"Футболдаги замонавий тенденцияларни ҳисобга олиб, селекцияни янгидан юритиш вақти келди" — "Андижон" бош директори
12 сен 2023 21:25
Янгиликлар
"Футболдаги замонавий тенденцияларни ҳисобга олиб, селекцияни янгидан юритиш вақти келди" — "Андижон" бош директори
"Замонавий футболда ҳар бир профессионал клубнинг ўз штатида нафақат биргина скаут, балки селекция билан шуғулланувчи бутун бир бўлим бўлиши керак. Скаут иши катта аҳамиятга эга, сабаби у ҳам мамлакат ичида, ҳам ташқарисида ўйинчиларни излайди ва таҳлил қилади. Албатта, у ёки бу ўйинчи билан шартнома имзолаш бўйича якуний қарорни бош мураббий ҳал қилади, аммо скаут селекция бўйича унинг биринчи ёрдамчиси бўлиши керак.
Ўзбекистонда одатда скаут вазифасини бош мураббий, унинг ёрдамчилари, бош ёки спорт директори бажаради ва уларга тез-тез агентлар ёрдам беради. Аммо, агентлар биринчи навбатда, ўз фойдаларига қизиқишади ва улар жамоани қандай кучайтириш эмас, балки ўз ўйинчилари ҳақида ўйлашади. Ҳа, агент ёрдам бериши ва яхши ўйинчи таклиф қилиши мумкин, аммо бу унинг учун иккинчи даражадаги вазифа. Клубни кучайиши ҳақида унда ишлайдиган одамгина ўйлаши мумкин ва бу скаут бўлиши яхшироқ.
Футболдаги замонавий тенденцияларни ҳисобга олиб, селекцияни янгидан юритиш вавқти келди. Шу сабаб, "Андижон"га россиялик скаут Николай Егоричевни таклиф қилишга қарор қилдик. Биз унинг ишлари билан танишдик ва давомли мулоқотдан сўнг ҳамкорлик бўйича келишиб олдик. Бу клубимизга ҳам, ёш мутахассисга ҳам ўз профессионал сифатларини кўрсатишига ёрдам беришига ишонамиз", – деди Мирзаев.
Аввалроқ "Андижон" ўз скаутига эга Ўзбекистондаги илк клубга айлангани ҳақида хабар берган эдик.
Фикрлар