"Бошқа қитъага йўлланма берилиши — сафсата". Алишер Никимбаев ЖЧ-2026 да Эроннинг ўрнини ким эгаллашини тушунтирди

Aslanov Jasurbek
11 мар 2026, 18:13
Таниқли футбол мутахассиси ва функционери Алишер Никимбаев Эрон терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортган тақдирда, мусобақада уларнинг ўрнини қайси жамоа эгаллаши мумкинлиги борасидаги саволларга ойдинлик киритди.

Расмий тасдиқ йўқ, аммо асосий даъвогар — Ироқ

Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳозирча вазият фақат тахминларга асосланган:

"Гапни шундан бошлаш керакки, Эрон футбол федерацияси томонидан бундай қарор бўйича ҳеч қандай расмий тасдиқ йўқ. Спорт вазирининг айтган гаплари бунга тўлиқ асос бўла олмайди. Аммо, гипотетик жиҳатдан воқеалар айнан шундай кўриниш олишини тахмин қиладиган бўлсак, рўйхатнинг энг бошида саралашнинг қитъалараро финалига чиққан Ироқ туради".

Йўлланма барибир Осиёда қолади

Никимбаев бўш қолган ўрин бошқа қитъа вакилларига берилмаслигини қатъий таъкидлади:

"Агар қарор Ироқ фойдасига ҳал қилинса, плей-оффдаги ўтиш ўйинларига уларнинг ўрнига БАА терма жамоаси йўл олади (Амирликлар Осиё минтақасидаги ўтиш ўйинида Ироққа мағлуб бўлган эди). Бўш қолган ўринни бошқа конфедерациялар жамоаларига олиб бериш ҳақидаги барча гап-сўзлар — шунчаки сафсата. ЖЧ-2026 учун мўлжалланган ушбу йўлланма барибир Осиёда қолади", — деди Никимбаев.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia