Икки давлат мадҳиясини куйламоқчи бўлаётган ўғил ЕВРО-2016да отаси учун ўйнамоқчи
14 июн 2016 00:55
Янгиликлар
Икки давлат мадҳиясини куйламоқчи бўлаётган ўғил ЕВРО-2016да отаси учун ўйнамоқчи
Австрия терма жамоаси футболчиси Дьердь Гаричнинг отаси пайшанба куни саратон касаллиги туфайли вафот этди.
Дьердь Гаричнинг отаси ҳам футболчи бўлган ва бир қатор Венгрия жамоаларида тўп сурган.
Асли венгриялик бўлган Гарич терма жамоани танлашда келганида иккинчи ватани Австрия либосини кийишни маъқул кўрган. Гарич 2006 йили Австрия сафида дебют қилган ва шу кунга қадар терма жамоа сафида 41 ўйинда майдонга тушган. Шу вақтга қадар "Дармштадт"нинг ўнг қанот ҳимоячиси Венгрияга қарши майдонга тушмаган. Бу воқеа эса сешанба куни "F" гуруҳининг 1-тур ўйинида юз бериши кутилмоқда.
"Мен отамдан унинг ёнида қолишни сўраганимда, йўқ сен Европа чемпионатига боришинг керак, деб таъкидлаганди. Мен унинг сўнгги истагини ҳурмат қилишим керак эди. Отам билан чиройли хайрлашишни жуда истагандим. Отам мени Европа чемпионатида кўришдан бениҳоят хурсанд бўларди. Агарда турнирни тарк этсам, биринчи бўлиб айнан у мени танқид қиларди. Биз иккаламиз Европа чемпионатига боришни режалаштиргандик. Аммо унга бир неча кунлар етмай қолди. Энди мен Европа чемпионатида бор кучимни сарфлаб, отам мен билан фахрланиши учун барча имкониятимни ишга соламан. Футбол унинг бутун бир ҳаёти эди.
Венгрияга қарши ўйин мен учун ўзгача аҳамият касб этади. Ўйиндан олдин ҳар иккала давлат мадҳиясини куйлайман. Отам билан бўлган воқеа буни янада эмоционал қилади. Бу футбол унинг тарихи, менинг тарихим, шунингдек бу учрашувда қўлга киритиладиган уч очко ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу ўйин мен учун қандай аҳамият касб этишини сўз билан тушунтириб беролмайман", - дейди Гарич.
Фикрлар