Акмал Шораҳмедов: "Сунъий майдонми ёки бошқами майдонга чиқиб ютиш керак"

Iskandarov Abdulaziz
16 ноя 2023
Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси Акмал Шораҳмедов Туркманистон ва Эрон билан учрашувлардан олдин фикрларини билдириб ўтди.

Акмал Шораҳмедов Ўзбекистон терма жамоасининг бугунги кундаги ҳолати ва рақибга ҳам тўхталди. 

- Ўзбекистон терма жамоасининг бўлажак ўйинларга яхши ҳолатда келиши легионерларнинг ўз жамоасидаги ўйинига боғлиқ, деб ўйлайман. Чунки легионерларимиз ўз клубида қанча кўп ўйнаса, терма жамоа ўз-ўзидан кучаяди. Ўзбекистоннинг бир ой олдин ким билан қандай ўйнагани аҳамиятсиз. Футболчи ҳар бир ўйинга қандай ҳолатда келиши муҳим фактор. Чунки уни терма жамоага келганда 2-3 кун ичида ўзгартириб бўлмайди. Масалан "Ланс"да ҳимоячимиз бор, Аббос Файзуллаев ЦСКАда ўйнамоқда. Айрим ўйинлардан олдин легионерларимиз 2-3 ой ўйин амалиётисиз қолиб кетса, ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. 

- Сунъий майдонми ёки бошқами фарқи йўқ. Бизнинг футболчиларимиз дам олиш пайтида ҳам бемалол сунъий майдонда ўйнаб юришади. Бу сабаб эмас. Биз ҳозир яхши ҳолатдамиз. Майдонга чиқиб ютиш керак, тамом. "Пахтакор" ҳам майдон сабабли дуранг ўйнамади. Кўрган бўлсангиз, бир киши кам бўлиб туриб ҳам сўнгги 20 дақиқаликда қандай зўр ҳаракат қилди. Профессионал футболчи исталган жойда ўйнай олиши керак. 

- Туркманистонга тўхталсам, сўнгги мусобақаларда ёшлар, ўсмирлар терма жамоалари яхши ўйнашни бошлади. У ердаги мураббийлар ҳам ишлашни бошлаган. Туркманистондаги майдонлар, меҳмонхоналарга аввал ҳеч ким эътибор бермаган. Бугун осон ўйин бўлмайди. 


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: championat.asia