Эмери "Астон Вилла"нинг тарихий сериясидан сўнг: "Биз чемпионликка даъвогар эмасмиз"

Sherzod Nurmatov
23 дек 2025
"Астон Вилла" бош мураббийи Унаи Эмери Премьер-лиганинг 17-турида "Манчестер Юнайтед" (2:1) устидан қозонилган ғалабадан сўнг жамоа ўзини энг юқори ўринлар учун ҳақиқий даъвогар деб ҳисобламаслигини таъкидлади.

Испаниялик мутахассис клуб учун асосий мезон жамоанинг ўз имкониятлари ва салоҳияти эканини қайд этди.

"Ҳозирги ўрнимиз жамоанинг реал имкониятлари ва салоҳиятини акс эттиради. Биз "Арсенал" ва "Манчестер Сити" каби рақиблар билан ҳам ўйнадик ва ғалабаларга эришдик, аммо улар улкан тактик тажрибага ва энг юқори савиядаги футболчиларга эга клублар. Бизда ҳам сифат бор, лекин ҳозирча ўзимизни улар билан бир қаторга қўйиш нотўғри бўлар эди.

Биз ўзимизни фаворит деб ҳисобламаймиз. Бу ерга рақобат қила олиш орқали келдик. Футболчилар ҳар бир ўйинга тўлиқ эътибор қаратган, ўйин тамойилларига ишонади ва барқарорликни сақлаб келмоқда, аммо энг юқори ўринлар учун кураш ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Жамоа тахминан 3 йилдан бери барқарор натижалар кўрсатиб келмоқда ва мунтазам равишда еврокубокларга йўл оляпти. Шу боис биз учун камтар бўлиб қолиш, очколарни қай тарзда қўлга киритаётганимизни аниқ тушуниш ва шу йўлда ишни давом эттириш муҳим. Мақсадимиз — шу даражани ушлаб туриш, ақлли, рақобатбардош, барқарор бўлиш ва ўзимизга нисбатан талабчанликни сақлаш", – деди Эмери.

Айни пайтда "Астон Вилла" 36 очко билан АПЛ турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди. Ундан олдинда фақат "Арсенал" (39 очко) ва "Манчестер Сити" (37 очко) жойлашган.

"Эмери эффекти": "Астон Вилла" клуб рекордини ўрнатди


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: BBC