

Мазкур баҳсда "Эрбил" шарафини ҳимоя қилаётган ўзбекистонлик ҳужумчи Шерзод Темиров ўйинни асосий таркибда бошлади ва жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган асосий қаҳрамонга айланди. Учрашув давомида меҳмонлар сафида Крахире Янник Закри (45+8–дақиқа) ва Ниҳад Муҳаммад Оваид (65–дақиқа) томонидан киритилган голлар эвазига "Ал–Каҳраба" 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган эди. Бироқ ўйиннинг 72–дақиқасида Темиров ҳисобни қисқартиришга эришди. Асосий вақтга қўшиб берилган 90+10–дақиқада эса ҳамюртимиз пенальтидан унумли фойдаланиб, дубль қайд этди ва жамоасига муҳим бир очкони тақдим этди. Шунингдек, "Эрбил" таркибидаги яна бир ўзбекистонлик легионер ҳимоячи Марлен Чобанов мазкур баҳсни захира ўриндиғида бошлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур учрашувдаги дублдан сўнг Шерзод Темиров Ироқ Юлдузлар лигаси тўпурарлари рўйхатидаги пешқадамлигини янада мустаҳкамлаб олди. Ҳамюртимиз ҳисобидаги голлар сони 26 тага етди. У ўзининг энг яқин таъқибчиси бўлган Алаа Ал Далидан (18 та гол) нақ 8 та тўпга ўзиб кетган ҳолда, тўпурарлар пойгасида мутлақ етакчилик қилмоқда.



