"Бухоро" икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди

Administrator
14 янв 2026, 01:20
Сардор Қулматов ва Муҳаммад Йўлдошев "Бухоро"да қолади.

"Бухоро" клуби Сардор Қулматов ва Муҳаммад Йўлдошев билан шартномани узайтирди.

"Жамоамиз сафида ҳимоячи сифатида тўп суриб, нафақат мудофаа, балки ҳужумларда ҳам фаол иштирок этиб келаётган, ўзининг жанговар руҳи ва фидойилиги билан мухлислар меҳрини қозонган тажрибали футболчи Сардор Қулматов фаолиятини "Бухоро" сафида давом эттиради. Клуб ва футболчи ўртасидаги шартнома яна бир йилга узайтирилди. Сардор Қулматов ушбу мавсумда Суперлига доирасида 29 та учрашувда майдонга тушиб, жами 1713 дақиқа ҳаракат қилган. "Насаф" дарвозасига гол уришга муваффақ бўлди. Унинг барқарор ва профессионал ўйини жамоанинг ҳимоя чизиғини мустаҳкамлайди ва рақибларга қарши ишончли ўйин намойиш этади.

Жамоамизнинг ҳимоя қўрғонида ўзининг ишончли ва сифатли ўйини билан жамоамизнинг кейинги мавсум Суперлигада иштирок этишига муносиб ҳисса қўшган тажрибали ҳимоячи Муҳаммад Йўлдошев навбатдаги мавсумда жамоамиз сафида фаолият олиб боради. Муҳаммад Йўлдошев ўтган мавсумда жамоамиз таркибида 29 та учрашувда майдонга тушиб, жами 2170 дақиқа ҳаракат қилди. Ҳимоячи бўлишига қарамай, у ушбу ўйинларда 4 та голли узатма муаллифига айланишга муваффақ бўлди.

Ишонамизки, Сардор ва Муҳаммад янги мавсумда ҳам ўз меҳнати, тажрибаси ва маҳорати билан жамоамиз олдига қўйилган юксак мақсадларга эришишга катта ҳисса қўшади.

Футболчиларимизга янги мавсумда соғлиқ, барқарор ўйин ва жамоамиз билан биргаликда янги ғалабалар тилаймиз!", -дейилади "Бухоро" клуби хабарида. 


AdministratorМуаллиф
Манба: "Бухоро" матбуот хизмати