UZ

Сўнгги янгиликлар

14:10"Челси" Мудрикнинг келажаги борасида бир қарорга келди  0 14:00Суперлига учун ўтиш ўйини: "Шўртан" - "Олимпик" (онлайн ҳисоб)  3 13:45Сергей Лушчан "Навбаҳор"да қолади  4 13:29Жаҳонгир Ортиқхўжаев: "Биз янги бош мураббийнинг ишига аралашмаймиз"  1 13:05Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Пахтакор"да қилинган фитнага изоҳ берди  6 12:40Жаҳонгир Ортиқхўжаев, "Пахтакор" янги бош мураббийи ва Максим Шацких иштирокидаги матбуот анжумани (тўлиқ)  14 12:35"Пахтакор" янги устози: "Футбол мухлисларини чиройли ўйин орқали трибуналарга қайтаришга ҳаракат қиламиз"  1 12:00"Кейинги йил Черанни "Пахтакор"да кўрмаяпмиз" - Жаҳонгир Ортиқхўжаев  9 11:42"Пахтакор" стадиони тақдири қандай бўлади? Жаҳонгир Ортиқхўжаев жавоб берди  1 11:35Жаҳонгир Ортиқхўжаев Йоахим Лёв билан учрашув ҳақида гапирди  3 11:21Olamsport: Бугун 5 нафар боксчимиз Осиё чемпионатида жанг қилади, Мадримов чемпионлик учун жанг қилади ва бошқа хабарлар  0 10:55Эрик тен Хагга Германия клуби қизиқиш билдирмоқда  2 10:44"Пахтакор"нинг португалиялик мураббийи 4 нафар ёрдамчиси билан келади  10 10:26XXI асрининг энг яхши футболчилари рейтинги тузилди. Учинчи ўринда ким?  25 09:51Клублар ўртасидаги ЖЧ қуръаси олдидан саватчалар маълум қилинди  5

Аброр Пирриев: "Чемпионатни яна тўхтатиб қўйиш муаммога ечим бўлмайди" Янгиликлар

Аброр Пирриев: "Чемпионатни яна тўхтатиб қўйиш муаммога ечим бўлмайди"

Вирус аллақачон орамизда. Бунга умуман шубҳа қолмади.

Коронавирус падемияси янада авж олиши сабаб давлатимиз иккинчи бор қатъий карантин белгилашга мажбур бўлди. Ўйлаймизки, ҳозирги ҳолатда ҳар бир фуқаро вазиятни тўлиқ ҳис қилиб турибди. 

Охирги пайтларда футболга алоқадор кўп гап-сўзлар янграй бошлади. Аксар клубларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари пайдо бўлгач, ваҳима янаям кўтарилди. Суперлига ўйинлари буёғига давом этадими ёки яна тўхтатиладими? Ҳозирда кўпчилик шу саволни беряпти ва ҳар бир ким ўзича жавоб излаяпти. 

Шу ўринда биз мавзу билан боғлиқ баъзи саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда "Локомотив" футбол клуби шифокори Аброр Пирриев билан боғландик. Ўйлаймизки, ҳозирги вазиятда шифокорлар томонидан айтиладиган гап муҳим ўрин тутади.    


- Аброр ака, охирги пайтларда коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар янада кучайди, ваҳима кундан кун ортяпти. Вирусга чалиниш футболга ҳам кириб келди ва ҳозирги кунда баъзи жамоаларда шу ҳолат кузатилмоқда. Бунинг натижасида эса бирламчи савол юзага келяпти: ҳозирги вазиятда Суперлигани яна тўхтатиб турган маъқулми ёки давом эттириш керакми? Шифокор сифатида сиз нима дея оласиз?

- Пандемия кучайган пайтда коронавирусга чалиниш ҳолати футболни ҳам четлаб ўтмади ва биздаги жамоаларда ҳам касалликка чалиниш ҳолати учради. Пандемия даврида ҳеч ким вирусга чалинмасликдан суғурталанган эмас ва бу гап футбол клубларига ҳам тегишли. Мана Европада ҳам бир қанча футболчилар коронавирусга чалинганини ўқидик. 

Шундай ҳолатлар бўлганки, оддий грипп мавсумида ҳам бизнинг жамоаларда кўпчилик касал бўлган ва ўйин куни уч-тўрт нафар футболчининг майдонга туша олмагани оддий ҳол сифатида қараб келинган. Энди савол туғилади: нима учун ҳозир ваҳима? Ваҳима шундаки, умумий пандемия пайтида одамлар фақат шу ҳақда гапиравериб, Оммавий ахборот воситалари тинмай шу ҳақда хабар беравериб бу нарса одамларга ваҳимали кўриниб қолди. Ҳозир вазият шундайки, ҳатто оддий шамоллаш, томоқ оғриғи ва бошқа касалликка учраб ҳам қўрқадиган бўлиб қолдик.

