

Турнир жадвалидаги реал вазият шуни кўрсатмоқдаки, бу икки гегемон қолган таъқибчиларидан сезиларли даражада ўзиб кетишга эришди. Олдинда эса ҳар икки клуб учун ҳақиқий синов ва кучларни имтихон қиладиган "оловли август" турибди.
Қуйида ушбу икки даъвогарнинг бугунги ҳолати, бўлажак дербилар ва тақвимнинг машаққатлари ҳақида таҳлилий мулоҳаза юритамиз.
Рестартдан кейинги манзара: "шерлар"да қийин, "Нефтчи"да иродали ғалабалар
Суперлиганинг иккинчи давраси бошланиши ҳар икки жамоа учун турлича кечди.
"Пахтакор"нинг натижалари: Амалдаги чемпионлар рестартни "Локомотив"га қарши ўта қийин баҳс билан бошлаб, 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Бу натижа "шерлар" учун нафақат 2 очконинг йўқотилиши, балки пешқадам "Нефтчи" билан орадаги фарқнинг 4 очкога етишига сабаб бўлди. Олдинда мураккаб тақвим борлигини ҳисобга олсак, 4 очколик фарқ ҳеч нарсани англатмайди ва интрига ўлганидан далолат бермайди. Бироқ, кейинги турда "Хоразм" устидан қозонилган асабий ва қийин ғалаба ҳам кўрсатдики, "Пахтакор" ҳали ўзининг оптимал спорт формасига кириб улгурмаган. Яъни жамоа ўзининг кучли ҳолатида эмас.

"Нефтчи"да қандай вазият? Фарғоналиклар устози Ислом Исмоилов шогирдлари эса танаффусдан энг юқори тайёргарлик билан қайтганини намойиш этмоқда. Улар дастлаб турнир жадвалида учинчи ўринда бораётган марказий ўйинлардан бирида "Бухоро"ни ўз майдонида таслим этишди. Бу ғалаба орқали "Нефтчи" бир ўқ билан икки қуённи урди: ҳам асосий таъқибчиларидан бирини ортда қолдирди, ҳам "Пахтакор" билан орадаги фарқни мустаҳкамлади.
Кейинги турда "Сўғдиёна" билан кечган баҳсда (5:1) фарғоналиклар ҳақиқий чемпионлик характерини кўрсата олди. Эътиборлиси шундаки, "Нефтчи" сўнгги икки ўйинда ҳам дастлабки 20 дақиқаликдаёқ ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлди. Аммо жамоа руҳий томонлама синмади ва якунда йирик ғалабаларни тортиб олди. Бугунги "Нефтчи"га гол уриш — уларни енгиш дегани эмас. Улар битта тарсакига бир нечта зарба билан жавоб қайтариш салоҳиятига эга эканлигини исботламоқда.

Тошкент ва Фарғонада дербига марҳамат
Олдинда ҳар икки жамоани ўта муҳим ва мухлислар интиқиб кутадиган дербилар кутмоқда. Аммо бу дербиларнинг табиати ва бугунги салобати бир-биридан тубдан фарқ қилади.
Тошкент дербиси: "Пахтакор" учун қулай имконият. "Пахтакор"ни азалий ва қадрдон рақиби "Бунёдкор"га қарши тўқнашув кутиб турибди. Аммо тан олиш керак, бугунги "қалдирғочлар"нинг аҳволи ҳавас қилгудек эмас. Футболчиларда кайфият кўринаётгани йўқ. Жамоа сўнгги икки ўйинда майдонда гўёки кўринмади. Клуб ичидаги муаммолар, легионерларнинг кетма-кет кетиши ва трансфер тақиқи, молиявий муаммолар каби омиллар футболчиларнинг руҳиятига жиддий зарба берган. "Бунёдкор" жар ёқасида тургани ва "Пахтакор"нинг таркиб жиҳатдан яққол устунлиги фонида, бу дерби "шерлар" учун осонгина 3 очко ишлаб олиш ва кайфиятни кўтариш воситасига айланиши мумкин.
Водий дербиси: "Истиқлол"даги қайноқ оқшом. Фарғонада эса бутунлай бошқа манзара. "Нефтчи" азалий рақиб "Навбаҳор"га қарши водий дербисига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ўйиннинг аҳамияти ҳар икки томон учун 200 фоизлик қийматга эга. Тимур Кападзе бошчилигидаги "Навбаҳор" кетма-кет 5 та ўйиндан буён ғалаба нималигини билмай келмоқда. Наманганлик талабчан мухлислар учун бу ўта катта ва кечирилмас муддат. Бундан ташқари, "лочинлар" сўнгги 3 та водий дербисидан буён "Нефтчи" майдонидан ғалабасиз қайтмоқда. "Навбаҳор" учун бу ўйин "ҳаёт-мамот" масаласи бўлса, "Нефтчи" учун чемпионлик маршини давом эттириш йўлидаги энг муҳим қадамдир.

