Гвардиоланинг келажаги сўроқ остида: "Манчестер Сити" Б режани тайёрламоқда

Sherzod Nurmatov
19 янв 2026, 14:09
Яқин вақт ичида "Манчестер Сити" раҳбарияти билан жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтиши мумкин.

Ушбу учрашувда томонлар жорий мавсум якунланганидан кейин ҳамкорликни давом эттириш истиқболини муҳокама қилади.

"Topskills Sports UK"нинг хабар беришича, испаниялик мутахассиснинг келгуси тақдири яқин ойларда жамоа кўрсатадиган натижаларга бевосита боғлиқ бўлади. Агар 2025/2026 йилги мавсум клуб эгалари ва раҳбарияти кутган натижаларни бермаса, ажралиш варианти ҳам истисно этилмаяпти.

Манбага кўра, "шаҳарликлар" аллақачон муқобил сценарийлар устида иш бошлаган ва италиялик мураббий Энцо Маресканинг атрофидагилар билан алоқага чиққан. Гвардиола 2026 йилнинг ёзида жамоани тарк этган тақдирда, Мареска унга ўринбосар деб кўрилмоқда.

Қайд этилишича, Маресканинг ўзи ҳам "Манчестер Сити"да ишлашга жиддий қизиқиш билдирмоқда ва бош мураббий лавозими бўйича таклифни кўриб чиқишга тайёр.

Хосеп Гвардиоланинг инглиз клуби билан амалдаги келишуви 2027 йилнинг ёзигача амал қилади. "Шаҳарликлар" Англия Премьер-лигасининг 22-туридан сўнг 43 очко тўплаб, турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Topskills Sports UK