Лекин халқимизда бир чиройли мақол бор: қўрққанга қўш кўринар. Агар биз ваҳима қилишда давом этсак, бунинг охири яхши бўлмайди. Шу ўринда қиладиган ишимиз нималардан иборат? Биринчидан, ваҳимага берилмаслик. Иккинчидан, профилактикага қатъий риоя қилиш, яъни карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишни давом эттирган маъқул деб ўйлайман. 


- Демак, чемпионатни тўхтатмаган маъқул, шундайми? 

- Ҳа, менинг фикримча тўхтатмаслик керак. Нима учун? Биз бу касалликдан яшириниб қутула олмаймиз. Футбол ҳамма жойи ёпиқ иншоотда ўйналадиган ўйин эмас. Кенг ва очиқ майдонда ўйналадиган спорт тури. Қолаверса мухлислар киритилмаяпти ва майдонда фақат икки жамоа аъзолари билан учрашув расмийлари бўляпти. Стадионга борганда дезинфекция йўлаги қилиняпти, жамоа аъзолари ҳарорати ўлчанмоқда ва карантин қоидаларига амал қилиняпти. Майдонга чиққанда ҳам ҳеч ким бир-бири билан қучоқлашиб кўришмаяпти. 

Ҳозир футболчиларни эркин қўйсак, улар майдондан кўра майдон ташақарисида кўпроқ бегона кишилар билан мулоқотда бўлади. Яна бир жиҳати, ҳар бир жамоа ҳозирги кунда битта оилага айланиб бўлган. Шу боис ҳам жамоа деймиз. Яъни жамоа ичида ҳамма бир-бирини яхши билади ва бир-бирининг ҳолатини яхшироқ тушунади. Бу ерда гап профессионал футболчилар ҳақида боряпти. Шундан келиб чиқиб футбол ўйинларини хоҳ тўтатсак, хоҳ тўхтатмасак вирус тарқалиб бораверади. Айтганимдек, биз бу балодан бекиниб қутула олмаймиз. 

Бу ўринда яна бир масала бор. Биздан ОФКдагилар ҳам вазиятни ўрганиш учун баъзи саволлар билан мурожаат қилиб туришибди ва ОФК тўхтаб қолган жаҳон чемпионати саралаш баҳсларининг янги тақвимини эълон қилган. Унга кўра, октябрь ва ноябрда навбатдаги тур учрашувлари ўтказилади. Биз хоҳлаймизми-йўқми бу пайтга келиб халқаро ўйинлар бошланади, чунки баҳсларни якунига етказиб қўйиш лозим. Агар ҳеч бўлмаса Суперлигани ушлаб қола олмасак, эртага терма жамоа ким билан ўйнайди. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати яна тушиб кетади. 

Тўғри, соғлик биринчи ўринда, гап бўлиши мумкин эмас, лекин ҳаммани изоляцияга олиш билан вирус тарқалиши батамом тўхтаганида эди, мен бунга дарров кўнган бўлардим. Аммо бутун умр вирусдан беркиниб юришнинг ва изоляция қилишнинг иложи йўқ. Шундай экан, профиликтика чораларини янада кучайтириб, фақат касал бўлганларнигина изоляция қилиш орқали чемпионатни давом эттирса бўлади. 


- Суперлига давом этади ҳам дейлик, лекин мураббийлардан бири менинг жамоамда учта (тўртта, бешта) касал бор. Биз ўйнай олмаймиз дейиши мумкин. Бундай ҳолатда нима қилган маъқул? 

- Ҳа, шундай дейишлари мумкин, лекин бу ўринда ҳам вазиятдан чиқса бўлади. Айтайлик, асосий жамоада лицензиядан ўтган футболчиларнинг учдан бир қисми (масалан, камида 7-8 нафар футболчи)да касаллик аниқланса, клуб ПФЛга ёзма мурожаат қилиб ўз ўйинини қолдириши мумкин. Фақат шуни алоҳида белгилаб қўйиш керак бўлади. Бошқа шароитда  ўйинлар давом этаверади. 


- Сизнингча, чемпионатни қай тартибда давом эттирган маъқул? Ҳозиргача бўлиб келган уй-меҳмон тарзидами ёки марказлашган тартибдами?

