"Арсенал" Мартинелли билан янги узоқ муддатли шартнома имзолади

Sherzod Nurmatov
3 фев 2023, 15:59
Лондон клуби футболчиси Габриэл Мартинелли фаолиятининг кейинги қисмини ҳозирги жамоасида ўтказадиган бўлди.

21 ёшли футболчи Шимолий Лондонда тўртинчи мавсумни ўтказмоқда. Бразилиялик футболчи шу пайтга қадар "тўпчилар" либосида 111 та ўйинда иштирок этган.

Ўтган мавсум асосий таркибда 36 та ўйинда майдонга тушган ҳужумчининг яхши формаси жорий мавсумда ҳам давом этмоқда. У шу пайтгача Англия Премьер-лигасининг 19 та учрашувида бошланғич таркибда ва барча турнирларда 27 та ўйинда иштирок этди ва 7 та гол уришга муваффақ бўлди.

Мартинеллининг янги шартномаси борасида клуб спорт директори Эду шундай деди:

"Габи биз билан янги шартнома тузгани жуда яхши бўлди. Жамоамиз пойдевори ёш иқтидорлар асосида қурилишда давом этмоқда.

Габи ҳали 21 ёшда, у катта қобилият ва шахсиятга эга футболчи. Биз янги шартнома борасида келиша олганимиздан хурсандмиз".


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: arsenal.com