Футбол бўйича ЖЧ-2014 телетрансляцияси жаҳон бўйлаб рекордлар ўрнатмоқда

Narzulla Saydullayev
21 июн 2014
Бразилияда давом этаётган футбол бўйича ЖЧ-2014 учрашувлари жаҳон бўйлаб рекорд даражада кўп телетомошабинларни тўпламоқда.
Бу ҳақда, ФИФАнинг телевизион директори Никлас Эриксонга асосланиб, ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, Япония ва Кот-д’Ивуар терма жамоалари ўртасидаги ўйин телевидение орқали намойиш этилган 1-тур учрашувлари орасида энг кўп томошабин тўплаган ўйинлардан бири бўлган.

Маҳаллий вақт билан тонгга 10:00да Япониядаги 34,1 миллион телетомошабин ўз миллий терма жамоаси мағлубиятини кузатиб борган.

Бразилия терма жамоаси Хорватия устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган ЖЧ-2014нинг очилиши ўйинини эса Бразилиядаги Globo телеканали орқали 42,9 миллион томошабин томоша қилган.

АҚШ ва Гана терма жамоалари ўртасидаги баҳсни (2:1) 11,1 миллион нафар АҚШ фуқароси кузатиб борган бўлиб, бу ушбу учрашувни жонли эфирда узатган ESPN телеканали учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Маълумот учун, Ўзбекистон ЖЧ-2014 учрашувлари ЎзМТРКнинг «Спорт», «Ёшлар» ва UzHD телеканаллари орқали трансляция қилинмоқда. Мусобақани Ўзбекистонда қанча томошабин ЎзМТРК орқали кузатаётгани тўғрисида маълумотлар йўқ.

Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: kun.uz