- Албатта, имконият бўлса, уй-меҳмон тарзида давом эттириш яхши бўларди. Лекин бугунги кунда чемпионатни марказлашган ҳолда ўтказишга вазиятнинг ўзи тақозо қилмоқда. Фақат бу ўринда ПФЛ клублар раъйига қарамасдан кескин чораларни қабул қилиши керак. Негаки уй-меҳмон тарзида ўтказиш учун аввало сафарга боришда транспорт хизмати керак бўлади, боргандан кейин меҳмонхона, овқатланиш дегандек. Меҳмонхоналар қабул қиладими-йўқми, бу ҳам бир муаммо. Шундан келиб чиқиб ҳозирги шароитда марказлашган тартибда ўтказган маъқул. Қачонки вазият ўнгланиб ҳаммаси жой-жойига тушса жамоалар яна уй-меҳмон тарзида ўйнайверади.


- Фараз қиламиз, яна ўйинлар тўхтатилди, бу нимадир фойда берадими?

- Бу борада шуни айтишим мумкин, ҳозир ёзнинг айни чилласида фойда бермаган тадбирлар агар биронта вакцина чиқиб қолмаса кузга бориб ёрдам беришига ишонмайман. Нима учун? Чунки вирусологиянинг қонуни бор: ихтиёрий дори ёки ҳар қандай кучли дезинфекцион восита ўлдира олмаган вирус ёки микробни тик қуёш нури ўлдиради. Бу вирусологиянинг олтин қоидаси. Ҳозир табиат биз томонда, ҳаво жуда иссиқ, қуёш ҳам нурларини тик сочяпти. Шундай пайтда аҳвол яхшиланмаса, эртага салқин кузга бориб анча яхшиланади деб ким айта олади? Бунга ишониш қийин. Шу боис ўйинларни ҳозирча қолдириб турсак, сентябрга бориб вазият яхшиланишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Агар биз яна тўхтатиб қўйсак, шу билан футбол йил охиригача тўлиқ бекор бўлиб кетиш эҳтимоли катта. 


- Демак, ҳозирги шароитда барибир ўйнаб турган маъқул? 

- Шундай. Чунки барибир эртага нима бўлиши билинади. Агар биз ҳамма жойда футболни тўхтатиб, шу билан футболчилардан ва бошқалардан хавфни олиб ташлаймиз деган гап юз фоиз тўғри бўлганида эди, унда қолдирса бўларди. Лекин ҳозирги шароитда фақат уй ва машғулот тартибига амал қилаётган футболчи учун ўйлайманки, мунтазам шуғулланиш ҳар бир футболчига жисмоний ва руҳий томондан фақат кўмак беради. 

Риск ҳар доим бор, буни йўқотиш мушкул. Чунки ҳаммамиз барибир одамлар орасига кирамиз, бозор, дўконларга чиқамиз. Лекин карантин қоидаларига тўлиқ амал қилибгина рискни камайтириш мумкин. 

Шу ўринда яна бир нарсани айтиб кетай: уйдан тўғри машғулотга келиб очиқ майдонда шуғулланадиган футболчининг ҳолати фақат уйда ўтириб зарур пайтда дўконга ёки кўчага чиқадиган футболчи ҳолатидан яхшироқ бўлади. Бу ўринда яна бир асосий омил шуки, ҳар бир инсон ўзини тўлиқ англаган ҳолда карантин қоидаларига мунтазам амал қилиб юриши шарт. 

Вирус қачон кўпаяди, қачонки тегишли қоидаларга амал қилмасак. Бу ўринда футбол учрашувлари давом этаётганининг аҳамияти йўқ. Ҳозирда кўпчилик клубларнинг ўз базаси бор ва футболчилар шу базада истиқомат қиляпти. Чемпионат давом этсаям, этмаса ҳам ҳамма ўз базасида яшайверади. Шундан келиб чиқиб жамоа аъзоларини имкон қадар ўз оиласи билан учраштирмасдан футболни давом эттирган маъқул. Қайтанга биз шифокорлар чемпионат тўхтаб ҳаммани уй-уйига қўйиб юборсак, назоратни издан чиқарамиз. Чунки футболчи уйига кетганидан кейин кимлар билан кўришгани, қаерга борганини билмай қоламиз. Шу боис жамоанинг барча аъзоларини бир жойга "қамаб" Суперлигани давом эттиравериш керак деб ўйлайман.

Х.Холиқов суҳбатлашди. 

Рейтинг: +24   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика