

25 сентябрь куни ЎФА Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси томонидан “Бунёдкор” клубига кетма-кет икки рўйхатдан ўтказишнинг тўлиқ даври давомида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўйилди. Боиси, “Бунёдкор” ўзининг собиқ футболчиси Самандаржон Мавлонқулов олдидаги қарздорликни белгиланган муддатда бартараф этмаган.
Юқоридаги икки масала юзасидан қўлланилган санкциялар алоҳида-алоҳида бўлиб, шу ишлар доирасидаги мажбуриятлар тўлиқ бажарилганидан кейингина трансфер тақиқи ечилади. Унга қадар “Бунёдкор” нафақат профессионал футболчиларни Лига рўйхатидан ўтказа олмайди, балки академия футболчиларини ҳам MyLeague платформасига қўша олмайди.
Эндиликда, “Бунёдкор” дастлабки трансфер тақиқи қўйилгунига қадар рўйхатдан ўтказган футболчилари билан амалдаги шартнома ва келишувларини узайтириш орқали клуб қайдномасини шакллантириши мумкин. Шунингдек, академия тарбияланувчилари орасидан ҳам фақатгина тақиқ кучга киргунига қадар MyLeague платформасига киритилган футболчилари билан меҳнат шартномаси имзолаб, уларни рўйхатга қўшиши мумкин. Футбол академиясида шуғулланаётган бўлса-да, платформага киритилмаган ёш футболчилар, шунингдек, тақиқ кучга кирганидан кейин “Бунёдкор” академиясига қабул қилинган тарбияланувчилар тақиқлар олиб ташланмагунига қадар Лига мусобақаларида “Бунёдкор” шарафини ҳимоя қила олмайди.



