Бобир Абдихолиқов: "Кумуш медалга эга чиқишимизда "Насаф" оиласидаги барчанинг ҳиссаси бор"

Aslanov Jasurbek
29 ноя 2020
Қаршининг "Насаф" жамоаси Суперлига 24-турида "Бунёдкор"ни мағлуб этди ва мавсум якунланишига бир тур қолганда кумуш меддалари масаласини ўзи учун ижобий ҳал қилди.

Ушбу учрашувдан сўнг жорий мавсумда кўплаб голлари билан жамоасининг ғалабаларига муносиб улуш қўшаётган Бобир Абдихолиқовнинг фикрлари билан қизиқдик.

"Кумуш медални қўлга киритишимизда  мураббийлар, футболчилар умуман "Насаф" оиласидаги барчанинг ҳиссаси бор. Жамоадаги футболчилар ёш бўлишига қарамасдан ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга чиқишди ва медалларга эга чиқиш учун 200 фоиз куч билан ҳаракат қилишди. Бунинг мевасини мана бугун кўриб турибмиз. Ҳар бир учрашувда гол уриш учун интиламан, чунки бу вазифамдир. Балки бу йил ўсишга эришдим дейишим мумкин. Лекин кўп вазиятлардан фойдалана олмаяпман. Бунинг учун ўз устимда ишлашдан тўхтамаслигим керак. Айрим паллаларда юз фоизлик имкониятлар бўлади. 

Жамоада ўйинни шакллантириш ва йўлга қўйишда мураббийимизнинг тажрибаси катта рол ўйнади. Аксарият футболчилар билан клуб академиясида бирга катта бўлганмиз. Ички муҳит, ўзаро муносабат, ўйин барчаси яхши бўлгани учун  ҳам оралиқдаги танаффуслардан сўнг қийинчиликлар бўлмади. Молиявий муаммолар бўлди. Аммо биз раҳбариятга ишонамиз. "Насаф" ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмаган эди. Биз футболчилар майдонда боримизни бериб ўйнашимизни келишиб олган эдик. Мухлисларимизга қўллаб-қувватлаб туришгани учун миннатдорчилик билдираман ",- дейди Бобир Абдихолиқов. 


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia