Лига Тартиб-интизом қўмитаси илк йиғилишини ўтказди. Қўмитага собиқ мураббий раислик қилмоқда

Sherzod Nurmatov
3 мар 2026, 13:50
Аввалроқ Лига қошида Тартиб-интизом қўмитаси тузилаётгани ва унинг фаолиятини тартибга солувчи Кодекс ишлаб чиқилгани маълум қилинганди.

Лига Тартиб-интизом кодексининг 4-моддаси 1-бандидан келиб чиқиб, Қўмита беш нафар аъзодан ташкил топган бўлиб, улар футболнинг турли йўналишларида фаолият олиб боради. Жумладан, мураббий сифатида Фурқат Эсонбоев таклиф этилган ва у бир вақтнинг ўзида Қўмита раиси ҳисобланади. Собиқ футболчи сифатида Бахтиёр Ашурматов, собиқ ҳакам сифатида Бобур Ҳайдаров, футбол шарҳловчиси сифатида Отабек Жўраев, Лиганинг спорт йўналиши бўйича Сардор Қудратуллаев қўмита бешлигини тўлдиради. Лига Комиссари Диёр Хотамқулов Қўмитада котиб сифатида фаолият олиб боради. Лига Ижроия қўмитаси аъзоси Ойбек Иброҳимхонов юрисконсульт сифатида тартиб-интизом йўналиши бўйича Ассоциация ва Лига қошидаги уч инстанция фаолиятини мувофиқлаштиради.

Келишувга кўра, Қўмита Суперлига ва Ўзбекистон кубоги доирасидаги тур ўйинлар якунланганидан кейин йиғилади ва мавжуд ҳолатларни кўриб чиқади. Жумладан, Суперлига 1-тури доирасида бугун иккита иш кўриб чиқилмоқда. Йиғилиш баённомаси имзолангач, бу ҳақда алоҳида хабар берилади. 


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: pfl.uz