Арьен Роббен: «Бавария» учун энг йирик турнир – ЕЧЛ»
03 сен 2016 11:49
Янгиликлар
Арьен Роббен: «Бавария» учун энг йирик турнир – ЕЧЛ»
- Сизга Анчелотти билан ишлаш ёқадими?
- Ушбу мутахассисга ортиқча таъриф беришга ҳожат йўқ - Анчелоттининг тажрибаси унинг қандай шахс эканини яққол кўрсатиб турибди. Жаҳон даражасидаги мураббий. Ўйлашимча, у бошлаган ишимизни кўнгилдагидек давом эттиришга ёрдамлашади. Сўнгги йилларда ўта юксак савияда ўйин намойиш этяпмиз. Балки Анчелотти йирик совринни қўлга киритишимиз учун зарур бўлган, энг муҳим паллаларда бизга етишмаган қандайдир ўзгартиришларга қўл урар.
- Бундеслига - иккинчи даражали мусобақами?
- Йўқ, албатта, аммо биз учун энг йирик соврин - бу Европа Чемпионлар Лигаси кубоги.
- Сизга қарши ўйнаган энг кучли ҳимоячи ким?
- Доимо муайян бир кишини танлаш қийин. Барча кучли жамоаларда ажойиб ҳимоячилар ўйнашади. Бироқ уларнинг ҳаммасида ожиз нуқта борлигини ҳам унутмаслик даркор. Менинг вазифам - шундай нуқсонларни аниқлаб, шунга яраша чора қўллаш.
- Томас Мюллер ҳамиша жамоадошлари билан ҳазиллашадими?
- Ҳа, у қувноқ йигит. Жамоада шундай хушчақчақ футболчиларнинг бўлгани яхши, мунтазам табассум қилиш - фойдали.
- Европа футболининг бошқа грандлари сафида ҳам ўйнагансиз, аммо «Бавария»да кўпроқ ишлашингизга тўғри келди. Шундай эмасми?
- Бу ерда мени ҳамма нарса қониқтиради, ўйлашимча, биз жаҳоннинг энг буюк клубларидан биримиз. Ўз навбатида, Мадриднинг «Реал»и ҳамда Лодоннинг «Челси»си ҳақида ҳам шундай фикр билдиришим мумкин. Сайёрамизнинг ажойиб уч клуби сафида ўйнаганим - мен учун шараф. «Бавария»да эса ўзимни худди уйимдагидек ҳис қиламан.
- Сиз билан бир жамоада ўйнаган энг яхши футболчи ким?
- Кимнидир ажратиб кўрсатолмайман, бу адолатдан эмас.
- «Кўҳна қитъа»нинг учта энг йирик чемпионатларида қатнашиш бахтига муяссар бўлгансиз: бундеслига, премьер-лига ва ла-лига. Хўш, улардан қайси бири кучлироқ?
- Ҳар бирининг ўзига яраша жозибаси бор. Англияда ҳам, Испанияда ҳам ҳамма нарсадан роҳатланганман. Ла-лигада футболчилардан юксак техника талаб этилади, туманли ўлкада эса асосий эътибор жисмоний мукаммалликка қаратилади. Германияда бироз бошқача. Премьер-лигада бир хиллик кўзга ташланади, аммо ҳар бир учрашувда стадионлар мухлислар билан лиқ тўлади. Янги ўйин ҳамиша янги талабларни ўртага ташлайди.
- Деярли барча йирик совринларни қўлга киритганингизни инобатга олсак, энг муҳим ютуқ сифатида қайси бирини кўрсатган бўлардингиз?
- Албатта, Чемпионлар Лигаси. Ахир ўшанда биз «требл» қайд этдик. Бу ҳозирча фаолиятимнинг энг ёрқин палласи бўлиб турибди.
- Сизга футболда энг кўп ёққан нарса нима?
- Ҳамма нарса ёқади: шуғулланиш, ўйнаш - майдонда ўтказган ҳар бир сониядан роҳатланаман. «Альянц-Арена»да бўлиб ўтган ҳар бир ўйин - бу ҳақиқий байрам.
- Европа Чемпионлар Лигаси финалида «Боруссия» дарвозасини ишғол қилганингизда кўнглингиздан қандай хаёллар кечган?
- Қувончим ичимга сиғмаган, ахир бир йил аввалги финалда ютқазгандик. Янги мавсумда эса хатолардан тўғри хулоса ясаб, ниҳоят, ниятимизга етдик. Ўйлашимча, ҳар бир болакай ҳам ЕЧЛ финалида гол уришни хоҳлайди - айниқса, сўнгги дақиқаларда.
- Жуда тезкор футболчисиз. Бу борада «Бавария» футболчиларидан қайси бири сиздан ўзиши мумкин?
- Кингсли Коман, Дуглас Коста ва Франк Рибери бор. Уларнинг барчаси ажойиб тезликка эга.
- Кийиниш хонасидаги энг ақлли футболчи ким?
- Менимча, Филипп Лам. Шунинг учун ҳам у сардор ҳисобланади.
- Кийиниш бобида энг диди ёмон ўйинчи кимлигини аниқ айта оласизми?
- Бизда ҳамма чиройли кийинади, барчанинг ўзига яраша ажойиб диди бор.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Фикрлар