"Барселона" МЮни ютиш орқали нималарни исботлайди?
16 фев 2023 15:39
Янгиликлар
"Барселона" МЮни ютиш орқали нималарни исботлайди?
Каталония клуби Испания чемпионатида энг яқин таъқибчисидан 11 очко олдинга ўтиб кетди ва бу ҳафта МЮга қарши баҳсда ўзини Европа саҳнасида қайтадан кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Ўтган йилнинг апрель ойида "Барселона" майдонни бошини эгган ҳолда тарк этди, уларнинг атрофидаги трибуналар оқ рангдаги "Айнтрахт" Франкфурт футболкалари денгизига айланиб кетган эди. Тахминан 30 мингга яқин меҳмон жамоа мухлислари "Барса"нинг уй учрашуви учун чипта сотиб олишганди. Испаниянинг буюк футбол соборларидан бирининг атрофида немис меҳмонларнинг шовқин-суронлари эшитилди.
Бу ҳам иш берди, натижада мезбонлар сустлашди. "Айнтрахт" "Барселона"ни 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, Европа Лигасини ютиши мумкин бўлган фаворитлардан бирини чорак финал босқичидаёқ тўхтатди.
Ўша куни баъзилар Хавининг истеъфосини сўрашди. Мавсум бошида "Барселона" гуруҳ босқичида Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетганида, уларнинг Европадаги иккинчи даражали мусобақада зафар қучишлари кутилганди. Шунда бу кичикроқ муваффақиятсизликдек кўринарди ва шундай эди ҳам.
Хави ўз ўрнида қолди, лекин "Барса" яна Европа Лигасига қайтди, аввалгисига жуда ўхшаш ҳолатда. Улар яна бир бор Чемпионлар Лигаси гуруҳ баҳсларидан аянчли чиқариб юборилди, каталонияликлар ўтмишдаги хатоларини тўғрилаш учун ўзларини яна шу ерда топишди.
Бу сафар уларнинг рақиби ўтган мавсумдаги мусобақада тўқнашган барча рақибларидан кучлироқ. "Кўк-анорранглилар" Англиянинг формага кириб бораётган жамоаси, қайта тикланган "Манчестер Юнайтед"га қарши кураш олиб бориши керак бўлади.
Бу Франкфуртнинг "Айнтрахт"и эмас, лекин "Барса" ҳам аввалгисидан фарқ қилади. "Қизил иблислар"га қарши икки ўйиндан иборат тўқнашувда ғолиб бўлиш Хави жамоасини қанчалик олдинлаб кетганини намойиш қилади.
"Ҳар бир ўйин муҳим ва биз бир неча мавсумдан бери омадсизликка учраётган Европадаги ўйинлар бунданда муҳимроқ. Шубҳасиз, бу Европада рақобатлаша олишимизни кўриш учун яхши синов", – деди Хави Эрнандес ўйин олдидан матбуот анжуманида.
"Барселона" бу йил Европанинг энг яхши жамоаси бўлишга ишонч билан даъво қилиши мумкин. Улар қитъада энг кам гол ўтказиб юборишди, Ла Лигада 11 очко кўпроқ жамғаришган ва мамлакат Суперкубогида "Реал"ни мағлуб қилганлари учун аллақачон ҳисобларида битта соврин бор.
Жамоанинг нисбатан янги аъзоси Роберт Левандовски ўз одатига кўра сермаҳсул тўпурарлик намойиш қилмоқда. Рональд Араухо Европанинг энг ёш марказий ҳимоячиларидан бири сифатида ўз салоҳиятини кўз-кўз қила бошлади, Френки де Йонг ҳозир "Манчестер Юнайтед"да ўйнаб юрган футболчи бўлар эди (пайшанба куни унинг вазияти мутлақо бошқача бўларди), бироқ у "Барселона" либосида ҳаётини янгидан бошлай олди.
Юқоридаги ўйинчиларнинг барчаси ярим ҳимоядаги кучлар Гави ва Педри билан бирга ўзларининг ички чемпионатдаги ўйинларини нисбатан осон қозона олишди. Жаҳон чемпионатидан буён улар кейинги мавсум Европага чиқиш имкониятига эга бўлган барча бошқа испан жамоаларини мағлуб этишди, Хави клуб тарихидаги 47 ўйиндан сўнг қўлга киритилган очколар бўйича иккинчи энг яхши натижани қайд этди.
Бироқ Ла Лигадаги ҳар бир ғалаба учун еврокубокларда бундан ўн баравар оғриқли зарбалар қабул қилиб олинди. "Барса" учун бу йил Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи омадсиз келди. Улар VAR'нинг баъзи нотўғри қарорлари қурбонига айланган бўлишса-да, жамоа "C" гуруҳида кейинги босқич учун йўлланма берадиган иккинчи ўринда бу босқични якунлаган "Интер"дан уч очко ортда қолишди. "Камп Ноу"да "Бавария" томонидан 0:3 ҳисобида мағлуб қилиниши жамоанинг ушбу мусобақадаги юришини тўхтатди.
