Илёс Қурбонов: "Сурхон" ва "Насаф"га қарши фақатгина ғалаба учун ўйнаймиз"
08 ноя 22:40
Янгиликлар
Илёс Қурбонов: "Сурхон" ва "Насаф"га қарши фақатгина ғалаба учун ўйнаймиз"
- "Бунёдкор"ни билардик, яхши жамоа. Айниқса иккинчи даврада мураббийнинг имзоси кўринди, улар қарши ҳужумда яхши ўйнашмоқда. Тезкор футболчилари бор. Шу сабабли йигитлардан диққатлироқ бўлишни талаб қилдик. Барибир диққатни бироз йўқотдик ва қарши ҳужумда гол ўтказиб юбордик. Қўрққан жиҳатимиздан гол ўтиб кетди. Кейин йигитлар ўзларига келиб олишди. Иккинчи бўлим олдидан йигитларга керакли кўрсатмаларни бердик ва яхшироқ ўйин намойиш қилдик. Яхши вазиятларга эга бўлдик, лекин ғалаба қозониш учун кўпроқ гол уриш керак эди. Битта гол эса камлик қилди. Афсус, дуранг ўйнадик, мақсад уч очко эди. Дуранглар бўйича рекорд қўйяпмиз. Лекин ўйин бўйича йигитларга раҳмат, борларини беришди, тартибли ўйнашди. Фақатгина қаердадир омад, қаердадир совуққонлик етишмади.
- Ўтган турда Олмалиқдаги ўйинда Бальса Секулич билан Асадбек Собиржонов қайдномага киритилмади. Бугун Секулични ўйинда кўрдик, бироқ Собиржонов ўйинда кўриниш бермади. У ҳали ҳам жароҳатдами?
- Секулич жароҳатидан тикланиб, "Бунёдкор" билан ўйиндан олдин жамоа билан шуғулланди. Асад эса ҳали тўлиқ тиклангани йўқ. Кейинги ўйингача у умумий гуруҳда шуғулланишни бошлайди.
- Бугун "Металлург"га уч очко керак эди. Бироқ жамоа бугун дуранг ўйнади. Шу орқали "Локомотив" билан фарқ тўрт очкога етди. Жамоа лигада қолиши учун бир ғалаба ва бир дуранг қайд этиши керак бўлади. Жамоанинг лигада қолиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Бизда иккинчи даврадаги барча ўйинлар финал каби ўтмоқда. Ҳар бир ўйинга уч очко учун чиқяпмиз. Очколар эса олтинга тенг. Кураш охиригача бўлади. Ўйлайманки, олдимизга қўйилган вазифани бажаришга кучимиз етади. Эътибор берган бўлсангиз, биз рақиблардан кучсиз ўйин кўрсатганимиз йўқ. Бу бизнинг ўрнимиз эмас. Аслида биз тартиб борасида ҳеч кимдан ортда қолмадик. Биринчи даврада "Олимпик" билан ўйинда тўртта гол ўтказиб юбордик, қолган ўйинларда фақатгина битта гол фарқи эвазига мағлуб бўлдик. Тепадаги жамоалардан: ОКМК, "Навбаҳор", "Насаф", "Пахтакор", "Сўғдиёна"дан ҳам очко олдик. Айтяпман-ку, бизга қаердадир омад, совуққонлик етишмаяпти, баъзи нарсалар эса руҳий ҳолат билан боғлиқ бўлмоқда. Барибир сўнгги ўриндаги жамоа футболчиси хато қилишдан қўрқади. Ҳали ҳаммаси олдинда, охиригача курашамиз.
- Кейинги икки ўйин ҳақида фикрингизни билдирсангиз. Жамоангиз "Сурхон" ва "Насаф" билан ўйинларда 6 очко қўлга киритишига ишонасизми?
- Сўнгги икки турда 6 очко олишимизга ишонаман. Биз фақатгина уч очко учун ўйнаймиз. Ҳа, "Сурхон" чемпионатимизда чиройли ўйин кўрсатмоқда. "Насаф" эса чемпион, уларда биринчи ёки иккинчи таркиб йўқ. Чемпион, ОЧЛда ўйнаётган жамоада иккита бир хил таркиб бўлишига ишонаман. Биринчими ёки иккинчи таркибими, қийин ўйин бўлиши аниқ. Уларга қарши фақатгина ғалаба учун ўйнаймиз, хатто дуранг ҳам бизни қониқтирмайди.
Фикрлар