

"Ўйинда йирик ҳисобда ютган бўлсак ҳам, баҳс осон бўлмади. Жисмоний томонлама, яккакурашларда рақиб устунлиги сезилди. "Хоразм" охирги дақиқага қадар бизни босим остида ушлаб турди", - дейди Асрор Алиқулов.
- Биринчи таймда Муҳриддин Зоиров жуда яқин масофадан ноаниқ зарба берди. Ўша вазият бўйича мураббий сифатида фикрингиз қандай?
- Бир ҳафтада иккита машғулот фақат гол уриш бўйича бўлади. Яқин масофадан ура олмагани ўзининг хатоси деб ўйлайман, у ерда қаттиқ тепиш шарт эмасди, шунчаки дарвозабоннинг ёнига тепса бўлди эди.
- "Шўртан" бугун ютган бўлса ҳам, фақат "Хоразм" клуби футболкаларининг ортида фамилиялар ёзилган экан. Бунга қандай қарайсиз?
- Биз бу йил тўртинчи марта жамоа йиғдик. Агар фамилия ёзадиган бўлсак форма етмасди ва молиявий томонлама анча қимматга тушарди.
- Офсайддан урилган голга қандай таъриф берасиз? Ўша вазиятда офсайд бормиди?
- Бу вазиятда футболчимиз хато қилдими ёки ҳакамми буни фақат видеони кўриб чиққач аниқ гап айта оламан.
- Захира ҳаками билан кўп тортишдингиз. Нима деб ўйлайсиз бунинг фойдаси борми?
- Ўзи исталган ҳакам билан тортишишнинг фойдаси йўқ, ўзим ҳам футболчи бўлганман. Аммо ўйин давомида эҳтиросга бериламиз. Ўйиндан кейин доим қўл ташлаб, узр ҳам сўрайман.
- "Шўртан" йилни қайси поғонада якунлайди деб ўйлайсиз?
- Иккинчи босқичда йигитлар олдига кейинги йил учун тайёргарлик бошланганини айтдик. Ёш футболчилар бу йил ўзларини кўрсатишса кейинги мавсум ўйнашади, акс ҳолда қаерда ўйнашади?