Шу туфайли бу учрашув жуда муҳим. "Барселона" бир неча ой олдин ўзини Европа саҳнасида шарманда қилган эди. Энди улар ўз обрўсини тиклаш ва ҳатто қитъада ҳурмат қозониш имкониятига эга.
"Барселона" бундан кучлироқ рақиб сўрай олмайди. "Қизил иблислар" Эрик тен Ҳаг қўл остида қайта туғилди, унинг жамоаси ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Ҳаммаси жонлантирилган Маркус Рэшфорд билан бошланди, у ўзининг энг яхши ҳолатини қайта кашф қилди ва охирги 15 та ўйинда 13 та тўп киритди.
Аммо тен Ҳаг жамоаси фақат Рэшфорддан иборат эмас. Каземиро ўзининг қитъадаги энг яхши таянч ярим ҳимоячиларидан бири эканини исботламоқда, ҳимояда эса Лисандро Мартинес ва Рафаэль Варан қўрқинчли марказий ҳимоя жуфтлигини шакллантиряпти.
Шу билан бирга инглиз жамоасида камчиликлар ҳам бор: уларда ҳужумчининг йўқлиги ва марказий ярим ҳимояда Каземиро билан бирга ўйнаш учун имкониятларнинг етарли эмаслиги кўриниб қолмоқда. Шундай бўлса-да, уларнинг "Барса" билан ўйинда қийинчиликка дуч келишларини тасаввур қилиш қийин.
Каталонияликлар учун бу ўйиндаги ғалаба кўп нарсани англатади. Неймар 2017 йилда "кўк-анорранглилар" сафини тарк этганидан буён "Барселона" еврокубокларда "Реал"дан ортда қолиб кетмоқда. "Ливерпуль" ва "Рома" чиқариб юборган пайтларда барчаси назорат остидадек туюлган эди, бироқ "Айнтрахт"дан учралган мағлубият "Барселона"нинг қитъа иерархиясида пасайишини кўрсатди.
"Барселона" 2015 йилдан бери Чемпионлар Лигаси финалида кўриниш бермайди. Улар 2019 йилдан буён ушбу мусобақанинг чорак финал босқичидан ўта олишмаяпти. Қатор натижалар клуб учун ярашмайдиган кўринишга келди.
"Реал" эса бу вақт мобайнида Европани айланиб чиқди. "Қироллик клуби" сўнгги 10 йилда 5 та ЕЧЛ бош совринини қўлга киритди. Улар амалдаги Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби саналади. Лиганинг айрим такрорланадиган шаклларига қарамай, улар бу мавсумдаги турнирнинг 1/16 финал босқичида курашаётган "Ливерпул"ни яна бир бор мағлуб этиш имкониятига йўқ дейишмайди. Шубҳасиз, "Барса" 2023 йилда Европа турнирларига қайтишини мусобақадаги энг қийин рақиб билан ўйинда нишонлайди.
Инглиз ва испан мухлислари ўз лигаларининг кучлироқ экани борасида узоқ вақтдан буён баҳслашишади. Англиялик мухлисларнинг таъқидлашларича, ҳатто "Брайтон" Ла Лигада тўртинчи ўринни эгаллаган бўларди. Испанияликларнинг ишонишича, "Реал" АПЛнинг барча жамоаларини аёвсиз ер тишлатади.
Шу боисдан "Барса"нинг ички муваффақиятлари Европанинг бошқа нуқталарида шубҳа билан қаршиланмоқда. Қандай қилиб, 18 ой олдин деярли инқироз ёқасига келган ва ўз келажагини гаровга қўядиган даражада ёмон бошқариладиган клуб Ла Лигада етакчилик қилиши мумкин? Тахминларга кўра, уларнинг устунлиги Хави жамоасининг кучлилигига эмас, лиганинг ўзига боғлиқ эмиш.
Таққослашнинг ягона ҳақиқий воситаси еврокубоклардир. Охирги натижалар эса Ла Лиганинг устунлигини таъминламоқда. Бу адолатсиз "барометр", бироқ у Европадаги энг яхшиси. Энди "Барса" яна баҳсга қайтди. Улар Ла Лигадаги энг яхши жамоа Англиянинг ёрқин ўйин кўрсатаётган жамоасидан яхшироқ эканини кўрсатиш имконига эга.
Бу ўйиндаги ғалабанинг аҳамияти Хави учун жуда улкан, бу Ла Лига учун ҳам катта аҳамиятга эга. Тарафкашлик қилмаган ҳолда айтиш мумкинки, бу фикрларни ўзгартирувчи ғалаба бўлиши мумкин. Шунингдек, бу "Барселона"нинг қитъа саҳнасига қайтишининг исботи бўлиши табиий.
"Барселона" Ла Лига учун курашга қайтганини исботлади. "Манчестер Юнайтед" устидан ғалаба қозониш уларнинг Европа энг яхшилари қаторига қайтиш учун баҳсга киришганини кўрсатади.
Мансурбек Неъматов таржимаси
Фикрлар