

Ўйин 120 дақиқа давом этди, дарвозаларга биттадан тўп киритилди. Биз тезкор гол уриб олдик, 8-дақиқада Сардор Баҳромов чиройли бошланган ҳужумни гол билан якунлади. Тезкор гол бизга майдондаги устунликни тақдим эта бошлади. Шундан кейин ҳам чиройли ҳужумларимиз давом этди. Ҳимояга ётиб олмадик. Битта гол фарқини сақлаб қолшга уринмадик. Охиригача ўйнашга ҳаракат қилдик.
Япония U-23 терма жамоаси - кучли рақиб, иккинчи бўлимда устунлик улар томонга ўтди. Бир нечта ҳужум уюштирилди, голли вазиятлар яратилди. Ҳимояга ўзимиздан ўзимиз ўтиб олганимиз йўқ, рақиб шунга мажбур қилди. Баҳснинг асосий вақти тугашига уч дақиқа қолганида афсуски, тўп ўтказиб юбордик ва ҳисоб тенглашди. Кейинги 30 дақиқалик экстра таймларни ҳам яхши ўтказишга ҳаракат қилдик, ҳатто гол уриб ғалаба қозонишимиз мумкин эди.
Лекин вазият пенальтилар сериясига етиб борди. Буёғига характер ва руҳият асосий планга чиқадиган фурсат келди. Пенальтилар серияси пенальти тепувчи учун ҳам, пенальтини қайтарувчи дарвозабон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мана шу вазиятда дарвозабонлар мураббийининг иши кўриниши керак бўлади. Одатда серияга ўтишдан аввал мураббийлар футболчиларга керакли кўрсатмаларни беришади. Дарвозабонлар мураббийи ҳам ўз шогирдини керакли гап билан серияга руҳан тайёрлайди.
Аммо биз кўрдикки, дарвозабонимиз (Самандар Муратбаев) пенальтилар сериясига тайёр эмас экан. Моҳир дарвозабонлар бу вазиятда ўз характерларини намойиш этиш пайида бўлишади. Бу ўринда энг асосий жиҳат 11 метрлик нуқтадан тепиладиган тўпни қайтаришга уриниш билан бирга рақиб футболчисини мувозанатдан чиқариш. Пенальтилар сериясига ҳар бир дарвозабон ўзича ҳозирлик кўради. Пенальти тепилаётганда кимдир ўз жойида қимирламай туради ва зарба йўналишини топишга ҳаракат қилади. Кимдир қўлқопига туфлаб, қўлларини бир-бирига уриб, уёқ-буёққа юриб мен тайёрман дегандек бўлади.
Тажрибали посбонлар бундай вазиятда рақиб футболчиси тўпни нуқтага қўйгач, тўп олдига келиб рақибни мувозанатдан чиқаришга, унинг асабига ўйнашга ҳаракат қилади. Чунки пенальтилар серияси аввало характер ўз сўзини айтадиган палла. Мувозанатдан чиққан ўйинчи тўпни ўзи хоҳлагандек тепа олмайди. Эмилиано Мартинес кўп марта пенальтилар сериясида иштирок этган. Унинг сериядаги ҳар бир ҳаракатига қаранг, мен бу ерда асосий қаҳрамонман дегандек мағрур туради. Қандайдир қилиқлари билан рақиб ўйинчиси ғашига тегишни бошлайди ва шу орқали мувозанатдан чиқаришга ҳаракат қилади. Ва охир-оқибат ўз мақсадига етади.
Афсуски, бизга шу нарса етишмади. Бизнинг дарвозабон ҳам пенальтилар сериясида ўзини кўрсатиши керак эди. Мен ҳаммангдан зўрман дегандек рақибга босим қилса бўларди. Дарвозабонимиз эса жим турди ва фақат ўз маҳоратига таянган ҳолда пенальтини қайтаришга ҳаракат қилди. Японлар тўпни асосан бир томонга тепишди, бизнинг дарвозабон бошқа томонга сакради. Бўлиб ҳам зарбадан олдин сакраб, буни рақиблар пайқаб қолишди. Японлар хотиржам зарба йўллашди. Хайрият бизнинг футболчилар ҳам зарбани хотиржам беришди. Чунки уларнинг посбони ҳам биронта тўпни қайтара олмади.
Бу ўринда катта юк дарвозабондан кўра уларнинг мураббийига тушади. Дарвозабонлар мураббийининг вазифаси дарвозабонларни ўйинга тайёрлаш, машғулот орқали уларнинг маҳоратини ўстириб бориш. Бу тушунарли, лекин дарвозабонларга руҳият ва характер томондан ҳам дарс ўтиш керак бўладики, бусиз муҳим ўйинларни ютишнинг иложи йўқ. Тўп ердан келса бунақа қайтар, ҳаводан келса ушлаб ол, бурчакдан тепса бундай ҳаракат қил, жаримадан йўлласа бундай тур дейишнинг ўзи етарли эмас. Бу фақат машғулотда ўргатиладиган нарсалар. Мураббийлар шунингдек дарвозабонларни характерли қилиб тарбиялаши, айниқса муҳим паллада рақибни мувозанатдан чиқаришга ҳаракат қилишни ҳам ўргатишлари зарур.
Японларни биламиз, улар ўйинни бир темпда бошлаб, бир темпда тугатиш пайида бўлишади. Уларнинг деярли барча жамоалари бир хил ўйнайди. Футбол мактабларида ҳам бир хил тактика ўргатилса керак. Уларни мувозанатдан чиқаришнинг йўли эса уларнинг ғашига тегиш. Тенгма-тенг футбол ўйнаса ҳам бўлади, фақат бунинг учун ниҳоятда кучли бўлишимиз керак. Ўзига хос характерга эга посбонларимизнинг охирги вакили Игнатий Нестеров эди. Нестеров ўз устида ниҳоятда кўп ишлар, характери ҳам кучли эди. Балки шунинг учундир узоқ йиллар юқори темпда ўйнади.
Ҳозирги дарвозабонларимиз эса негадир мулойимтабиат бўлиб қолгандек. Дарвозабонлар мураббийлари уларда характерни шакллантирмаса бўлмайди. Дарвозабонларнинг ўз "я"си бўлиши шарт. Улар жарима майдончаси ичида ўзларини қиролдек ҳис қилишлари лозим. Бу жой уларнинг "уйи", уйни қўриқлаш уларнинг иши. Дарвозабонларга хос хусусият - бўйдорлик, маҳорат, ўйинни ўқий билиш билан бир қаторда характер шаклланмас экан, кучли рақибларга қарши катта ўйинларда панд еб қўяверамиз.
Хулоса ўрнида дарвозабонлар мураббийларига айтадиган гапимиз: майдонда фақат машғулот ўтказишнинг, дарвозабонлар билан ишлашнинг ўзи камлик қиляпти, уларга характерли бўлишни ва рақибнинг кўзига қараб уқийдиган бўлишни ўргатинг, уларда руҳият шакллансин, улар фақат ўз маҳоратига таяниб қолмасин, тўпни шу томонга тепса қайтараман қабилида иш тутишмасин, керак бўлса рақибга таъсир ўтказа оладиган моҳир посбон қилиб етиштиринг.
Х.Холиқов.



