Футболчимизни кучлироқ бўлганда қайтарарсиз, ёхуд Мадриднинг трансфер сиёсати
03 фев 2017 12:05
Янгиликлар
Футболчимизни кучлироқ бўлганда қайтарарсиз, ёхуд Мадриднинг трансфер сиёсати
Дарҳақиқат, ХХI асрга келиб футбол шунчаки спортнинг бир туридан, яхшигина бизнес лойиҳага айланиб бўлди.
Бундан 15-20 йил аввалгидан фарқли ўлароқ, ҳозирда бойроқ жамоалар унча-мунча футболчини таркибларига муаммосиз қўшиб олишмоқда. Баъзи футболчи ва жамоалар мўмай даромад олдида иккиланиб қолишмоқда. Бунга Хитойга йўл олганлар яққол мисол бўлади.
Қўша-қўша машина сотиб олаётганлар ҳам, яхта, курортларда дам олиш ва бошқа қимматбаҳо харидлар, ҳашаматли уйлар учун миллионлаб пул сарфлаётганлар ҳам бевосита шу соҳа вакиллари ҳисобланади. Тўғри, бу каби ҳолатни нафақат футбол ичидаги инсонлар, балки бошқа соҳа вакиллари мисолида ҳам учратишимиз мумкин. Баъзилар бу каби инфонларни кескин танқид қиладилар. "Эх, пул топиб ақл топмаганлар", - деганларни ҳам эшитганман.
Лекин, аммо, бироқ...
Ҳар бир инсон топишига яраша сарфлайди. У ўзи ишлаб топган пулини сарфлаяпти, биз ўзимизникини. Ва, умуман олганда, бировнинг кармонидаги пулни ҳисоблаш одоб меъёрларига ҳам тўғри келмайди.
Футболчилар ойлик, бонуслар, реклама шартномаларидан даромад қилишларини яхши биласиз.
Клубларда эса бу рўйхат бироз узунроқ. Улардан бири, ўз ўйинчисини ижарага бериш.
Ижарадан келиши мумкин бўлган фойда:
1. Футболчининг ижарасидан жамоа маълум миқдорда пул ишлаб олади (ижара пули).
2. Ўша спортчининг ойлиги "ёнга қолади".
3. Агар яхши ўйнаб кетса, жамоа уни бемалол ортга қайтариб олаверади.
Ёмон эмас-а? "Футболчимизни маошини тўлаб туринг, ўйнаб кетса қайтариб олармиз". Албатта, ҳар ишда бўлгани каби, буни ҳам эплаган қилади.
Куни-кеча Мадриднинг "Реал" жамоаси бразилиялик ярим ҳимоячи Лукас Сильвани она юртига қайтариб юборди. Футболчи 2018 йилнинг 30 июнига қадар "Крузейро" шарафини ҳимоя қилади. Ушбу келишув, испан клубининг иш бераётган сўнгги йиллардаги трансфер сиёсатини яна бир бор кўрсатиб берди. Ёш футболчилар "Реал Мадрид"дек жамоада бирданига ўйнаб кетишлари қийин масала. Ахир, Раул ва Касильясдек футболчилар ҳар куни академиядан чиқавермайдику.
Шу сабабли, раҳбарият уларни Европанинг бошқа жамоаларида тажриба орттириб қайтишлари тарафдори. Ўз вақтида Дани Карвахаль, Лукас Васкес, Каземиро, Марко Асенсио ва Альваро Моратанинг ҳар бири бу йўлни босиб ўтган. Бугунги кунга келиб, улар асосий жамоа ғалабаларига муносиб хисса қўшишмоқда.
Бу усул, айниқса, 2012 йилда ёрқин намоён бўлди. Ёдингизда бўлса, ўша йили Дани Карвахаль Леверкузеннинг "Байер" клубига ижарага берилди ва биринчи мавсумдаёқ Бундеслига кашфиётлари қаторидан жой олди.
Мадридга энди ўз кучига ишонган, имкониятларини яхши биладиган Дани қайтиб келди ва ривожланишда давом этди. Жамоанинг асосий таркиб аъзоси терма жамоа билан Европа Чемпионатига фақатгина аламли жароҳат туфайли бора олмади.