Оловли август. "Пахтакор" бир ойда 7 та ўйинда майдонга тушади
Мавсумнинг энг ҳал қилувчи палласига қадам қўяр эканмиз, жамоаларнинг август ойидаги тақвими катта аҳамият касб этади. Қуйида икки жамоанинг ушбу ойдаги ўйинлари билан танишинг:
"Пахтакор"нинг август тақвими (7 та ўйин):
1 август: "Андижон" (Суперлига, сафарда)
6 август: "Бухоро" (Суперлига, уйда)
11 август: "Ал Ҳуссейн" (Элит ОЧЛ, уйда)
16 август: "Насаф" (Суперлига, сафарда)
21 август: "Сурхон" (Суперлига, уйда)
26 август: "Динамо" (Суперлига, сафарда)
29 август: "Нефтчи" (Ўзбекистон Кубоги, сафарда)
"Нефтчи"нинг август тақвими (6 та ўйин):
3 август: "Динамо" (Суперлига, сафарда)
8 август: "Қизилқум" (Суперлига, уйда)
13 август: "Андижон" (Суперлига, сафарда)
18 август: "Бухоро" (Суперлига, сафарда)
23 август: "Сўғдиёна" (Суперлига, уйда)
29 август: "Пахтакор" (Ўзбекистон Кубоги, уйда)
Кўриниб турганидек, "Пахтакор" бу ойда рақибига нисбатан битта кўп ўйин ўтказади. Энг асосийси, Тошкент клубини халқаро майдон — Элит ОЧЛ плей-офф доирасидаги мураккаб баҳс ҳам кутиб турибди. 29 август куни Ўзбекистон Кубоги доирасидаги "Фарғонадаги финалга тенг тўқнашув" эса ҳар икки клуб учун ойнинг мантиқий ва энг юқори нуқтаси бўлади.

Чемпионликни нима ҳал қилади?
Айнан август ва сентябрь ойлари жорий мавсумда қайси жамоанинг бошига тож кийдирилишини белгилаб берадиган ҳал қилувчи палладир. Бундай тиғиз ва кескин графикда қуйидаги учта омил биринчи планга чиқади:
Жисмоний тайёргарлик ва тикланиш: Ўйиндан-ўйингача бўлган қисқа фурсатда футболчиларнинг кучини тўғри тақсимлаш.
Захира ўриндиғининг узунлиги (Ротация): Иккала жамоада ҳам чарчоқ ёки жароҳатлар пайтида асосий таркибни муносиб алмаштира оладиган ижрочиларнинг мавжудлиги. "Нефтчи"да захира ўриндиғи бироз яхшироқ.
Тиббий штабнинг иши: Жароҳатларнинг олдини олиш ва футболчиларни тез оёққа турғазиш.
"Нефтчи" тақвим ва руҳият жиҳатдан бироз устунликка эга бўлиб турса-да, "Пахтакор"нинг чемпионлик тажрибасини асло унутиб бўлмайди. Оловли август бизга ҳақиқий футбол спектаклини ваъда қилмоқда!



