"Кристал Пэлас" "Ливерпул"нинг Сарр бўйича иккинчи таклифини рад этди. Футболчи машғулотлардан бош тортмоқда

Sherzod Nurmatov
1 сен 2026, 13:17
"Кристал Пэлас" вингер Исмаила Сарр трансфери бўйича "Ливерпул"нинг иккинчи таклифини рад қилди.

Бу ҳақда “RMC Sport” хабар берди.

Аввалроқ мерсисайдликлар 28 ёшли сенегаллик футболчи учун 50 миллион евро таклиф қилганди, бироқ Лондон клуби ўйинчини сотмади.

Манба маълумотларига кўра, Сарр "Ливерпул"га ўтишни хоҳламоқда ҳамда "Кристал Пэлас" сафида машғулот ўтказиш ва майдонга тушишдан бош тортмоқда. Вингер жамоанинг Англия Премьер-лигаси 2026/27 йилги мавсумидаги дастлабки иккита ўйинини ўтказиб юборди.

Футболчининг амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган. Transfermarkt портали унинг нархини 45 миллион еврога баҳоламоқда.

Сарр ўтган мавсум барча мусобақаларда 45 та ўйинда қатнашиб, 21 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. ЖЧ-2026 да эса унинг ҳисобида 4 та учрашувда 4 та гол ва 2 та ассист бор.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: RMC Sport