Ижара ишларида эсда қоларли вазиятлар 2014/15 мавсум трансфер бозорида содир бўлди. Лукас Васкес "Эспаньол"га ўтди, Каземиро - "Порту"га, Альваро Мората эса туриннинг "Ювентус" аъзосига айланди (шу ўринда "Реал" футболчини аниқ белгиланган суммага сотиб олиш ҳуқуқи ўзида сақлаб қолди). Бу футболчиларнинг барчаси кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни истарди, аммо ўша вақтда асосий таркибнинг юлдузлари жойини олиб қўйиш қийин масала эди.
Ноябрдан бери жароҳат сабаб майдондан четда қолган Гарет Бейлни ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилаётган Васкес ўсишни истади ва "Эспаньол"да тинимсиз меҳнати сабаб ўз ниятига эришди. 2015 йил ёзида Рафа Бенитес уни Мадридга қайтарди, июнь ойида эса ярим ҳимоячи терма жамоада дебют учрашувини ўтказди. Зинедин Зидан ҳам Васкесга етарлича ўйин вақти тақдим этмоқда.
Каземиро. Ижара услубининг яна бир меваси. Майдон марказида унга нон йўқлигини тушунган Каземиро, Португалияга йўл олди. Бир мавсум "Порту"да ўйнаган, ўйнаганда ҳам зўр ўйнаган футболчини жамоа тўлиқ сотиб олгиси келиб қолди, аммо "Реал" тезда уни ортга қайтарди. Бенитес қўл остида балки баъзи саволлар бўлгандир, лекин Зидан жамоасида Каземиронинг ўрни беқиёс.
Альваро Мората тарихи эса бошқачароқ. ББС соясида қолишни истамаган ҳужумчи кўпроқ ўйнаш ниятида "Ювентус"га ўтиб кетди. Шу жойда "Реал" раҳбарларининг калласи яна бир бор ишлаб қолди ва шартномага қайтиб сотиб олиш банди қўшиб қўйилди. 2016 йилнинг 21 июнида, "Челси" футболчи учун 70 миллион евро таклиф қилиб турган бир вақтда, Мората Испания пойтахтига қайтиб келди.
"Челси" мени таркибига чорлаганди. Италияга келишимга ҳам айнан Конте (ўшанда Антонио Конте эндигина "Челси" бошқарувини қўлга олганди) сабабчи бўлганди. Лекин "Реал"дагилар жамоага кераклигим ва менга кўз тикиб туришганини эшитишим билан, бошқа гап-сўзга ўрин қолмади. Бу менинг орзуим. "Реал" учун жонимни беришга ҳам тайёрман" - деганди Альваро Мората.
Тўғри, балки футболчи ҳозир ҳам унчалик кўп ўйин амалиётига эга бўлмаётгандир, бироқ у 10 та гол билан жамоа тўпурарлари пойгасида 3-ўринда бормоқда.
2014 йилда "Реал Мадрид" Марко Асенсиони сотиб олади, аммо келишув шартларига биноан "Мальорка"да ўйнашда давом этади. 2015 йил ёзида футболчига "Эспаньол" қизиқиш билдиради ва энди Марко Каталонияга йўл олади. Ижара муддати якунига етгач, у "Қироллик клуби"га қайтди ва энди бевосита асосий таркиб учун кураш олиб бормоқда.
Бу сафар жамоа Диего ва Маркос Льоренте, Хесус Вальехо, Бурги, Борха Майораль ва Мартин Эдегорни ижара бериб юборди. Норвегиялик вундеркинд Голландияга кўчиб ўтди, Бундеслигада ўзини яхши томондан кўрсата олаётган Вальехо келаси мавсумдаёқ Пепенинг ўрнини эгаллаши мумкин. Маркос Льоренте – Ла Лига мухлислари яхши билиб улгурган футболчи. "Алавес" шарафини ҳимоя қилаётган ўйинчи жамоа билан бирга мутахассислар тилидан тушмай қолди. Янги мавсум бошида у ҳам "Мадрид"га қўшилиши мумкин.
Қолган футболчилар тажриба орттиришда давом этишади чоғи. Таклиф билан келаётганларга эса ўша гап, "футболчимизни кучлироқ бўлганда қайтарарсиз".
Омонжон Тўхтамирзаев
Фикрлар