Денис Коростиченко: "Андижон-SGS" - "Динамо" учрашуви натижаси сенсация эмас"
26 авг 2023 23:57
Янгиликлар
Денис Коростиченко: "Андижон-SGS" - "Динамо" учрашуви натижаси сенсация эмас"
- Илк навбатда барчани ғалаба билан табриклайман. Бизни қўллаб турган мухлисларга раҳмат айтаман. Уларни доимо эшитиб турамиз. Бу жуда ёқимли. Адолатли ғалабага эришдик деб ҳисоблайман. Биринчи бўлимда яхши темпни ушлаб турдик. Йигитлар юқори руҳ билан ўйнашди, тезлик яхши бўлди ва якунда иккита гол урдик. Иккинчи бўлимда ҳам яхши вазиятлар яратдик, ҳисобдаги фарқни оширишга интилдик. Бироқ яратилган вазиятлардан фойдалана олмадик. Умуман олганда ўйиндан мамнунман.
- Иккинчи таймда майдонга тушган Марат Бикмаев 16 ёшли йигитлардек юқори азарт билан ўйнади. Бу мураббийларнинг кўрсатмасимиди?
- Марат машғулотларда яхши меҳнат қилади. Тажрибаси юқорилигини доимо сездириб туради. У қайсидир ўйинларда бизга керак бўлади. Бугун унга ўзини кўрсатиш учун вақт бердик, имконияти ҳам бўлди. У профессионал, хоҳиш доимо юқори. Қандай ишлаш кераклигини, ғалабалар қозонишни билади. Бугун ҳам у яхши ўйнади, меҳнат қилди.
- Бугун иккинчи бўлимдаги ўзгаришлардан кейин рақибларда имкониятлар бўлишни бошлади. Захирадан тушганлар жамоа ўйинини кучайтира олдими?
- 50га 50. Биз янада кўпроғини истагандик. Захирадан тушганларнинг айримлари кучайтира олди, кимларгадир вақт етмади. Шу сабабли 50га 50. Рақибнинг вазиятларини айтадиган бўлсам, улар ҳам ўзгаришлар қилишди. Кучлар кўпайди. Кўп бўлмаса ҳам вазият ярата олишди.
- "Андижон-SGS" - "Динамо" учрашувида 0:0 ҳисоби кузатилганини сенсация деб ҳисоблайсизми?
- Йўқ, ундай демаган бўлардим. Про лигада ҳам яхши жамоалар кўп. Ўтган ўйинда биз "Арал"га мағлуб бўлдик. "Андижон-SGS" ҳам ёш, яхши жамоа. Улар ҳам икки ўйинга яхши тайёрланиши мумкин. Улар ҳам ўзларининг максимумини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Бундай ҳолат бугун "Динамо"га қарши ўйинда амалга ошди. Демак улар максимумини кўрсатишди. Умуман олганда барча жамоалар Про лига учун мос ва исталган рақибидан очко тортиб олиши мумкин.
- Келаси турдаги "Динамо" - "Локомотив" учрашувини финалга қиёслашмоқда.
- Биз учун барча ўйин финал. Иккинчи давра бошланганидан кейин барча ўйин финалга тенг эканлигини йигитларга уқтиряпмиз. Масалан келаси турда "Динамо" ёки ундан кейин "Қўқон-1912" билан ўйнаймиз дейилмайди. Агарда фақатгина шу ўйинлар учун яхши тайёрлансак, келаси ўйинларда очко йўқотишимиз мумкин. Шу сабабли ҳар бир ўйин финал. Бугун финалда ютдик, келаси ўйин ҳам финал. Барча финалларга тайёрланишда давом этамиз. Асосий вазифамиз бажарилмагунга қадар ўйинларимиз финалга тенг бўлиб бораверади.
Фикрлар