистон терма жамоаси вазиятни бироз ўнглашга уринди – ярим ҳимоячи Бекназ Алмазбеков пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни қисқартирган бўлса, 62-дақиқада қирғизистонликлар иккинчи бор рақиб дарвозасини ишғол қилишга эришдилар. Аммо 79-дақиқада Уоррен Кадди дубль қайд этиб, жамоасининг бешинчи голини урди ва Мадагаскар терма жамоасининг узил-кесил ғалабасини таъминлади.



